ЎзА Ўзбек

08.08.2018 20:29 Чоп этиш версияси

Кореялик педагогларнинг маҳорат сабоқлари

Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида кореялик ўқитувчилар томонидан семинар-тренинг ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Корея Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳузуридаги Таълим маркази ҳамкорликда ташкил этган семинарда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги мактаблардан 70 нафар фан ўқитувчиси иштирок этди.

Мамлакатимизда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, ривожланган мамлакатларнинг илғор технологияларини жорий қилиш, миллий қадриятларимизни сингдирган ҳолда таълимни ташкил этиш, бу жараённи пухта ва самарали амалга ошириш ишлари бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Соҳани янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган семинар-тренингда 16 нафар кореялик педагог ижтимоий фанлар, филология, инглиз тили, математика ва ахборот-коммуникация технологиялари бўйича маҳорат сабоқлари ўтказди. Ўқитиш методикаси ва дарсларда ўқувчилар билан ишлаш юзасидан тавсиялар берилди. Тажриба алмашилди.

Инновацион педагогик технологиялар асосида олиб борилган машғулотлар фан ўқитувчилари учун муҳим аҳамият касб этди.

Барно Мелиқулова, ЎзА
5 516