ЎзА Ўзбек

06.10.2019 Чоп этиш версияси

Корея Республикасида “Ўзбекистон дурдоналари“ кўргазмаси намойиш этилди

Корея Республикасида “Ўзбекистон дурдоналари“ кўргазмаси намойиш этилди

Айни кунларда Корея Республикасининг Андонг шаҳрида “Маскалар рақси” халқаро фестивали бўлиб ўтмоқда. Жорий йилнинг 27 сентябридан ўз ишини бошлаган ушбу нуфузли халқаро тадбирда ўзбекистонлик санъат соҳаси вакиллари ҳам қатнашмоқда.

Аҳамиятли жиҳати, мазкур фестиваль доирасида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Ўзбекистон давлат санъат музей ва Амалий саньати ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейининг “Ўзбекистон дурдоналари“ номли катта кўргазмаси ташкил этилди.

Кўргазмада 20 дан ортиқ юртимиз табиатини тараннум этувчи рангтасвир асарлар, 50 дан ортиқ миллий маданият, урф-одатлар ва маданий меросимизни тарғиб этувчи фотосуратлар, шунингдек, миллий қадриятларимиз ҳисобланган амалий санъатимизнинг турли йўналишларидан 1000 дан ортиқ намунаси иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.

photo5244747241783143534.jpg

Яна бир аҳамиятли жиҳати, ўтган ўн кун давомида ушбу кўргазмага ўн мингдан ортиқ томошабин келиб, юртимиз маданияти ва санъатидан баҳраманд бўлди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан маданият соҳаси, айниқса, музейлар фаолиятини янада такомиллаштиришга катта эьтибор қаратилмоқда. Шундан келиб чиқиб, юртимиздаги музейлар чет эл музейлари билан ҳамкорлик қилиш ва ўзаро самарали шартномаларни имзолашга тобора катта аҳамият бермоқда. Бундай алоқалар эса яқин келажакда юртимиз равнақи учун ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшади.

Мазкур кўргазма доирасида Ўзбекистон давлат санъат музейи, Ўзбекистон амалий санъати ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейи ва Андонг маскалар музейи ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик меморандумининг имзоланиши ана шундай эзгу мақсадлар билан муштаракдир.

Василахон Файзиева,
Ўзбекистон давлат санъат музейи директори
Корея Республикаси-Андонг

4 675
ЎзА