ЎзА Ўзбек

13.07.2018 20:26 Чоп этиш версияси

Корея республикасида ишлаш учун...

Корея республикасида ишлаш учун... Эндиликда Кореяда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун бўлиб ўтадиган тест синовлари фақатгина фуқароларнинг корейс тилини билиш даражасини белгилаш билан чекланмасдан, иш малакаси, жисмоний ҳолатини ҳам аниқлашни кўзда тутади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Тадбирда Корея Республикасида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун топшириладиган тест синовлари бўйича саволлар юзасидан маълумот берилди.

– Хорижий давлатларнинг ваколатли ташкилотлари билан тузилган битим ва шартномаларга асосан 2018 йилнинг 6 ойи давомида Кореяга 1243, Россияга 513, Туркияга 241 ва Польшага 5 нафар фуқаро ишга юборилди, – дейди Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғи Равшан Ибрагимов. – Кореяда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун корейс тилидан навбатдаги тест синовларида қатнашиш истагини билдирган, 2018 йилнинг 9-15 май кунлари онлайн рўйхатдан ўтган, банк тўловини амалга оширган ҳамда Корея Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан тасдиқланган фуқароларга 20 июль – 28 август кунлари навбатдаги тест синовлари ўтказилиши белгиланган.

Матбуот анжуманида айтилганидек, тест жараёни ўқиш (20 та савол) ва эшитиш (20 та савол) қисмларидан иборат. Ҳар бир қисмнинг давомийлиги 25 дақиқадан жами 50 дақиқани ташкил этади. Батафсил маълумотлар билан агентликнинг www.migration.uz веб сайти орқали танишиш мумкин.

Инобат Аҳатова ЎзА
6 840