Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.12.2017 14:39 Чоп этиш версияси

Конституция ва маънавият муштараклиги

Термиз давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллигига бағишлаб “Конституция – тараққиётимиз асоси” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Республика тарғибот гуруҳи аъзоси, Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими А.Қурбонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир А.Каримов ва бошқалар Конституциямизнинг яратилиш тарихи, мазмун-моҳияти, тинч ва тўкин турмушимизни таъминлашдаги аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Асосий қонунимизда белгилаб берилган қоида ва тамойилларга мувофиқ миллий қонунчилик тизими яратилди. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари шакллантирилиб, барча соҳаларда туб ўзгариш ва янгиланишлар юз бермоқда. Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, ҳарбий салоҳияти юксалиб бораётир.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳам Бош қомусимиз тамойилларига асослангани билан кўп миллатли халқимизда Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, бугунидан шукроналик ва эртанги кунга ишонч туйғуларини мустаҳкамламоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши ижроси доирасида Сурхондарё вилоятида ташкил этилаётган маънавий-маърифий, ҳуқуқий тадбирларда бу жиҳатлар янада кенг намоён бўлмоқда.

– Мустақиллик йилларида мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар халқчиллигини таъминлашда Конституциямизнинг алоҳида ўрни бор, – дейди Республика тарғибот гуруҳи аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турғун Бекназаров. – Вилоятнинг чекка туманларида ташкил этилаётган тадбирларда ҳам иштирокчилар Бош қомусимизнинг барча эзгу ишларимизга ҳуқуқий замин бўлиб хизмат қилаётганини фахр билан таъкидламоқда. Бу мамлакатимизда бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган ҳуқуқий демократик давлат барпо этилаётгани, одамларнинг ҳуқуқий билими ва маданияти юксалиб бораётганига яққол далилдир.

Вилоятда “Ҳуқуқий саводхонлик” ойлиги доирасида ўтказилаётган “Конституция – бахтимиз пойдевори”, “Адолат – қонун устуворлигида”, “Конституция ва маънавият муштараклиги”, “Конституция – фахримиз, ғуруримиз”, “Конституция ва миллий қадриятларимиз” каби мавзулардаги тадбирлар ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотаётир.

Ушбу санага бағишлаб олий таълим муассасалари талабалари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Энг яхши тайёрланган таҳлилий мақола”, “Энг яхши тайёрланган ёзма иш”, “Энг яхши тайёрланган иншо” танловлари ҳам ёшларнинг миллий қонунчилигимиз, Конституциямиз ҳақидаги билимини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.

Тадбирда мазкур танловлар ғолиблари эълон қилинди. “Энг яхши тайёрланган таҳлилий мақола” танловида Термиз давлат университети талабаси Инобат Каримова, “Энг яхши тайёрланган ёзма иш” танловида Бойсун қишлоқ хўжалиги ва транспорт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Исмигул Холдорова, “Энг яхши тайёрланган иншо” танловида Сариосиё туманидаги 68-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Таманно Бобоқулова биринчи ўринни қўлга киритди.

Вилоятда Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тадбирлар давом этмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
1 230






Все о погоде - Pogoda.uz