Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.12.2017 14:49 Чоп этиш версияси

Конституция – фаровон келажагимиз гаровидир

Парламент қуйи палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти тингловчилари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Конституциямизда муҳрлаб қўйилган тамойил ва қоидалар негизида юртимизда миллий қонунчилик тизими барпо этилди. Бош қомусимиз мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳияти юксалишига, ҳаётимизнинг барча соҳаларида амалга оширилган самарали ислоҳотларга асос бўлди. Фуқароларимизнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, сиёсий фаоллигини оширишда ҳам унинг аҳамияти беқиёс.

Тадбирда Конституциямизнинг мамлакат тараққиётидаги ўрни ва аҳамияти тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Бош қомусимиз меъёрларини амалиётга татбиқ этиш борасидаги самарали ишлар ҳақида тўхталиб ўтилди. Конституциямизга киритилган сўнгги ўзгартириш ва қўшимчалар моҳияти тушунтирилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар ва уларнинг ижросига алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқотда Ёшлар масалалари бўйича комиссиянинг ташкил этилганлиги жамиятимизда ёшларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий онгини юксалтириш, иқтидорини ривожлантириш ҳамда мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар кўламини янада кенгайтириш, ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.

Комиссиянинг мамлакатимизда ёшларга яратилаётган имконият ва шароитлардан фойдаланиш даражасини ўрганиш, жойларда ёшлар масалалари бўйича олиб борилаётган ишларни доимий таҳлил қилиб тегишли тавсиялар ишлаб чиқишга оид истиқболдаги вазифалари муҳокама этилди.

Тингловчиларнинг Қонунчилик палатаси фаолияти, унда ёшлар масалаларига қаратилаётган эътибор, янги қонун лойиҳаларининг мақсад ва вазифалари ҳақидаги саволларига комиссия аъзолари жавоб берди.

Нурилло Насриев, ЎзА
6 947