ЎзА Ўзбек

15.09.2020 Чоп этиш версияси

Конференция иштирокчилари юртимизга бир олам таассуротлар билан қайтишди

Конференция иштирокчилари юртимизга бир олам таассуротлар билан қайтишди

Хабар қилганимиздек, Душанбе шаҳрида “Ўзбекистон ва Тожикистон етакчиларининг дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси, ўзбек-тожик стратегик шериклигининг янги саҳифаси очилиши” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини якунлади. 

Кеча анжуманнинг асосий воқеалари бўлиб ўтган эди. Бугун дастурдаги маданий тадбир доирасида конференция иштирокчиларилари учун мамлакатнинг айрим диққатга сазовор жойлари бўйлаб саёҳат уюштирилди.

Дастлаб меҳмонлар Миллий фанлар академияси Этнография музейига ташриф буюришди. Ҳозирги Тожикистон Республикаси ҳудудининг қарийб 3000 йиллик тарихидан сўзловчи экспонатлар – тош, кулолчилик буюмлари, қимматбаҳо металл қолдиқлари, ҳунармандлик маҳсулотлари, қадимий давлатчилик анъаналарини акс эттирган жисмлар, кўҳна қалъалар ҳақида тасаввур берувчи бебаҳо археологик ёдгорлик намуналари барчада катта қизиқиш уйғотди.

photo_2020-09-15_21-50-09.jpg

photo_2020-09-15_21-50-18.jpg

Айниқса, кўҳна кент – Саразм шаҳрининг неча минг йиллик ўтмишига оид турфа нодир ёдгорликлар, дунёдаги буддизмга дахлдор энг улкан ҳайкал сифатида тан олинган 12 метрлик будда тимсоли - Шаҳзоданинг медитация, яъни руҳий камолотга эришиш мақсадида ётган ҳолати акс этган топилма ва бошқа кўплаб ашёлар асосан, олимлар, экспертлар, илм-фан намояндалари, бир сўз билан айтганда зиёлилардан иборат конференция иштирокчиларида беқиёс таассурот қолдирди.

Мамлакатимиз делегацияси раҳбари - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори, академик Акмал Саидов музейнинг таклиф, мулоҳазалар китобига ўзбекистонлик меҳмонлар томонидан миннатдорлик туйғуси билан йўғрилган фикрларини ёзиб қолдирди.

Маданий дастурдаги кейинги манзил Душанбеда 2018 йили очилган Мир Алишер Навоий номидаги хиёбон бўлди. Бу бежиз эмас албатта. Зеро, ушбу халқаро анжуманнинг мақсади икки давлат раҳбарларининг ўзбеклар билан тожиклар ўртасидаги маълум муддат турғунликка дуч келган азалий дўстона муносабатларини қайта тиклашга қўшган ҳиссасини эътироф этиш. Мазкур хиёбоннинг барпо этилиши ҳам айни саъй-ҳаракатларнинг муҳим таркибий қисми, десак, асло муболаға бўлмайди.

photo_2020-09-15_21-50-04.jpg

Хиёбон тўрида икки халқ мумтоз адабиётида бири ҳазрат, бири султон, дея тан олинадиган Низомиддин Мир Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийнинг жаҳон тарихида қиёси йўқ дўстлиги, шарқона урф-одатларга хос устоз-шогирдлик муносабатлари инъикоси сифатида қад кўтарган ҳайкали бугунги кун ёшларига азалий биродарлигимиз моҳиятидан, саодатга элтувчи эзгулик фазилатларининг устуворлигидан сабоқ бераётгандек, гўё. Эҳтимол, шунинг учун ҳам Тожикистон пойтахтидаги энг сўлим масканлардан бири бўлмиш мазкур хиёбон ҳамиша душанбеликлар ва пойтахт меҳмонлари билан гавжумдир.

Хиёбонни тарк этиш олдидан биз, бобомиз руҳига нисбатан шундайин ҳурмат, эътибордан қалблари ғурурга тўлган Ўзбекистон делегацияси аъзолари Жомий ва Навоий тимсоли пойига гул қўйиб, эсдалик учун суратга тушдик.

Шундан сўнг мезбонлар конференция қатнашчиларини қадимий Ҳисор қалъасига бошлаб боришди. Мутахассислар, гарчи, ҳудуди унча катта бўлмаса-да, Тожикистонда 3000 дан зиёд археологик ёдгорлик мавжудлигини эътироф этишади. Мамлакатдаги тарихий объектлар орасида 2015 йил 2000 йиллиги нишонланган Ҳисор қалъаси алоҳида ажралиб туради. 

photo_2020-09-15_21-16-06.jpg

photo_2020-09-15_21-16-07.jpg

Умумий мадони 29 гектардан иборат мазкур қадимий шаҳар қолдиқлари, табиийки, ҳали тўлиқ ўрганилмаган. Тарихий маълумотларда келтирилишича, Ҳисор ери жуда серҳосил бўлганлиги сабабли ўтмишда мудом ёв ҳужумидан азият чеккан. 

Бу ҳудуд турли даврларда 10 дан зиёд давлат ихтиёрида бўлгани аниқланган. Машҳур тарихчи Марко Поло эсдаликларида ҳам Ҳисор номи кўп учрайди. Шимолдан Сўғд вилояти билан чегарадош, шимоли-ғарбида ўзимизнинг Боботоғ ястаниб ётади. Меҳмонлар Ҳисор қалъаси бўйлаб саёҳат давомида тарихчи олимлар ҳикоялари асосида ўтмиш ҳақидаги билимларини янада мустаҳкамлаб олишди.

Шу тариқа халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этган мамлакатимиз делегацияси қардош Тожикистондан бир олам, илиқ тассуротлар билан юртимизга қайтиб келди.

4 460
ЎзА