Конференция иштирокчилари Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари билан танишди
“Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференциядан сўнг иштирокчилар Самарқанд шаҳрининг тарихий ва замонавий масканлари билан танишди.
“Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференциядан сўнг иштирокчилар Самарқанд шаҳрининг тарихий ва замонавий масканлари билан танишди.
Хорижлик меҳмонлар дастлаб Имом Мотуридий мақбарасини зиёрат қилди. Ушбу зиёрат бутун умрини, илмий фаолиятини улуғ аллома Имом Абу Мансур Мотуридий таълимоти ва асарларини ўрганишга бағишлаган олимларда катта таассурот қолдирди. Чет эллик уламолар Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ташкил этилган нуфузли конференция уларга “Ҳидоятга бошловчи имом” туғилиб ўсган заминни ўз кўзлари билан кўриш, қабрини зиёрат қилиш имконини берганини эътироф этишди.
– Улуғ аллома Имом Абу Мансур Мотуридийнинг киндик қони тўкилган заминни кўриш, унинг қабрини тавоф қилишни кўпдан буён орзу қилардим, – дейди Малайзия Исломни англаш институти шариат, ҳуқуқ ва сиёсат маркази директори Муҳаммад Фарид бин Шаҳран. – Конференциянинг аҳамияти, анжуман давомида қилинган маърузалар, шўъба йиғилишлари, мунозараларнинг нечоғли фойдали бўлгани ҳақида кўп гапирилди. Шахсан мен учун Ўзбекистонда ташкил этилган конференция ҳаётимдаги энг ёрқин воқеа бўлиб қолади. Миннатдорлигимнинг чеки йўқ.
Бундай фикрларни хорижлик меҳмонларнинг барчасидан эшитдик.
Имом Мотуридий мажмуасидан бир олам таассурот, мислсиз руҳий қувват олиб чиққан меҳмонлар қадимий Самарқанднинг бошқа тарихий масканларини ҳам кўздан кечирди.