ЎзА Ўзбек

27.02.2020 Чоп этиш версияси

Компьютер ўйинларини ўйнаб, таълим олиш мумкин

Компьютер ўйинларини ўйнаб, таълим олиш мумкин

Финляндиянинг аксарият йигитлари инглиз тилини қизларга қараганда яхшироқ билади. Чунки улар асосан маҳаллийлаштирилмаган ва инглиз тилида чиқадиган компьютер ўйинларини ўйнайди.

Бу – ўйин орқали таълим олишнинг анъанавий таълимдан афзаллигини яққол кўрсатади. Олдиндан маълумки, одамлар ўзига қизиқ бўлган янги маълумотни яхшироқ ўзлаштиради.

Тошкентдаги Инҳа университетида бўлиб ўтган профессор Питер Вестербаканинг IT-мутахассислари ва тадбиркорлар учун ўтказган тренинги айнан шу мавзуга бағишланди.

photo5386411476706766070.jpg

Питер Вестербака бутун мобиль ўйинлар саноатининг ривожланишига катта таъсир кўрсатган машҳур “Angry Birds” мобиль ўйинининг ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланади. Ушбу ўйинни чиқарган “Rovio” компаниясига ўтгунга қадар Питер Вестербака анча вақт ахборот технологиялари соҳасида ишлаган ва бир қатор йирик IT-лойиҳаларни яратган. 2011 йилда финляндиялик IT-мутахассис “TIME” журналининг рейтингида дунёнинг энг обрўли одамларнинг юзталигига, 2015 йилда эса ўнталигига кирди. 2018 йилда у Шанхайдаги Тунцзи университетининг инновациялар ва тадбиркорлик бўйича профессори бўлди.

Питер Вестербака ўз нутқини Кремний водийсининг пайдо бўлиши ва мобиль технологияларнинг ривожланиши тарихига назар ташлашдан бошлади. Финляндиялик тадбиркорнинг фикрича, инновацияларни нафақат яратиш, балки уларни тарғиб қилиш керак. Мобиль телефонлар учун рингтонларни сотиш бизнеси энди пайдо бўлаётган пайтда ҳеч ким қўнғироқ учун мусиқа сотиш фойда олиб келишига ишонмаган. Питер Вестербака биринчилардан бўлиб ушбу технологияга ишониб, уни уяли алоқа операторларига таклиф эта бошлаган. Мазкур технологияни жорий этган компаниялар атиги бир неча ҳафта ичида ўзларининг киритган маблағини қоплаб, ушбу хизмат йўқ бўлгунча мунтазам фойда олган.

photo5386411476706766069.jpg

Финляндиялик профессор ўзбек стартапчиларини ўз орзуси сари интилиш ва омадсизликларга қарамасдан ўзи севган иш билан шуғулланишни давом эттиришга чорлади. Унинг таъкидлашича, “Angry Birds”га қадар “Rovio” компанияси кўплаб ўйинлар яратган, аммо улардан фақат биттаси ҳақиқатдан ҳам катта шуҳрат қозонган. Ўз ишига муҳаббатгина инсонни ижобий натижалар йўқлигига қарамасдан шу иш билан шуғулланишга даъват этади.

Питер Вастербака Финляндияда таълим тизими бошқа давлатлардаги таълим тизимидан нима билан фарқ қилишини тушунтириб берди. Шунингдек, у ўзининг сўнгги лойиҳалари ва компьютер ўйинлари орқали таълим олиш концепциясини намойиш этди.

Питер Вастербака ўз нутқи сўнггида тренинг иштирокчиларининг саволларига жавоб берди.

6 849
Роман БОНДАРЧУК, Отабек МИРСОАТОВ (сурат), ЎзА