ЎзА Ўзбек

28.07.2018 15:45 Чоп этиш версияси

“Командир, ер думалоқ, ҳали кўришамиз...” ёхуд ҳужжатсиз ҳайдовчиларнинг ЙҲХБ ходимларига ноўрин иддаоси

“Командир, ер думалоқ, ҳали кўришамиз...” ёхуд ҳужжатсиз ҳайдовчиларнинг ЙҲХБ ходимларига ноўрин иддаоси
Аввал хабар берганимиздек, Тошкент вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан ўтказилаётган рейд тадбирлари давом этмокда. 
Вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати 27 июль куни Янгийўл тумани ва Янгийўл шаҳрида ўтказилган тадбирлар тафсилоти ҳақида хабар берди.
“Рейд давомида тўхтатилган ҳайдовчиларнинг муомаласи кишини ажаблантиради”, дейилган хабарда.

Қоида бузган ёки тегишли ҳужжатларида камчилик аниқланган ҳайдовчиларнинг “Командир, ер думалоқ, ҳали кўришамиз”, “Командир, бизда ҳам қолиб кетмас” ёки мобиль телефонидан “акахонларига” телефон қилиб, “Мана, телефонни олинг, ҳеч бўлмаса, телефонга жавоб беринг...” қабилидаги иддаоли, дўқ-пўписа оҳангидаги гапларини ЙҲХБ ходимлари тез-тез эшитмоқда.

Матбуот хизмати хабарида таъкидланганидек, албатта, бу каби ғоят мантиқсиз ва куракда турмайдиган гаплар ҳар биримизнинг энсамизни қотиради. Ўз ўрнида савол ҳам туғилади. Автомобилни бошқариш олдидан зарур ҳужжатлар бор-йўқлигини бир қур кўздан кечириш шунчалик қийинми? Ёки ҳайдовчиларимиз шу қадар ҳафсаласиз, очиқроқ айтганда, ҳаётий маданиятдан йироқлашиб бораяптими?

Қизғин жараёндаги рейд тадбирлари давомида транспорт воситасини тегишли ҳужжатларсиз, ойналарининг рангини ўзгартирган, асосан қорайтирган ҳолда, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган, яъни газда ишлаш учун қайта жиҳозланган транспорт воситаларини ҳужжатсиз бошқарган 189 нафар ҳайдовчи аниқланиб, уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Улар бошқарувидаги транспорт воситалари вақтинчалик жарима майдончасига қўйилди.

Рейд тадбирлари бугун, 28 июль куни Чирчиқ шаҳрида давом этмоқда.



ЎзА
11 310