ЎзА Ўзбек

14.05.2018 11:50:08 Чоп этиш версияси

Коллеж спорт зали таэквондо клубига берилди

Жиззах вилоятидаги Фориш қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежининг спорт залидан “Бекпўлат” таэквондо спорт клубига доимий фойдаланиш учун жой ажратилди.

Ўн йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган “Бекпўлат” таэквондо клуби нафақат туман ёки вилоят, балки мамлакатимизда ҳам таниқли спорт жамоаларидан ҳисобланади. Бу ерда шуғуллаётган ёшлар спортнинг таэквондо (WTF) тури бўйича мамлакат ва халқаро мусобақаларда салмоқли натижаларга эришиб келаётир. Айни пайтда клубда туман қишлоқларидан 80 дан зиёд ёшлар ушбу спорт тури бўйича шуғулланмоқда.

Бироқ клуб муқим жойга эга эмаслиги муаммо бўлиб келаётган эди. Фориш тумани ҳокими томонидан коллеж спорт залининг пастки қавати доимий фойдаланиш учун клуб ихтиёрига берилиши ёш таэквондочиларга катта имконият яратди. Бу ерда 20 миллион сўмдан зиёд маблағ эвазига таъмирлаш ишлари бажарилди, зарур спорт анжомлари билан таъминланди.

– Энди клубимиз фаолиятини кенгайтириш, машғулотлар самарадорлигини янада ошириш учун барча шароит бор, – дейди “Бекпўлат” таэквондо спорт клуби раҳбари Қанат Аймбетов. – Ёшларимиз бу имкониятдан самарали фойдаланиб, халқаро ареналарда Ватанимиз шарафини янада улуғлашига ишонамиз.