Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.04.2018 16:07 Чоп этиш версияси

Когонлик икки ёш нега эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди?

Восид Шарипов ва Шерали Искандаров Бухоро вилояти Когон шаҳрининг турли кўча ҳамда маҳаллаларида яшайди. Улар тенгқур эмас: бири 35, иккинчиси эса 25 ёшда. Лекин икковининг ҳам ўхшаш жиҳати бор.

Восид ва Шерали муқаддам ўғирликка қўл урганлари сабаб Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси билан айбланиб, судланган. Ўхшатмаса учратмас, деганларидек, иккови ҳам тавбасига таянмаганлардан бўлиб чиқди.

Нафс балоси танада яширинган шайтон кабидир. У иймони суст бандани банди этиб, ўз куйига солади. Ҳалол меҳнат орқали яшаш ўрнига текин бойлик майлига берилган Когон шаҳрилик икки “шоввоз” ўғирлик мақсадида яқинда Бухоро шаҳрига йўл олди. Омадлари чопди. Каттагина “ўлжа” билан изларига қайтди. Аммо қувончлари кўп ҳам узоққа чўзилмади...

Вилоят маркази “Чорбахоса” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги хонадонларнинг бирида яшовчи Сарвиноз Фозилова шаҳар ички ишлар бошқармасига ёзган аризасида номаълум шахс унинг уйига дарвоза орқали кирган ҳолда ётоқхонасидаги сейфни калит танлаш йўли билан очиб, 64 миллион сўмлик ҳар хил турдаги тилла тақинчоқлари ва 650 доллар пулни ўғирлаб кетганини, жами 69 миллион 265 минг сўмлик кўп миқдорда зарар етказганлиги ҳақида билдиради.

Ички ишлар идорасининг тезкор ходимлари олиб борган суриштирув ишлари давомида ушбу жиноят биз юқорида тилга олган кимсалар томонидан содир этилгани аниқланди.

Ушбу ҳолат юзасидан В.Шарипов ва Ш.Искандаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, улар эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Албатта, тергов даврида ҳолатга боғлиқ барча тафсилотлар синчковлик билан ўрганилади. Табиийки, тегишли материаллар жиноят ишлари бўйича судга оширилади. Жазо муқаррарлиги таъминланишига, жабрдийдага етказилган зарар ундирилишига шубҳа йўқ.

Лекин шу ўринда бир мушоҳада бор. Бугунги кунда мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликни олдини олишга қаратилган кенг кўламли тадбирлар олиб борилаётир. “Менинг маҳалламда жиноятчилик бўлмаслиги керак”, деган даъват долзарб аҳамият касб этмоқда. Тўғри, тилла тақинчоқлар ўғирлиги билан боғлиқ ҳолат Бухоро шаҳрида юз бергани тегишли маҳалла мутасаддилари ва профилактика инспекторларидан ҳудудда фуқаролар осойишталиги ва мулкий дахлсизлигини таъминлашда яна ҳушёрликни оширишини талаб этади. Лекин бу ерда кўпроқ масъулият ўғирликка қўл урган кимсаларнинг яқинлари ва улар яшайдиган Когон шаҳридаги тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари зиммасига тушади. Ҳа, бундай кўнгилсиз ҳолат фаолиятимиздаги заиф нуқталар борлигини ошкор этади. Бу таъна эмас, балки ҳушёрликка ундовчи аччиқ сабоқдир.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
5 901