ЎзА Ўзбек

07.10.2019 Чоп этиш версияси

Когон туманида болалар пахта йиғим-теримига ростдан жалб қилиндими?

Когон туманида болалар пахта йиғим-теримига ростдан жалб қилиндими?

Жорий йил 3 октябрь куни ижтимоий тармоқларда, аниқроғи, дастлаб, www.repost.uz сайтида Когон туманидаги 15-умумий ўрта таълим мактаб ўқувчиларининг пахта йиғим-теримига мажбурий тарзда жалб этилганлиги мазмунидаги мақола эълон қилинди.

Мақолада келтирилишича, сайтга маълум қилган манбанинг отаси, яъни Когон шаҳрида яшовчи шахс жорий йил 29 сентябрда Когон туманининг “Тунироқ” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Тайтал (материалда қайд қилинганидек Пайтал эмас!) қишлоғида йўлдан ўтаётиб, 5-6-синф ўқувчиларининг бир гуруҳи катта ёшли кишилар билан бирга соат 11-12 ларда далада пахта теришаётганига кўзи тушади ҳамда уларни суратга олади.

1.JPG

Унинг таъкидича, далада бўлган 15-умумий ўрта мактаб ва фермер хўжалиги вакиллари бу суратлар тарқалиб кетмаслигини ундан илтимос қилган. Бундан ташқари, улар ва бошқа танишлари болалар йиғим-теримга туман ҳокими Йўлдош Жумаевнинг бевосита буйруғига асосан, туман халқ таълими бўлими раҳбарининг кўрсатмасига мувофиқ жалб этилганини айтишади. Манбанинг таъкидлашича, мактаб ўқувчилари сентябрь охиридан бошлаб, дам олиш кунлари, ҳатто, Ўқитувчи ва мураббийлар кунида ҳам пахта йиғим -теримига чиқишганига гувоҳ бўлган.

Муаллиф ўз материалида ҳолат юзасидан туман ҳокими Йўлдош Жумаев ва халқ таълими бўлими мудири билан телефонда боғланишга уринганлиги, аммо телефонни ҳеч ким кўтармаганлигини иддао қилади.

Хўш, юқоридаги фикрлар нечоғли ҳақиқатга яқин? Биз бу саволга ойдинлик киритиш мақсадида Когон туманидаги “Алиноз Шергирон” фермер хўжалиги ва 15- умумтаълим мактаби жойлашган “Тунироқ” маҳалла фуқаролар йиғинининг Тайтал қишлоғига бордик.

Дастлаб биз 15–умумтаълим мактабида бўлдик.

Туман халқ таълими бўлими раҳбари Баҳрон Қурбонов шу ерда экан. У ҳам мактаб директори ва ўқитувчилари каби ижтимоий тармоқдаги материалдан таажжубга тушган.

12.jpg

– Туманимиздаги 22 та мактабда 12 минг 63 нафар ўғил-қиз таҳсил олмоқда, – дейди у. – Кейинги йилларда Президентимиз томонидан халқ таълими соҳасини ислоҳ қилиш, ўқитувчи ва ўқувчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусан, уларни ўқитиш, ўқишдан ташқари ҳар қандай кўринишдаги юмушларга жалб этмаслик бўйича амалга оширилаётган ишлар таълим сифатини оширишга хизмат қилаётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Бугун ижтимоий тармоқларда тарқалган 15-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари бир гуруҳи пахта йиғим-теримига олиб чиқилганлиги ҳақидаги ёлғон хабар ҳаммамизни ранжитди.

www.repost.uzда 29 сентябрь, якшанба куни 13 нафар мактаб ўқувчиси “Алиноз Шергирон” ва шунингдек, “Барно Баҳром” (асл номи “Барно Баҳром чорваси”) фермер хўжаликлари далаларига пахтага чиқишгани таъкидланади.

– Дам олиш ва байрам кунларида ўқувчилар тўлиғича ота-она қарамоғида бўлишади. Ўғил-қизларнинг бундай пайтларда нима юмуш билан банд бўлиши бизга қоронғу. Модомики, ўша кунда мақолада айтилганидек, мактаб ўқувчиларидан у ёки буниси пахта даласига чиққанлиги, бу бутун бошли мактаб жамоаси, таълим соҳаси вакилларининг мажбурий тарзда пахта йиғим-теримига жалб қилинганлигини англатмайди. Қолаверса, биз ушбу масалада доимий тушунтириш ишларини олиб борганмиз, – дейди Баҳрон Қурбонов.

–Ўқувчиларимиз пахта теримига жалб қилинмаган, – дейди яна бир суҳбатдошимиз, мактаб директори Жамол Саидов. – Биз ота-оналарни болаларнинг дарсдан кейин пахта терган далага чиқишига йўл қўймасликлари ҳақида қатъий огоҳлантирганмиз. Қолаверса, янги ўқув йили бошида маҳалла фуқаролар йиғини раиси мактабимизга фермерларни таклиф қилиб, ўқувчиларни дарсдан сўнг пахта теримига чиқишларига йўл қўймасликлари ҳақида суҳбатлашди.

13.JPG

Таҳсил икки сменада олиб борилаётганлиги туфайли биз тушдан сўнг мактабга келадиган 5-6-синф ўқувчилари билан учрашолмадик. Шу боис, 10-11-синфларда таҳсил олаётган ўғил-қизлар билан мулоқот қилишни лозим топдик.

–Дарсдан сўнг ота-оналарингизга йиғим-теримга ёрдамга чиқаяпсизларми, - ўсмоқчилаб савол берамиз.

– Йўғ-е! Пахта теримига чиқмаяпмиз. Бу мумкин эмас, дейишган устозларимиз бизга. Ота-онамизнинг талаби ҳам шундай, – деди улардан бири Нигина Ҳамроқулова.

...Бироқ 29 сентябрь ва 1октябрь кунлари чиндан ҳам айрим ўқувчилар ота-оналарига қўл-қанот бўлиш (ўт-хашак жамғариш), уларга ёрдам бериш (зарурат юзасидан хабар етказиш) мақсадида пахта даласида бўлган. Бу ҳақда сал кейинроқ батафсил тўхталамиз...

Биз “Алиноз Шергирон” фермер хўжалиги жойлашган ҳудудга бордик. Дала бўйида фермер хўжалиги раҳбари Ҳожи Файзиев билан учрашдик. У мактаб ўқувчилари пахта теримига жалб этилмагани, ҳосил эса қишлоқ аҳолиси, уюшмаган ёшлар вакилларидан иборат отряд томонидан йиғиштириб олинаётганини маълум қилди. Қолаверса, мақолада ўқувчиларни пахта теримига жалб этишга оид туман ҳокими буйруғи ва халқ таълими бўлими мудирининг кўрсатмаси бўлгани ҳақидаги гаплар асоссиз эканлигини айтди.

Шу ўринда яна бир асоссиз иддаони эсга олишга тўғри келади. Ижтимоий тармоқда эълон қилинган мақолада муаллифдан кимлиги сир тутилишини истаган манбанинг отаси ички ишлар органининг маҳалла фуқаролар йиғинидаги таянч пункти профилактика инспектори, ундан далада кўрганларини ошкор қилмасликни илтимос қилганлиги таъкидланади. Биз Профилактика инспектори Сунатилло Холовга қўнғироқ қилдик.

–Мен юрагим оғриб ва қон босимим ошиб кетгани сабаб 13 сентябрдан буён шифохонада даволанмоқдаман, – дейди у. – 29 сентябрдаги ҳолат ҳақида ижтимоий тармоқда тарқалган хабарни палатадошимдан эшитдим. Материалда менинг манбанинг отасига телефонда кўрганларини ошкор этмаслик тўғрисида илтимос қилганим таъкидланади. Бу қанақа гап? Шифохонада даволанаётган, 29 сентябрдаги ҳолат тафсилотларини кейинчалик эшитган бўлсам, қандай қилиб, мен учун номаълум бўлган кишига қўнғироқ қилишим мумкин?.Ижтимоий тармоқдаги даъво мантиқсиз.

Қизиқ, ижтимоий тармоқда эълон қилинган мақолада кимлиги сир тутилган манбанинг далада сурат олган отасининг ўзи ким? Бу борада йиғим-терим отрядининг раҳбари Мирхон Темиров фикрлари масалага ойдинлик киритди.

–Тушликка яқин, соат 12 ларда теримчилар терган пахтани навбатма- навбат тарозига тортарканман, ортимда икки кишининг овозини эшитиб, бурилиб қарасам, улардан бири ўтган йили бизга қўшни “Самад ўғли Мақсуд” фермер хўжалиги раҳбари сифатида фаолият юритган Абдусамат ака экан. Иккинчи кишини эса танимадим. Шу пайт Абдусамат ака даладаги кишиларни суратга ола бошлади. “Ака, нима қиляпсиз ўзи, нимага расмга оляпсиз, мақсадингиз нима”, дегандим, у киши мийиғида кулиб “Кейин биласиз, гап бор, гап” дея жавоб берди ва ёнидаги киши билан жўнаб қолди. Бор гап шу.

–Ўрталарингизда бир гап ўтганми, – савол берамиз Мирхон акага.

14.JPG

–Йўқ. У одам бу ердан 22 километр нарида, Когон шаҳрида яшайди. Бизга туташ ёнма-ён ҳудудда жойлашган фермер хўжалигига кўп йиллар раҳбарлик қилган. Эшитишимча, сурункали уч йил пахта сотиш бўйича давлат шартномасини бажармагани сабаб, унинг ерлари бошқа фермер ихтиёрига ўтказилган. Мабодо, шу масалада бирор муддаоси бўлмаса, бошқасини билмадим. 

...Ижтимоий тармоқда “Барно Баҳром чорваси” фермер хўжалиги даласида ҳам ўрта синфлар ўқувчиларининг айримлари якшанба куни пахта теримига жалб қилингани ҳам таъкидланади. Мазкур хўжалик туманнинг бошқа чекка қисми – “Ўба Чўли” МФЙ ҳудудида жойлашган. Бу ерда бўлганимизда, Халқ банки ходимлари томонидан теримчиларга терилган пахта учун ҳақ тўланаётган экан. Бизни албатта, мактаб ўқувчиларининг ҳосилни йиғиштириб олишга жалб этилиши масаласи қизиқтирди.

–Бу гап қаердан чиқди? Ўқувчилар пахта тергани далага чиқмаяпти,–дейди ўзини фермер хўжалиги масъул ходими деб таништирган Нодир Зоиров. – Бунга ҳожат ҳам йўқ. Чунки пахта отрядчилардан ортмаяпти.

Мутасадди бизни бу ердан бир мунча олисдаги экин даласига таклиф қилди.

У ерда эса вояга етмаган икки- уч нафар ўғил ўсмирга кўзимиз тушди.

–Кўраяпсизми, анави ерда моллар ўтлаяпти, – деди фермер хўжалиги масъул ходими. – Ўсмирлар дарсдан кейин ота-оналари тайинловига кўра подага қарашади. Ўт йиғишади. Биз ҳам ёшлигимизда шу ишларни қилганмиз. Бу болалар пахта даласига кираётгани уларга пахта тердириляпти, дегани эмас. 

Масалага аниқлик киритиладиган яна бир манзилга – Когон шаҳридаги Бобур номли маҳалла фуқаролар йиғинига йўл олдик. Бу ерга келишимизнинг боиси бор. Собиқ “Самад ўғли Мақсуд” фермер хўжалиги раҳбари Абдусамат Қурбонов жорий йил май ойида мазкур маҳаллага раис этиб сайланган. 

Гапни ижтимоий тармоқда эълон қилинган мақоладан бошладик. Суҳбатимиз аввалида негадир фикрини очиқроқ баён этолмаган Абдусамат ака кўп ўтмай гапнинг дангалини айтди.

–Ҳа-ҳа, бу ишни мен қилдим, – деди у. – Шунга мажбур бўлдим. Менинг тугатилган фермер хўжалигим ерлари қўшиб берилган “Турон Когон”фермер хўжалиги ўртасида мулкий муносабатларда муаммолар пайдо бўлди. Қатор идоралар, жумладан, туман ҳокимига қилган мурожаатларим ечим топмади. Шундан сўнг, мутасаддилар эътиборини тортиш мақсадида ўқувчиларнинг йиғим-теримига жалб этилиши ҳақида асослаш учун даладагиларни суратга олдим. Интернетга чиқартирдим....
Абдусамат Қурбонов билан кечган суҳбатимиз узоқ чўзилди. Шунга яраша калаванинг учи ҳам топилганди. 

Шу ўринда масалага тўла аниқлик киритиш мақсадида биз Бухоро вилояти прокуратурасининг жорий йил 3 октябрда ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабарни ўрганиш якунлари юзасидан ахборотига мурожаат қилишни ҳам мақсадга мувофиқ, деб билдик.

Ахборотдан маълум бўлишича, Абдусамат Қурбонов Когон туманида 2005 йилда ташкил этилиб, 2018 йилнинг декабрь ойига қадар фаолият юритган “Самад ўғли Мақсуд” фермер хўжалигига раҳбарлик қилиб келган. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 9 январда қабул қилинган “Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора -тадбирлар тўғрисида”ги қароридан келиб чиқиб, фуқаро Абдусамат Қурбоновнинг фермер хўжалигига тегишли ер майдонларини ҳокимлик захира фондига қайтариш тўғрисидаги ихтиёрий равишда берган аризасига мувофиқ (пахта сотиш бўйича шартномавий режаларни сурункали равишда бажармаганлиги сабабли) туман ҳокимининг 2019 йил 28 мартдаги қарори асосида мазкур фермер хўжалигининг жами 96 гектар, жумладан 32,7 гектар экин, 46,8 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган, 16,5 гектар боғ ва бошқа мақсадларда фойдаланиб келган ер майдонлари захира фондига қайтарилади. Аниқланишича, бу майдонлар туман ҳокимининг 22 апрелдаги 870- сонли қарори асосида фуқаро Раҳим Сафаров раҳбарлик қилаётган “Турон Когон” фермер хўжалигига қўшиб берилади. Аммо кейинчалик фуқаро Абдусамат Қурбонов туман ҳокимининг мазкур қароридан норозилик билдириб, бир неча маротаба “Турон Когон” фермер хўжалигига қўшиб берилган ер майдонларини қайтариб бериш ёки бўлмаса 13 йил давомида ўзи раҳбарлик қилган собиқ фермер хўжалиги ер майдонларига сарфлаган харажат маблағларини тўлаб беришни талаб қилган. 

Туман ҳокимлиги томонидан унга ушбу масала юзасидан тегишли судларга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган. Аммо Абдусамат Қурбонов ушбу тушунтиришлардан қаноатланмасдан, ўзига эътиборни жалб этиш, туман ҳокимлиги томонидан собиқ фермер хўжалигига қарашли ер майдони қайтарилиши ёки қилинган харажатларни ундириб олинишига эришиш мақсадида жорий йилнинг 29 сентябрь куни “Тунироқ” МФЙ ҳудудидаги “Алиноз Шергирон” ва “Ўба чўли” МФЙ ҳудудидаги “Барно Баҳром чорваси” фермер хўжаликларига қарашли пахта дала майдонларига бориб, ўқувчиларни уюшмаган аҳоли томонидан отряд усули асосида шакллантирилиб, теримда қатнашаётган аҳоли билан суратга тушишга ундайди. Маълум бўлишича, Абдусамат Қурбонов жараёнда тушлик пайтида ҳосил йиғиштириб олинаётган майдонга (“Алиноз Шергирон” фермер хўжалиги) яқин ҳудудда жойлашгани учун уйидан ота- онасининг олдига зарурият (дамлама чой, хабарлашиш) мақсадида келган ҳамда пахта далаларидан чорва моллари учун ўт-хашак тераётган болаларга рағбатлантириш эвазига уларни фотосуратга тушишни таклиф қилганлигини, уларнинг ота-оналарини унга рад жавобини бериб, фотосуратга туширмасликни талаб қилган бўлишларига қарамасдан, тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатган.

Ушбу ҳолатни 102-сонли отряд раҳбари Мирхон Темиров, онаси Ш.Ражабова иштирокида сўралган вояга етмаган К.Тошпўлатов, онаси Х.Ботирова иштирокида сўралган вояга етмаган У.Зарипова, онаси А.Абдуллаева иштирокида сўралган вояга етмаган Д.Ҳамроев ҳамда бошқалар тасдиқлаган.
Биз, журналистлар юқорида номлари келтирилган ота -оналар ва уларнинг мажбурий равишда далада суратга олинган фарзандлари билан билвосита А.Қурбонов иштирокида мулоқотда бўлдик. Улар нохолис хатти- ҳаракати учун А.Қурбоновга жиддий эътироз билдиришди. 

Бу ҳолат жуда ёқимсиз эди. Фуқаро А.Қурбонов қилмишидан пушаймонлигини тан олиб, такрор ва такрор кечирим сўради. 
Таъкидлаш керакки, прокуратура ахборотида қайд этилишича, ўрганишлар давомида, мактаб ўқувчиларнинг пахта йиғим- теримига умуман жалб қилинмаганлигини тумандаги 15–умумтаълим мактаби маъмурияти, ўқитувчилари, туман ҳокимлиги, туман халқ таълими бўлими мутасаддилари таъкидлаб тушунтириш беришган. Шунингдек, тушунтириш берган фуқаро Абдусамат Қурбонов ҳам ўз хатти -ҳаракатларидан пушаймон эканлигини, юқорида қайд этилган фермер хўжалигига қилинган сарф- харажатларини қайтарилишига эришиш мақсадида асоссиз хабарларни ижтимоий хабарларни тарқатганлигини ва бу хабарлар ҳақиқий ҳолатга мос эмаслигини баён қилган. Фуқаро бу тўғрида ижтимоий тармоқларга видеомурожаат ҳам қилганлигини билдирди.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабар юзасидан ўрганишлар давом эттирилмоқда. Уларнинг натижаси бўйича шахсларнинг ҳаракатларига тегишли ҳуқуқий баҳо берилади.

3 659
Эркин ЁДГОРОВ, ЎзА