Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.11.2017 10:05 Чоп этиш версияси

Клуб фаолияти такомиллашмоқда

Клуб фаолияти такомиллашмоқда Андижон педагогика коллежида “Қизларжон” клублари фаолиятини янада такомиллаштириш, илғор иш тажрибаларини оммалаштиришга бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан юртимизнинг барча таълим муассасаларида, маҳаллаларда "Қизларжон" клуби ташкил этилмоқда. Клуб 7 ёшдан 35 ёшгача бўлган ёш хотин-қизларни ихтиёрий равишда бирлаштириб, уларнинг замонавий таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш, ишбилармонлик қобилиятини ривожлантириш, ташаббусларини рағбатлантириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, ижтимоий фаоллигини оширишга кўмаклашади.

3.JPG

Андижон вилояти ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда таълим муассасалари раҳбарларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари етакчилари, амалиётчи психологлар, фаол ва иқтидорли ўқувчи-қизлар иштирок этди. Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

4.JPG

– Қизларни юксак маънавиятли қилиб тарбиялаш, уларга замонавий билим ва касб-ҳунар ўргатиш энг муҳим вазифаларимиздандир, – дейди Андижон вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Юнусова. – “Қизларжон” клуби қизларни юксак одоб-ахлоқ тамойиллари асосида тарбиялаш, оилага тайёрлаш, касб-ҳунарга ўргатиш, уларда китобхонлик, кийиниш ва муомала маданиятини, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини юксалтириш, онги ва қалбини турли ғоявий таҳдидлардан ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутмоқда.

5 (2).JPG

Вилоятдаги 857 таълим муассасасида фаолият олиб бораётган “Қизларжон” клубига 450 мингга яқин қиз жалб этилган. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан клублар фаолиятини мувофиқлаштириш ва такомилаштириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш бўйича кўрилаётган зарур чора-тадбирлар натижасида клублар фаолияти самарадорлиги ортмоқда.

Клублар машғулотларида ўқувчи-қизларнинг дарсдан бўш вақти мазмунли ташкил этилиб, уларга пазандалик, бичиш-тикиш сингари рўзғор юмушлари, шунингдек, шахсий гигиена ва соғлом турмуш тарзи қоидаларига амал қилиш, оилавий ҳаётга тайёргарлик борасидаги билим ва кўникмаларни пухта ўзлаштиришлари учун зарур барча шароит яратилган. Айниқса, клуб етакчилари томонидан “Тенгдош-тенгдошга” шиори остида олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш ишлари туфайли ҳар бир қиз илғор ўқувчилар сафида юришга, ўқишда, жамоат ишларида фаол бўлишга интилмоқда.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
2 384






Все о погоде - Pogoda.uz