ЎзА Ўзбек

25.09.2019 Чоп этиш версияси

Кийикни ноқонуний овлаганлар жазоланди

Кийикни ноқонуний овлаганлар жазоланди

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси инспекторлари томонидан Мўйноқ тумани “Қозоқдарё” овул фуқаролар йиғини ҳудудида 13 та кийикни ноқонуний овлаган браконьерлар қўлга олинди.

Мазкур қўмита жамоатчилик ва ОАВ билан ишлаш бўлимининг хабар қилишича, навбатдаги рейд текширувлари давомида инспекторлар М.Рисназаров, Д.Қаллибеков ва А.Қалимбетовлар томонидан тунги соат 03.00 “Ақшадарё” коллекторининг оёқ томонида “УАЗ-469” русумли давлат рақами 95 V 654 DA бўлган автомашина тўхтатилиб текширилганда автомашина ичида 13 та кийик ва 2 та ов милтиғи борлиги аниқланди.

Суриштирув давомида кийикларни Тахтакўпир туманида яшовчи Б.Т, Г.П, Т.М, Т.М, ва А.П.лар овлаганлиги аниқланди. Натижада ушбу фуқароларнинг табиатга келтирган зарари учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги “Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида”ги қарори иловасига мувофиқ 144 миллион 950 минг сўм миқдорида жарима белгиланди.

4 787
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири.