Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.07.2017 18:38 Чоп этиш версияси

Китобсеварлар ҳафталиги

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри маҳаллаларида “Маҳалла китобсеварлари” ҳафталиги ўтказилмоқда.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимлари, вилоят ахборот-кутубхона маркази, вилоят халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда шоир ва ёзувчилар, педагоглар, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этаётир.

Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ижроси доирасида ўтказилаётган ҳафталик Сирдарё вилоятидаги барча маҳаллаларда махсус режа асосида ташкил этилади.

– Бола тарбиясида китобнинг ўрни ва аҳамияти жуда катта, – дейди "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси ўринбосари С.Ўдаева. – Ҳозирги кунда олис қишлоқлардаги мактабларда ҳам кутубхона бор. Давлатимиз томонидан мазкур кутубхоналар фонди бойитиб борилмоқда. Энди ўқувчиларнинг китобга қизиқишини янада ошириш, уларда мутолаа маданиятини юксалтириш керак. Ҳафталик давомида ёшларда китобхонликка интилиш кучлилигини кўрдик. Айниқса, уюшмаган ёшларнинг тадбирга жалб этилгани катта ютуғимиз бўлди.

Ҳафталик доирасида ёшларнинг китобга қизиқишини ошириш, уларда мутолаа завқини уйғотиш, маҳалла ва ҳар бир оилада китобхонлик маданиятини юксалтириш мақсадида таълим муассасалари, олис қишлоқларда кўчма кутубхоналар, китоб савдоси ташкил этилиб, учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Вилоят ахборот-кутубхона маркази ва ҳамкор ташкилотлар томонидан “Бадиий асарлар билимдони” викторинаси, “Менинг биринчи китобим”, “Мен ўқиган китоблар”, “Мен китобни нечун севаман?”, “Энг ёш китобхон”, “Фахрий китобхон” беллашувлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасида ўтказилаётган “Энг намунали маҳалла кутубхонаси”, “Энг китобсевар маҳалла” кўрик-танловлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирмоқда. Тадбирларда фаол иштирок этган китобсеварлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланаётир.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
2 505






Все о погоде - Pogoda.uz