Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.03.2018 13:02 Чоп этиш версияси

Китоблар жамланмаси туҳфа қилинди

Китоблар жамланмаси туҳфа қилинди Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан Риштон туманидаги “Рошидоний” халқ кутубхонасига “Ўзбекистон”, “Ўқитувчи”, Ғафур Ғулом номидаги ва Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйлари ҳамда “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриётида чоп этилган юзга яқин номдаги адабий-бадиий, оммабоп китоблар жамланмаси туҳфа этилди.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари С.Шукуров ва бошқалар мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобга қизиқишини ошириш, мутолаа маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 

2 (1).JPG

Китоб ўқиш инсон дунёқарашини кенгайтириб, билимини ошириш билан бирга, ҳаётга теран нигоҳ билан қарашга ўргатади. Шунинг учун ҳам барчамиз китобни энг яқин дўст сифатида қадрлаймиз. Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Фарғона вилоятида ҳам бугунги кунда ёшларни китобга ошно этиш, китобхонликни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

3 (1).JPG

Ижтимоий тармоқларда Дима Қаюм номи билан машҳур Риштон туманида яшовчи Дилшод Болтабоев хайрли ишга қўл урди. У деҳқон бозори ҳудудида халқ кутубхонасини ташкил қилди. Унинг бу эзгу ташаббусини юртдошларимиз қўллаб-қувватлаб, турли китобларни совға қилмоқда. Бу ердаги китоблардан фойдаланиш бепул бўлиб, аҳоли, айниқса, ёшлар бўш вақт топгунча шу ерга ошиқадиган бўлди.

5 (2).JPG 

Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан тақдим этилган китоблар жамланмаси ҳам бу маърифат масканига катта туҳфа бўлди.

– Кундан-кунга кутубхонамиз янги адабиётлар билан бойиб бораётганидан жуда ҳам хурсандман, – дейди Д.Болтабоев. – Китобсевар ёшларимизнинг сафи ҳам кенгайиб бормоқда. Бизнинг ташаббусимизни қўллаб-қувватлаётганлардан миннатдормиз.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат) ЎзА
9 131