Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.08.2017 18:10 Чоп этиш версияси

Китобхонларга муносиб туҳфа

Нукусдаги “Китоблар олами” савдо марказида Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрами олдидан янги китоблар тақдимоти бўлиб ўтди.

Президентимизнинг жорий йил 3 август куни юртимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувдаги “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва мен ишонаман, насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам албатта бўлади” деган фикрлари ифодаси сифатида атоқли давлат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидовнинг қорақалпоқ тилида чоп этилган “Кашмир қўшиғи” асари кенг жамоатчиликка тақдим этилди.

Ёзувчи ва шоирлар, журналистлар, маданият ва санъат намояндалари, китобсеварлар иштирок этган тадбирда Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб “Билим” нашриёти томонидан чоп этилган мазкур асарда покиза муҳаббат тараннуми билан бирга, эркинлик ва озодликка интилиш, бу йўлда учраган ҳар қандай тўсиқ ва қийинчиликларни матонат билан енгиб ўтиш, халқимизга хос мардлик ва олижаноблик фазилатлари улуғлангани таъкидланди.

Шароф Рашидовнинг 1957 йилда ёзилган ушбу асари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Кенесбой Рейимов томонидан қорақалпоқ тилига ўгирилди. Тадбирда атоқли ўзбек адибининг “Бўрондан кучли”, “Қудратли тўлқин” романлари, “Дил амри” қиссаси ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, бастакор Нажматдин Муҳамматдиновнинг 80 йиллигига бағишланган “Қорақалпоқ соз дунёсининг сардори” деб номланган янги асар тақдимоти ҳам мутахассислар ва санъат ихлосмандларида катта таассурот қолдирди.

Қорақалпоқ мусиқа санъати ривожига муносиб ҳисса қўшган таниқли бастакор ҳаёти ва серқирра ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу асар Қорақалпоғистон халқ шоири Гулистон Матёқубова томонидан ёзилган. Асарда бастакор ҳақида турли йилларда чоп этилган мақолалар, санъатшуносларнинг у киши ҳақидаги эсдаликлари ҳам ўрин олган.

Шоира Г.Матёқубованинг яна бир янги китоби – “Гулойим операсига либретто” асари қорақалпоқ халқининг “Қирққиз” достони асосида яратилган. Қурбонбой жиров Тожибой ўғли ижросидан ёзиб олинган “Қирққиз” достонида ХYI аср охири ва ХYII аср бошларида юрт ҳимояси учун ғанимга қарши мардона курашган Гулойим ва Арслоннинг ҳаёти тасвирланган. Асар Тошкентдаги “Глобал бокс” нашриётида ўзбек, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларида чоп этилган.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
1 990






Все о погоде - Pogoda.uz