Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.09.2017 14:31 Чоп этиш версияси

Китобга дўст тутинган ҳеч қачон қоқилмайди

Китобга дўст тутинган ҳеч қачон қоқилмайди Мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобга қизиқишини, мутолаа маданиятини ошириш, китоб тарғиботи орқали маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини юксалтириш, шунингдек, китоб маҳсулотлари чоп этиш ва тарқатиш фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиши бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Андижонда “Соғлом ва маънавий етук авлод – юрт келажаги” шиори остида ўтказилган “Болалар китоби” III республика фестивалида бу алоҳида таъкидланди.

Китобга дўст тутинган ҳеч қачон қоқилмайди

Вилоят ҳокимлиги, матбуот ва ахборот, маданият, халқ таълими бошқармалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда таниқли шоир-ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, ёш ижодкорлар, ёшлар иштирок этди.

– Фестиваль доирасида адабий-бадиий ярмаркалар, китоблар тақдимоти, мушоиралар, адиблар билан учрашувлар, китоб тарғиботига бағишланган турли танловлар бўлиб ўтди, – дейди вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи А.Султонов. – Бундан кўзланган асосий мақсад ёш авлоднинг китобга бўлган муҳаббатини ошириш, маънавиятини юксалтиришга кўмаклашишдир.

Андижон вилояти “Китобсавдо” масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги савдо ташкилотлари, “Шарқ зиёкори” масъулияти чекланган жамияти вилоят филиали томонидан ташкил этилган китоблар савдо ярмаркаси, Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази, “Янги аср авлоди” масъулияти чекланган жамияти вилоят бўлимининг китоблар кўргазмалари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

Ёш ижодкорларнинг янги китоблари тақдимотида мамлакатимизда ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида биргина жорий йилда ўнга яқин андижонлик ёшларнинг янги китоб ва тўпламлари чоп қилингани қайд этилди.

– Яқинда “Бувимнинг ўгитлари” номли илк китобим нашрдан чиқди, – дейди ёш ижодкор, Андижон давлат университети қошидаги академик лицей ўқувчиси Садоқат Солижонова. – Бундай тадбирлар биз, ёшларни бир мақсад атрофида бирлаштириб, юрт равнақи йўлида янада кўпроқ ўқиш, изланиш ва сидқидилдан меҳнат қилишга ундайди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан ўтказилган ёш ижодкорлар мушоирасида Муҳаммад Юсуф номидаги ўзбек тили ва адабиётига ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари ҳамда “Бобур издошлари” ёш ижодкорлар тўгараги аъзоларининг чиқишлари, вилоят театрлари артистлари томонидан вилоят қўғирчоқ театрида китоб тарғиботига бағишланган “Китоб – мўъжиза” деб номланган театрлаштирилган томоша барчада катта таассурот қолдирди.

Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида китобхонликни тарғиб этишга бағишланган семинар ҳамда таниқли ижодкорларнинг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирларда китобнинг инсон ҳаёти ва жамият тараққиётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритилди. Фаол иштирок этган ўқувчиларга китоблар совға қилинди.

– Китобни ўзига дўст тутган инсон ҳаётда ҳеч қачон қоқилмайди, – дейди Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом. – Мунтазам китоб ўқийдиган инсон билимли, одоб-ахлоқли, юксак маънавиятли шахс сифатида жамиятда нафақат ўз ўрнини топа олади, балки, унинг фаол аъзосига айланади.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
1 950






Все о погоде - Pogoda.uz