Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.03.2017 20:30 Чоп этиш версияси

Китоб ва ёшлар

Сурхондарё вилояти ахборот-ресурс марказида Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси вилоят кенгаши томонидан “Китоб ва ёшлар” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.

Партия фаоллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, профессор-ўқитувчилар, шоир ва ёзувчилар, талаба-ёшлар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда ёш авлоднинг китобга қизиқишини ошириш, аҳоли ўртасида мутолаа ва китобхонлик маданиятини юксалтириш, китоб дўконлари савдосини кенг йўлга қўйиш, кутубхоналар фаолиятини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

– Партиямиз дастурида ёшларда мутолаа маданиятини юксалтириш, халқимизнинг бой тарихи, маданий-маънавий меросига оид адабиётларни кўпайтириш, тарғиб этиш, бу борада ижодкорлар, нашриётлар ва таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш муҳим вазифа сифатида белгиланган, – дейди партия вилоят кенгаши ижроия қўмитаси девони раҳбари Сайдулла Абдураимов. – Партия ташкилотлари чекка туман ва қишлоқларда ҳам китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган тарғибот ишларини янада кучайтирмоқда.

Тадбирда электрон китобхонлик ва бадиий китоб мутолаасининг қулайликлари, чоп этилаётган замонавий асарларнинг тарбиявий аҳамияти, олий таълим муассасалари кутубхоналарининг талабалар ҳаётидаги ўрни ҳақида фикр алмашилди.

– Электрон дарсликлар, аудио, видео қўлланмалар ўқиб-изланишда талаба-ёшларга қулай бўлиши мумкин, аммо бадиий асарни китоб ҳолида ўқиш инсонга ўзгача завқ беради, – дейди Термиз давлат университети амалий математика ва ахборот технологиялари йўналиши магистри Шоҳрух Умарзода. – Фалсафий, тарихий ва бадиий асарлар менинг энг яқин дўстим, сирдошим. Бўш вақтимда бундай китобларни севиб мутолаа қиламан. Яқинда француз адибларининг ўзбек тилига ўгирилган “Ҳақиқат манзаралари” номли тўпламини катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Уларнинг фалсафий фикрлари дунёқарашимни янада бойитди.

Очиқ мулоқот якунида “Китоб ва мен” мавзуида ижтимоий сўровнома ўтказилди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
1 382






Все о погоде - Pogoda.uz