Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.06.2018 15:33 Чоп этиш версияси

Китоб совға қилиш урфга, эзгулик рамзига айланди

Тошкент марказида Сайилгоҳ кўчаси бор. Ёшу қари, пойтахтимиз меҳмонлари сайр қиладиган гавжум гўша. Бу ерда ўтган ҳафта маънавият байрами – китоб сайли бўлиб ўтди.

Ҳар йили май ойида мамлакатимиз миқёсида Китоб байрами ўтказиб келинмоқда. Барча нашриётлар чоп этган китобларини эл-юрт олдига ёйиб, адолатли ҳакам – китобхон назаридан ўтказади. Ноширлар дўстлашади, соҳа янгиликлари ўртоқлашилади. Авваллари ўқувчини-ку, қўяверинг, ҳатто биз – ноширлар қайси нашриёт қанақа китоб чиқараётганини тўлиқ билмасдик...

Китоб – маънавият қўри, эзгулик ва тўкислик асосидир. Яхши китоб – жон озиғи. Китобларга Қозоқбой Йўлдошев таъбири билан айтганда, ўқирманлар ўз баҳосини қўяркан. Байрамнинг яна бир яхши жиҳати шу бўлдики, энди неки китоб тайёрлаб, чоп этишга жазм қилсак, кенг ўқувчилар талаби, маънавият ва маърифат тарозисига чоғлаб тайёрлашни ният қилмоқдамиз.

Китоб байрами ўтган йилларда пойтахтимизнинг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида бўларди. Яхши боғ, соя-салқин, тамаддихоналар, турфа аттракционлар... Фақат шоир шеър ўқиётганда атракционларда учаётган болаларнинг шодон товуши ижодкор овозини тингловчидан "тўсиб" қўяди. Сайилгоҳ кўчасида эса тамомила сокин манзара. Узун кўчанинг икки томонидан нашриётларга ажратилган жойга меҳр билан зеб берилган. Ажиб шаклдаги расталарда китоблар киши ҳавасини келтиради.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 118 нашриёт, 2 мингга яқин босмахона фаолият юритади. Нашриётларнинг кўпчилиги Тошкентда жойлашган. Китоб байрамида деярли барча ноширлик ташкилотлари иштирок этди. Байрам вилоятларда ҳам баравар бошлангани учун жойлардаги нашриётлар ўз ҳудудларида маҳсулотини намойиш этди. Китоб байрами ташкилий қўмитаси келгуси йилда уларнинг ҳам пойтахтдаги байрамда иштирок этишини таъминлаш керак, деган хулосага келди. Вилоятлардаги ноширлик фаолияти маҳсулини бир жойга тўплаш, ўзаро фикр, тажриба алмашиш яхшида.

Кейинги йилларда ноширлик ишларига ҳам муҳим эътибор қаратилмоқда. Китоб ноширчилиги, савдоси, китоб мутолааси ва тарғиботига бағишлаб Президентимизнинг фармойиш ва қарори қабул қилиниши тарихий воқеа бўлди. Бу эзгу ишлар самарасида бугун Ўзбекистон китобсеварлар мамлакатига айланмоқда. Янги-янги китоб дўконлари очилиб, шоир-ёзувчиларга ҳукумат даражасида эътибор қаратилмоқда. Шеърхонлик кечалари, адабиёт байрамлари ўтказилиши яхши анъанага айланди. Ёзувчи-шоирларимиз кайфияти чоғ, шижоати, руҳи баланд. Китоб совға қилиш урфга, эзгулик рамзига айланди. Маърифатли, зиёли халқмиз. Бугунги барча саъй-ҳаракатларимизда ана шу қутлуғ жиҳатларнинг намойишини кўриш завқли.

Алоҳида таъкидлашни истардимки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бу соҳага эътибори бежизга эмас. Қадим ва ҳамиша навқирон, маърифатга йўғрилган тарихимизни яхши билган, сув ичган маънавият булоқларимизни йиллар асносида, замонлар силсиласида юмилиб қолган кўзлари очилди.

Давлатни бошқаришдек ўта масъулиятли, нозик ва буюк ишда китобхонлик, китобга қайтишдек улуғ қадриятларни устувор қўйган Президент Шавкат Мирзиёев илк бор сайловчилар билан учрашувида ҳам бу мавзуга алоҳида эътибор қаратиб, “Китобсиз келажак йўқ” деган пурмаъно ғояни илгари сурганида халқимиз зўр қувонч билан кутиб олганди. Бутун умри китоб, қўлёзмалар ичида ўтган биз кабилар учун эса бу улкан байрам, тантана, мислсиз эътироф эди. Ҳар кўрганга мақтаниб, кўрмаганни қувиб-тутиб қувончимизни баҳам кўрганимизда, унга чин дилдан шерик бўлганлар баробарида, “одатда сайловолди учрашувларда бунақа гаплар кўп айтилади” деганлар ҳам бўлди. Китоб ва китобхонлик ҳақида ташаббуслар қонуний мустаҳкамлаб қўйилгани эса барчамизни янада илҳомлантириб юборди.

Тадбиркорлар мактабларга тахмон-тахмон китоб ҳадя қилмоқда, ўзлари китоб дўконлари, ҳатто қишлоқларда кутубхоналар очмоқда, энг муҳими улар ҳам китоб ўқимоқда.

Фарғоналик тадбиркор Арабой Марайимов қишлоғида кўркам кутубхона барпо этди. Тошкентдаги етакчи нашриётлардан китоблар сотиб олди. Биз ҳам баҳоли-қудрат ҳисса қўшдик. Чиройли очилиш маросими қилдик. Маош оладиган кутубхоначи тайинлаб, ишни бошлаб юбордик.

– Китоб дўкони бўлганда, китоблар сотилиб, қилинган сарф-харажатлар қопланарди, – дейман гўёки унга ёрдам берадиган оҳангда.

– Тўғри, китоб савдосини ташкил қилсам, балки фойда кўрардим. Лекин мен бу ишни фойда учун қилмадим. Ҳамқишлоқларим шу ерда ишлаб, хоҳлаган китобини олиб ўқисин, деган ниятим бор эди. Шунга алоҳида ўқув хонаси ҳам қурдим. Ахир илгари ҳар бир қишлоқда шундай кутубхоналар бор эди-ку. Мен ҳам ўша жойда катта бўлганман. Сотиб олишга пулим етмасди. Шу ерда ўқирдим. Ҳамма ҳам доим китоб сотиб ололмайди. Марҳамат, келиб ўқисин. Ёши катталар қаерга бориб китоб ўқийди? Коллеждаги ахборот-ресурс марказигами? Улар ҳатто ресурс деган сўзни айтишолмайди. Бир киши "Бу “ребус”ингга қандай боради киши, эски ўзимизнинг кутубхона яхши" деганди ўшанда. Шу гап юрагимга тугун бўлиб ўтириб қолганди. Шу тугунни ечмоқчи бўлдим, – дейди биродаримиз.

Сал ўтлаб кетдимов чоғи, энди гап китоб ҳақида кетганда, қулфи дилинг очилади-да. Хуллас, гапни Сайилгоҳ кўчасида бўлган Китоб байрами ҳақида эди...

Бу ерда китобларнинг қўлма-қўл сотилаётгани кўриб, қувонасиз. Одамларимиз, айниқса, ёшларимиз китоб ўқияпти. Янги китоблар тақдимотида ҳам тумонат одам, аксари ёшлар. Наби Жалолиддиннинг “Тегирмон”, Халқ шоири Иқбол Мирзонинг Рапқон бокс мактаби ҳақидаги “Зарб”, Абдумажид Азимнинг “Қадр кечаси”, Эркин Маликнинг Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишланган “Хотира уйғонса гўзал” китоблари тақдимотлари, айниқса, жўшқин ва мароқли ўтди. Шеърлар ўқилди.

Оқсоқол адиб Худойберди Тўхтабоевнинг атрофидан болалар аримайди, Анвар Обиджоннинг оғзи қулоғида, Кавсар Турдиева шеър ўқиб завқланади. Сенаторлар, депутатлари, давлат ва жамоат арбоблари ҳам шу ерда. Улар ҳам ўзи учун, яқинлари ва фарзандларига китоб харид қилди.

Китоб байрами бу йил ўзгача кўтаринки кайфият, ажойиб маънавий юксалиш билан ўтди.

Аҳрор Аҳмедов,
“Шарқ” НМАК Бош муҳаррири. 

ЎзА
4 460