ЎзА Ўзбек

16.08.2018 15:48 Чоп этиш версияси

Китоб, кутубхона ва кутиш...

Китоб, кутубхона ва кутиш...
Рус шоири Пушкин дуэлда яраланиб, уйида оғир аҳволда ётганида китоблари билан хайрлашган экан. Дарҳақиқат, китоб энг яқин ва ишончли дўст. Дўстни ардоқлаш ва унинг саҳифаларидаги билимларни пухта эгаллаш керак. Китобдек содиқ, дилкаш дўстларнинг кўп бўлгани эса янада яхши.

Бизнинг қаҳрамонимиз ҳам мактабга илк қадам қўйганидан бошлаб, китобга ўзгача меҳр қўйган. Улар билан тиллашиб, сонини кун сайин кўпайтиришга уринган.

– Мен бир “касаллик”ка йўлиққанман, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, адабиётшунос Сувон Мелиев. – Топган пулимга китоб сотиб оламан. Эсимда, иккинчи синфда ўқиб юрганимда, учинчи синф ўқувчиларига мўлжалланган ўқиш китобини сотиб олганман. Ўқиб чиқиб, олиб қўйганман. Шундан бошлаб китоб йиғаман ва албатта, мунтазам ўқийман. Бу “касаллик” тузалмайди. Қаерга бормай, биринчи китоб сотиладиган дўкон, ёйма расталарга назар ташлайман. Айниқса, макулатураларда ҳозир нашрдан чиқмаётган энг яхши китобларни топиш мумкин. Улардан арзон нархларда сотиб оламан. Бугунги кунда китобларим сони 60 мингдан ошди. Бадиий адабиёт, фалсафа ва эзотерика (бошқа оламлар ҳақида) бўйича жамланган китобларим уйимга сиғмай қолди. Шунданми, ҳатто ошхонадан ҳам турли китобларни топишингиз мумкин.

Бунча китобни ўқиб, адоғига етиб бўлармиди? Бунинг устига, кунора яна янги китоблар харид қилинади. Демак, каттагина кутубхона қуриш керак.

– Ҳовлимизга туташ 2 сотих ташландиқ ҳудудда Халқ кутубхонаси қурилса, китобларимни шу ерга олиб ўтардим, – дейди Сувон Мелиев. –Кимга қандай китоб керак бўлса, келиб бемалол фойдаланиши мумкин. Ўзим эса, адабиёт ишқибозларига сабоқ бермоқчиман. Аммо ўша 2 сотих ташландиқ ерда кутубхона қурилиши учун Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги қарор чиқариб бериши керак-да. Ҳозир деярли барча туманларда Халқ кутубхоналари қуриляпти. Улар сони яна биттага кўпайса, китоб фонди 60 мингдан ошиқ кутубхонадан адабиёт шайдоларининг оёғи узилмаса, дегандим. Шу масалада амалий ёрдам сўраб, Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасига хат йўлладим. Қўмита раиси мурожаатимни уйимга келиб ўрганди, китобларим ва ўша ташландиқ ҳудудни кўздан кечирди. Масалани ҳал этиш юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига хат юборилганини, ижроси назоратга олинишини айтди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ушбу мурожаатни беэътибор қолдирмайди, деган умиддамиз. Чунки кўплаб адибларнинг кутубхонасидаги минглаб китоблар йиллар ўтиб йўқолиб кетган. С.Мелиев эса, узоқ йиллар давомида тўплаган китобларидан ёш авлод фойдаланишини, улар орасида китобхонлик маданиятини оширишни истайди, холос.

Хуршид Қодиров, ЎзА
8 648