Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.02.2018 09:00 Чоп этиш версияси

ГАРАША ҚИШЛОҒИ. Бу қишлоқда биронта бола “2” баҳо олса, тоғда юрган чўпонлар ҳам эшитади

ГАРАША ҚИШЛОҒИ. Бу қишлоқда биронта бола “2” баҳо олса, тоғда юрган чўпонлар ҳам эшитади
Уйғоқ фикр

Инсон бу дунёга келмасидан олдин онасининг жисм-у жонида нафас ола бошлайди. Энг биринчи тинглаган мусиқаси онасининг юрак уришидир. У ҳали ҳеч нарсани англамай туриб, она вужудини англайди, сезади. У ёруғ дунёга келгандаги йиғиси, чинқириғи она вужудини тарк этгиси келмаганидан, онанинг иссиқ бағридан айрилишни истамаганидандир.

Фарзанд бу дунёга келиши билан онага талпинади. Она сутидан аълороқ озуқаси йўқ. Онасининг ҳидидан ёқимли ҳид, алласидан азиз қўшиқ йўқ. Бу илоҳий боғлиқликка қандай путур етади? Қачон путур етади? Биз ҳеч қачон ўзбекчиликнинг ёзилмаган, аммо муқаддас қонунларига хиёнат қилмаймиз. Унда онасининг айтганини қилмайдиган болалар қандай пайдо бўлмоқда? Болаларнинг мурғак қалбида бобоси, бувисининг фикрини инкор қилиш қаердан пайдо бўлмоқда? Улардан руҳан узоқлашиш, уларни соғинмаслик...

Аввало, биз катталар болаларимиздан узоқлашмаяпмизми? Бизнинг ўзимиздан бошланмаяптими муқаддас қонунларни писанд қилмаслик? Биз болаларсиз роҳат истаб қолдик. Болаларсиз кафе, ресторанларга боришни истаймиз. Болаларсиз меҳмондорчиликка боришни маъқул кўрамиз. Ҳатто қариндош-уруғникига болаларсиз боришни қулай сезамиз. Бола бизга халақит беради. Бола билан борсанг, мириқиб дам ололмайсан, бола гапни бўлади, бола маданий жойларда маданиятсизлик қилиши мумкин. Ва ҳоказо...

Биз боламизга кераклича вақт ажратмаймиз. Зеро, бу ҳам ҳар кимда ҳар хил кечади. Айрим бола бор – унга бир кунда икки соат вақт ажратиб, дарсларини тайёрлатиб, чин дилдан гаплашиб ўтириш мумкин. Айрим бола бор – сизни тушунади, дарсларини ҳам қилади, қўшимча вазифаларни ҳам кўнгилдагидек бажаради.

Исроилда боласи “2” баҳо олган одам ишдан бўшаш учун ариза берар экан

Албатта, болага фақат онанинг ўзи ҳар кун вақт ажратолмаслиги мумкин. Унда ота ёрдамга шошилмоғи керак. Йўқса, уйдаги кексалар кўмакка келиши керак. Бола то фанларни яхши ўзлаштириб олгунча, албатта. Исроилда боласи “2” баҳо олган одам ишдан бўшаш учун ариза берар экан. Агар унинг боласи бир ой ичида баҳосини “5” га тузатса, отанинг иш ўрни ва ойлик маоши сақланиб қоларкан.

Бизда-чи? Боламизнинг фанлардан яхши ўзлаштириши учун етарли вақт ажратяпмизми? Мактаб билан боғланиб турамизми? Бола қайси фандан “оқсаётган” бўлса ўша фан ўқитувчиси билан учрашиб маслаҳатлашяпмизми?

“Оталарни мактабга жалб этиш, ота-оналар йиғилишига чақириш жуда қийин. Йиғилишларга асосан оналар келишади. Бола яхши ўзлаштирмаётганини кундаликка ёзиб юборсак, баъзи оталар болаларини жазолайдилар. Ахир, бунда болани руҳан майиб қилиб қўйишимиз мумкин-ку. Бола ёмон баҳо олиб борса, бир ўқувчимнинг отаси соатлаб қўлини кўтартириб, бурчакка турғазиб қўяр экан” дейди Сергели туманидаги З-умумтаълим мактаби директори Нигора Жабборова.

Болани жазолашдан олдин ўзимизни назорат қилсак, ўзимизга қуйидаги саволларни берсак бўлармиди:

– Сиз болангиз ўқийдиган мактабга бир йилда бир марта бордингизми?

– Мактаб кутубхонасига кириб кўрганмисиз?

–Нега сизнинг болангиз бирорта ҳам фан олимпиадаларида иштирок этмайди?

–Мактаб ошхонасидаги таомлар ҳақида фикрингиз қандай?

–Нега болангиз камгап, болаларга қўшилмайди?

–Нега болангиз спорт мусобақаларида фаол эмас?

–Нега болангиз кейинга пайтларда жиззаки ва асабий?

–Боланггизнинг мактабда дўсти йўқ, нима учун?

Сиз шунчалар бандмисиз? Ёки ўз болангиз ўқиётган мактабга борсангиз обрўйингизга путур етадими? Болангизга таълим бераётган ўқитувчилар билан учрашсангиз, мансабингиздан тушиб қоласизми?

Йўқ, сизнинг вақтингиз йўқ! Кўнгилочар давраларга, гап-гаштакларга, бозорма-бозор юришга вақт топасиз. Собиқ синфдошлар, курсдошлар ёки ҳамкасблар, дўстлар, жўралар учун вақт бор. Мактабга боришга эса вақтингиз йўқ. Бу адолатданми, инсофданми?

5 та фан доктори, 8 та фан номзоди

Бухоронинг Шофиркон туманида Тезгузар деган қишлоқ бор. Шу қишлоқда ўзбек фалсафасининг отаси, академик Иброҳим Мўминов таваллуд топган. Тезгузар ва унинг яқинидаги қишлоқлардан 5 та фан доктори, 8 та фан номзоди чиққан. Тезгузарга битта янги китоб келса, уни бутун маҳалла қўлма-қўл қилиб ўқиган. 

Академикни болалигида ҳамқишлоқлари “доно қуш”деб аташар экан. Ҳозир ҳам тезгузарликлар аълочи болаларга ”доно қуш”дея ҳурмат билдиришади. Жиззахда Гараша деган қишлоқ бор. Бу қишлоқда биронта бола “2” баҳо олса, тоғда юрган чўпонлар ҳам эшитаркан. Ёмон баҳо олган боланинг ота-онасини кўрган гарашаликлар уйига қайғу йўллаган одамни кўргандай ҳамдардлик билдириб: “Хафа бўлманг, болангиз “2” баҳони тезда тузатади. Ахир у гарашалик-ку!" деб далда беришар экан.

Ёш Амир Темурга отаси Тарағай Баҳодир бир кун кўп қўй бериб, сотиб келишни буюрибди. Темур қўйларни сотиб бозор айланиб юрса, бир дарвеш қўлида бир парча қоғозга ёзилган шеърни минг тилло тангага сотаман, деб боши узра айлантираётган экан. Темур қоғозни сотиб олибди. Дарвеш унга қоғозни отанг олдида очиб ўқигин, дебди. Шунга кўра, Темур қоғозни отасига кўрсатибди. Дарвеш таниқли олим Камол Хўжандий экан. Тарағай Баҳодир ўғлидан ранжисада, бу харид ортида эзгуликлар борлигини сезиб, мамнун бўлибди.

“Билим барча кулфатларга қалқон” деган экан ҳазрати Рудакий. Демак,болаларимизга китоб ўқишни ўргатиш балолардан ҳимояланишни ўргатиш экан-да.

Мактабда шаклланаётган иммунитет оилага бориб бой берилмасин 

Бола эмаклай бошлаганда иссиқда куйиб қолмаслиги учун унга чойнакни кўрсатиб, ”Бу иссиқ, ушласанг куясан” деб,тушунтирамиз. Мурғак буни кунба-кун тушуниб боради. Аста қўлини тегизиб кўриб,қайта чойнакни ушламайди. Ақлини таний бошлагач, электрдан, оловдан, сувдан эҳтиёт бўлишни ўргатамиз. Оқибати ҳалокат эканини бола англаб етгач, хотиржам бўламиз. Нега китоб ўқишга – ҳалокатдан ҳимояланишга ўргатмаймиз. Ўргатиш, керак бўлса, мажбуран ўргатиш керак. Тўғри, бу оғир иш. Кетмон чопишни ўргатиш осондир, камон отишни, қўшиқ айтиш ўргатиш осондир, аммо китоб ўқишни ўргатиш оғир. Бу борада оила ва мактаб ҳамкорлиги жуда зарур. Мактабда шаклланаётган иммунитет оилага бориб бой берилаверса, бола орқага кетаверади. Уни ҳар икки томон қаттиқ назоратда ушлаши шарт.

Ҳа, мураккаб йўл босиб ўтилиши учун тарбиянинг барча усуллари қўлланилиши зарур. “Ўқитувчига давлат маош тўлайди, ўқитиш унинг вазифаси” десак, адашамиз, ўзимизнинг зараримизга адашамиз. Ўқитувчи ўқитмоқда, тарбияламоқда. Ўқитувчилар болага берган билими учун маош олади. Аммо боланинг билими ота-онасига умрбод хизмат қилади. Унинг ақли ота-онасига ҳар кун, ҳар лаҳза бахтли ҳаёт бахш этади. Кексалигига фароғат, умрига мазмун беради.

Ақлли одамлари кўп юрт қудратли бўлишини барчамиз биламиз. Шунинг учун ҳам Президентимиз 2017 йил 13 сентябрда “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорни қабул қилиб, бу масалани давлат даражасига кўтарди. Бу қарорнинг ижроси ҳар бир оилага зиё олиб киради. Ҳар бир инсоннинг умр йўлини мунаввар этади. Бугун ҳар бир маҳаллада кутубхона ташкил этилмоқда. Ўқув муассасаларида оммавий китобхонлик ўзининг дастлабки натижаларини бера бошлади. Шундай экан, ҳар бир оила бошлиғи ўз муқаддас салтанати – оиласида маърифат ҳомийси бўлмоғи шарт. Тушунмаганларга тушунтирилади. Ёдидан чиқарганларнинг ёдига солинади. Ер юзида миллионлаб одамлар саводхонлик бахтидан бебаҳра. Миллионлаб одамлар ўз исмини ёза олишдек қувончдан бенасиб. Уйига бир дона ҳам китоб олиб кирмайдиган одамлар бор.

Китоб дўконига бормаган ота ёки она эртага боласидан нима кутади?

“Китоблар донишмандликни ёйиш қуролидир” дея уқтиради машҳур педагог Каменский. “Ҳар кун жаҳоннинг энг донишманд кишилари билан мулоқотда бўлишдан кўра қимматлироқ нима бор?” дейди Лев Толстой.

Уйингизга китоб келтирсангиз, жаҳон донишмандларини уйингизга таклиф этган бўласиз. Донишмандлар яшаётган уйга бахтсизлик киролмайди.

Муҳтарам ота-оналар! Болангизнинг ўқишини назорат қилишга вақт топинг. Ўзлаштириши қийин бўлган фанини аниқланг. Болани жазолашга, ўқитувчини айблашга шошилманг. Сабр билан ёндашинг. Болага фикрлашни ўргатинг. Бола ўзини англашига ёрдам беринг. Кучига ишонтиринг. Ҳозир болага вақт ажратмасак, келажак бизни кечирмайди.

Ҳозир фурсатни қўлдан бой бериш, кексаликда хор бўлишга рози бўлишдек гап  

У йиллаб олий ўқув юртининг эшигидан бош эгиб қайтаверади. Бирор жойда иши юришмайди. Бир амаллаб уйли-жойли қиларсиз ҳам, ундан кейин-чи? То куч-мадордан қолгунча оиласини ҳам боқарсиз. Сиз ҳам темир одам ёки очилдастурхон эмассиз. Бир кун ҳолдан тойиб йиқилсангиз, сизни суяб қолувчи куч йўқлигини ҳис этиб яшашнинг ўзи оғир кечади.

“Олтмиш ёшдан кейин қандай яшашинг ва қанча яшашинг болаларингга боғлиқ”деган экан донишмандлар. Сиз етмишдан ошиб ҳам ўзингизни ўзингиз таъминлашингиз мумкин. Аммо болангизнинг жамиятда ўрни йўқлигини ҳис этиш сизни руҳан эзмайдими?

Болангизнинг шахс бўлишини кўришни истасангиз, бугун мактабга шошилинг! 

Устозлар, мураббийлар билан ҳамсуҳбат бўлинг. Уларга қанот, қувват бўлинг. Улар меҳнатини қадрланг. Бу йўлда сизга ўқитувчидан бошқа кўмакдош йўқ.

Бобосидан қолган катта бойликни кўпайтириш, ҳеч қурса, уни асраб қолиш учун ҳам илм-у уқув зарур-ку. Агар у бойлик сиздан нари йўқолишини истамасангиз болани китобга ошно этинг.

Ўн-ўн беш йил бир пастда ўтиб кетади. Болага вақт ажратган, бола билан шуғулланганларнинг болалари олий ўқув юртларига ўқишларга киради. Оламшумул ютуқларга эришади. Ота-оналарининг армонларини ушалтиради. Замонасининг етук кишиларига айланади. Омадли бўлади. Ўша омадли бола сизнинг болангиз бўлсин. Ўша омадли бола менинг болам бўлсин. Ўша омадли бола келажаги буюк Ўзбекистонинг боласи бўлсин,илоҳим!

Зулфия Мўминова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира.

17 815