Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.09.2018 17:39 Чоп этиш версияси

Китоб ўқиган ва уққан одамдан ёмонлик чиқмайди

Китоб ўқиган ва уққан одамдан ёмонлик чиқмайди
Ўзбек китобхонлиги, унинг ривожланиш босқичлари, бугунги кунда ноширлик соҳасига берилаётган имконият ва имтиёзлар, китобхон ёшлар сафи кенгаяётгани, мутолаа маданияти хусусида “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти бош муҳаррири Аҳрор АҲМЕДОВ Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Агар инсониятнинг шу кунга қадар эришган энг катта ютуғи, катта кашфиёти нима, деб сўраса, мен ҳеч иккиланмай китоб, деб жавоб берган бўлардим. Китоб билимларни оширувчи, назарий билимлар берувчи манба бўлмаганида эди, ўз-ўзидан бошқа кўплаб йўналишларда ривожланиш бўлмасди.

Халқимиз азал-азалдан китобни севган, қадрлаган. Китобхонлик маданияти жуда юксак бўлган. Бир муддат турли ҳолат ва вазиятлар сабаб бу қадимий анъана бироз сустлашгандек, гўё ҳеч ким китоб ўқимаётгандек, ҳамма фақат турмуш ташвишлари билан оворадек кўринди. Аммо мамлакатимизда китоб чоп этиш, уни ўқувчига етказиб бериш борасидаги ишлар тўхтаб қолгани йўқ. Демак, китобхонлар ҳам камайгани йўқ. Аммо ноширлик соҳаси эътиборталаб соҳалардан бири бўлиб қолаётган эди. Бу эса ҳуқуқий, иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни талаб этарди.

Президентнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни тизимлаштириш ва ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Юртимизнинг қай гўшасида қурилиш ишлари бўлаётган бўлса, ўша иншоотлар қуриш режасида, албатта, кутубхона ёки китоб дўкони бўлиши белгиланган. Бу бизни қувонтирадиган, фарзандларимиз камоли, уларнинг порлоқ келажаги учун ўйланган пухта режадир. Шу тариқа қисқа муддатда юртимиз “Китоб ва китобхонлар мамлакати”га айланди.

Китоб маънавий бўшлиқни тўлдиради, маданиятни юксалтиради. Маънавияти бутун, маданиятли инсондан эса ёмонлик чиқмайди. У хиёнат қилмайди. Аммо ўзини китобхондек кўрсатиб сохта яшайдиган, ўзини кўз-кўз қиладиганлар асл маънавиятли эмас. Уларнинг китоб ўқишига ҳам шубҳа билан қарайман.

...Бир вақтлар ёйма савдо-сотиқ бўлаётган жойда кўп кузатган воқеа ёдимга тушди. Савдога қўйилган ёйма маҳсулотларнинг охирида китоб сотиладиган жойдан ўтиб кичкина емакхонага кириларди. Кўпчилик китобни айланиб ўтиб (салкам босиб ўтарди) ўша емакхонада овқатланарди. Ёнгинасидаги китоблар эътиборни тортмасди ҳам. Бепарво ўтиб кетганлар орасида давраларда китоб ўқиш керак, китоб сотиб олишни такомиллаштириш керак, деб маъруза қилганларни ҳам кўрганман.

Эркин иқтисодий жараёнда тадбиркорлар китоб савдосини ҳам эркинлаштириб юборгани нарх-навонинг сунъий кўтарилишига сабаб бўлди. Қоғоз четдан келтирилади. Китобнинг таннархи ҳам шу боис қимматроқ. Аммо таҳлил этиб кўрилганда, тадбиркорликдаги биринчи қўл деганда ҳам китобнинг қадрини фақатгина нарх белгилайди, деб ҳисоблайдиган ишбилармонларнинг кўпайиб кетгани ачинарли. Шундай фикрлаш ва хатти-ҳаракат натижасида китобхон китобдан узоқлашмоқда. Агар бу жараён узоқ давом этса, миллат маънавияти, китобхонлик маданиятига жиддий таъсир этиши мумкин. Айни тизимни тартибга соладиган ҳуқуқий нормалар жорий этилиши керак, деб ҳисоблайман.

“Шарқ зиёкори” китоб дўконининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида филиаллари бор. Бундан ташқари, кўчма китоб савдолари ҳам мунтазам ташкил этилади. Бундан ташқари, юқоридаги қарор асосида маҳаллаларда кутубхоналар ташкил этилмоқда. Китобхонлик кечалари, суҳбатлар ўтказилади. Бу саъй-ҳаракат бугун натижа бермаслиги мумкин. Аммо вақти келиб ўзининг ширин, тотли мевасини беради.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Ёш китобхон” танлови ўтказила бошланди. Шу жараёндаги бир маълумот эътиборимни тортди. Мазкур танловнинг ўтган мавсумида 250 минг ўғил-қиз иштирок этиб, улар орасидан сараланган ёшлар Президент совғаси – енгил автомашинага эга бўлди. Бу йил ушбу танловда қатнашиш учун 720 минг ёш мурожаат этгани нечоғлик аҳамиятли танловга айланганини кўрсатмоқда. Қолаверса, бу ёшлар китоб ўқимаяпти, деган қараш хато эканининг ҳам исботидир. Бу ҳар йили нашриётимиз томонидан чоп этилаётган адабиётларни сотиб олишга бўлган талаб ўсиб бораётганида ҳам намоён бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг юқорида айтилган қарори ноширликка кенг йўл очиш баробарида китобхонлар сафини кенгайтиришга хизмат қиладиган эзгу ишларни ҳам бошлаб берди. Энг сара асарлар кўпроқ босмадан чиқарилиб, китобхонларга етказиб берилмоқда.

Ишлаб чиқаришга, тадбиркорларга берилаётган эътибор сабаб ноширликда ҳам эркин, мустақил иш бошлаган ва фаолият юритаётган хусусий нашриётлар сафи кенгайиб кетди. Бу каби босмахоналарда китоблар кўп ҳолларда муаллифдан сўралмай чоп этилади. Ёки сотуви тезроқ бўладиган олди-қочди асарлар нашр этилмоқда. Уларнинг кўпи китобхонлик талабига жавоб бермайди. Китоб бизнес манбаи бўлмаслиги лозим. Буни англаб етгунимизча айнан шундай асарларни ўқишга китобхон ўрганиб бўлади. Ундан кейин бу жараённи тўхтатиш, тартибга солиш, сара асарлар мутолаасига эришиш жуда қийин кечади.

Айтиладиган гап битта – китоб ўқиш бу бўш вақтни “ўлдириш”, ё кўнгилхушлик эмас. У жамиятнинг умумий савиясини кўтарадиган, тараққиётга, ривожланишга хизмат қиладиган энг муҳим омил. Илмдан, маърифатдан, китобдан фойдаланган миллатгина ўзлигини англайди, юксалади.

Барно Мелиқулова, ЎзА
1 695