ЎзА Ўзбек

24.03.2020 Чоп этиш версияси

Китоб – дунёнинг саккизинчи мўъжизаси

Китоб – дунёнинг саккизинчи мўъжизаси

#Мен_китоб_мутолааси_билан_бандман #chellenj ига мулоҳазаларини юборган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ориф Тўхташ шундай дейди:

– “Мен ҳаётда нимагаки эришган, нимагаки ақлим етган бўлса, барча-барчасига китоб орқали етишганман” қабилидаги иқрор сўзларни кўп зиёлиларнинг фикр-мулоҳазаларида учратамиз. Қолаверса, дунё илм-фани, адабиёти, маданияти, санъати минг йиллар мобайнида эришган ютуқлар то бизга қадар китоб воситасида етиб келгани ҳам ҳақиқат.

Бизнинг оиламизда ҳам китобга бўлган меҳр ўзгача. Фарзандларимизга ёшига мос китоблар олиб беришга ҳаракат қиламиз. Ҳар куни кечки нонуштадан кейин ўқиган китобларимиз ҳақида бир муддат баҳсга киришамиз.

Бугун дунё аҳолиси саросимада. “Тождор вирус” балоси инсонларни ўз уйига қамади. Бу ҳолатдан ваҳима ясамоқ ножоиз. Ҳаётнинг бизга берилган бир синовидир эҳтимол...

Шундай лаҳзаларда биз оила аъзоларимиз билан севимли машғулотимиз – мутолаага шўнғидик. Айни дамларда мен таниқли адиб ва публицист Хайриддин Султоннинг “Ҳақиқат жамоли” номли янги китобини ўқияпман.

Бу китоб муаллифнинг қирқ йиллик ижодий фаолияти давомида ёзилган мақола, бадиа ва суҳбатларидан саралаб олинган битиклардан таркиб топган. Куюнчаклик кайфиятидаги ҳар бир мақола ва суҳбатни мароқ билан мутолаа қиляпман.

Муаллиф ушбу китоби орқали адабиётимизнинг забардаст вакиллари ҳаёти ва ижоди ҳақида, шунингдек, муҳим ижтимоий ва ижодий жараёнлар хусусидаги ўз қарашларини маънавий бедорлик кайфиятида қаламга олган. Моҳир ижодкор публицистикадаги ўзига хос услуби ва мавзуга самимият ила ёндашуви орқали ўқувчини китобга “маҳкам боғлайди”.

13 ёшли қизим Паризода атоқли адибимиз Тоҳир Маликнинг “Алвидо, болалик” қиссалар тўпламини ўқиб тугаллаш арафасида турибди. 9 ёшли ўғлим Бобуржон эса таниқли шоира Зулфия Мўминованинг “Донишманд тошбақанинг кўзойнаги” номли эртак китоби мутолаасида.

Ёзувчи Дени Дидронинг “Кимки китоб ўқишдан тўхтаса, билингки, у фикрлашдан ҳам тўхтабди” деган мулоҳазаси бор. Демак “дунёнинг саккизинчи мўъжизаси” дея эъзозли эътироф қилинадиган китоблар оламига саёҳатларимиз хайрли ва бардавом бўлғай!

4 357
ЎзА