ЎзА Ўзбек

29.03.2020 Чоп этиш версияси

Китоб – дунёда энг яқин дўст, маслаҳатчи ва ҳамкордир...

Китоб – дунёда энг яқин дўст, маслаҳатчи ва ҳамкордир...

#Мен_китоб_мутолааси_билан_бандман #chellenj давом этади. Навбатдаги иштирокчи Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Карим Баҳриев ва унинг оиласи.

- Аллоҳнинг ҳар тақдирида бир ҳикмат бўлади, албатта. Бугун одамларни оиласига қайтарди ва бир-бирларига дуч қилди. Ота-оналарни фарзандларига кўпроқ эътибор қилишга ундади ва, ниҳоят, ҳаётнинг омонатлигини англатди. Бизни вазият яна йиллар бўйи йиққан, ўндан бири ўқилган ё ўқилмаган олти-етти мингта китобли, жой етмаганидан токчаларга ҳам тиқилган шахсий кутубхонамизга қайтарди.

Шахсий кутубхонамизнинг бир деворида Мережковский, Блок, Гиппус, Волошин, Стейнбекнинг, Яннинг томликлари Навоийнинг 1963 йилги 15 томлиги билан ёнма ён, Макс Фриш 3 томлиги Абдулла Ориповнинг 4 томлигига суянган. “Иностранная литература” кутубхонасининг 100 жилди, “Фалсафий мерос”нинг 110 томи, Арастунинг 10 томи, Турк тилининг том-том луғати, Айтматовнинг яқиндагина қизи Ширин совға қилган 10 томлик тўла асарлар тўплами қаторлашган... “Буларни биздан кейин биров ўқирмикан... Болалар планшет, смартфондан ўқияпти” деган ташвишларимиз ҳам ариди. Ўқишяпти.

Ҳали кўп нарсани билмаймиз, билмаганимиз улкан бир тоғдир. Агар озроқ нимагадир эришган бўлсак, устозларимиз ва мана шу китобларнинг хизматидир.

Қизимиз Шаҳло рус мактабида ўқиган ва институтнинг ҳам рус гуруҳида ўқийди, ўзбек тилини ҳам яхши билади, бир неча илмий китобни русчага ўгирди. Бизнинг таклифимиз билан бир асарни русчага таржима қиляпти.

Ўғлимиз ҳам онлайн тарзда 4-синф дарсларини ўқийди, ҳам шу кунларда интернет орқали ўтказилаётган олимпиадада қатнашмоқчи. Китобларни нафақат ўқийди, балким компьютерда теради, қўли келишсин, деб зарур бўлмаса ҳам қайтармаймиз.

Турмуш ўртоғимиз олдига бир вақтнинг ўзида ўнта китобни қўйиб олган, телекўрсатуви учун Достоевскийни ва Шароф Рашидов ҳақидаги асарларни ўқияпти, иккаламиз ҳам Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида дарс берамиз, онлайн дарслар учун глобал коммуникацияларга оид китобларни ўқиб туради.

Мен шу кунларда Генри Форд романини ўқиб, таржима қилиб тугатдим, озарбайжоннинг жадид шоири Мирзо Алиакбар Собирни таржима қиляпман.

Генри Форд – XX асрнинг энг биринчи миллиардерларидан ва буюк менежерларидан бири, ишлаб чиқаришда оқим-конвейер йўлини жорий этган, АҚШ автомобиль саноатининг “отаси” ҳисобланган инсон эди. Ўзи ҳақида ёзилган кўп китобларни ўқиб, охири ўзи ёзишга қарор қилган. Дунёнинг юзлаб мамлакатларида минглаб марта миллионлаб ададларда нашр этилган бу китоб Форд ҳаётининг тилсимлари, муваффақиятининг сирлари ҳақида ёрқин, тимсолли, қатъият ва илҳом билан битилган. Форднинг бу ҳаётномаси тарихий қимматидан ташқари, бугун ҳам ислоҳотлар ўтказаётган ва ўз иши ҳамда ҳаётини ижодий ўзгартиришга чоғланган иқтисодчилар, социологлар, бизнес ташкилотчилари ва мамлакат раҳбарлари, ҳаётда муваффақиятга эришаман деган ҳар бир одам учун долзарб китобдир.

Форд ҳақида кўплаб одамлар ёзган, уни бой-бадавлат, миллиардер эканини, Янги Дунёнинг буюк саноатчиси, ўқимаган даҳо эканини таърифлаган. Лекин унинг ўзи узоқ жим турди, матбуотда ҳам, адабиётда ҳам кўринмади. Ўзи ҳақидаги китоблар ва мақолаларни ўқиб-ўрганиб, охири ўзи ҳақида ўзи ёзишга қарор қилди. Китоб дарҳол бутун дунёда машҳур бўлиб кетди.

Форд нафақат йўлида чиққан муаммолар ва рақиблар билан, балким ўзи-ўзи билан ҳам курашиб яшаган ва бундан осон моҳият топа олган: ҳамма одамлар ҳар хил, тенглик бўлиши мумкин эмас, ҳатто Генри Форднинг ўзидан иккита бўлса, улар ҳам бир-бирига тенг бўлмасди, дейди у.

Форд ёзади: “Кимдир машиналар ва саноатнинг кучайиб бораётган қудрати ҳақида гап бошласа, кўз ўнгимизга совуқ, темир машиналар дунёсининг тимсоли келади, бу совуқ темирлар дунёсида дарахтлар, гуллар, қушлар, ўтлоқларни темир машиналар ва темир одамлардан иборат бўлган улкан заводлар сиқиб чиқаради. Мен бунақа тасаввурга қўшилолмайман. Бундан ташқари, хаёл қиламанки, агар биз машиналардан яхши фойдаланишни ўрганиб олсак, бизда дарахтлар ва қушлар, гуллар ва ўтлоқлардан баҳра олиш учун вақт кўпроқ қолади”.

Турмуш ҳақида: “Менимча, “яшаш” ва “яшаш учун маблағ топиш” тушунчаларининг қарама-қарши экани ҳақидаги хато тасаввурларимиз билан ҳаёт қувончларини чўчитиб қўйиш учун кўп ишлар қилдик. Биз шунча кўп вақт ва кучни яшашга маблағ топишга сарфлаймизки, ҳаёт завқ-шавқи учун вақт ва куч оз қолмоқда. Куч-қувват ва машина, пуллар ва мол-мулк ҳаётий эркинликка қанчалик қулайлик яратса, шунчалик лозимдир. Бойлик мақсад эмас, мақсад учун воситадир”.

Ислоҳотлар тўғрисида: “Ўзини ислоҳотчи атайдиган айрим шахслар аслида ҳаммасини вайрон қилишга киришгандир. У ёқасидаги тугмача ўз тешигига кирмаётгани учунгина бутун кўйлакни бурда-бурда қилиб ташлаётган кимсага ўхшайди. Тугма кирадиган тешикчани сал катталаштириш фикри унинг миясига келмайди. Агар мамлакатга, масалан, бизнинг мамлакатга Вашингтон самовотдир, унинг аршида, булутлар тепасида ҳаммадан қудратлилик ва ҳаммасини билиш қўр тўкиб ўтиради, деб уқтирсангиз – мамлакат гиёҳванд каби келажаги йўқ бир қарамликка ўтириб қолади. Мадад Вашингтондан, Америка ҳукуматидан келмайди, мадад ўз қўлимиздан, халқдан келади, бунинг устига ўша Вашингтонга, бизнинг меҳнатимиз маҳсули тўпланадиган ва умум манфаати учун тақсимланиши керак бўлган марказга, эҳтимол, биз мадад бера оламиз. Биз ҳукуматга ёрдам берамиз, ҳукумат бизга ёрдам бермайди”.

Маъмурий-буйруқбозлик тизими ҳақида: “Ишбилармонлик ҳаётида маъмуриятчилик руҳи озроқ бўлсин ва маъмуриятда ишчанлик руҳи кўпроқ бўлсин”, — деган шиор жуда мақбулдир, чунки у нафақат ишбилармонга ва давлатни бошқаришга, балким халққа ҳам фойдалидир. Америка Қўшма Штатлари ишбилармонлик ниятларида бунёд этилгани йўқ. Мустақилликнинг эълон қилиниши – тижорат акти эмас, АҚШ Конституцияси – маҳсулотлар каталоги эмасдир. Америка Қўшма Штатлари – мамлакатдир, ҳукумат ва хўжалик ҳаёти – фақат воситадир, унинг мақсади халқ ҳаётига қадр-қиммат бахш этишдир. Ҳукумат – халқнинг хизматкоридир ва ҳамиша шундай бўлиб қолиши керак. Ҳукумат ўзини тана ҳисоблаб, халқ унинг ортиқча думига айлана бошлаган заҳоти, қасос қонуни кучга киради, зеро бундай нисбат нотабиийдир, ахлоқсизликдир ва ноинсонийликдир. Ишбилармонлик ҳаётисиз ва ҳукуматсиз жамият бўлиши мумкин эмас. Улар ўз зарур хизматларини амалга оширар экан, худди нон ва сув каби зарурдир; аммо, ҳукумат ҳокимиятга айланиб зулм қила бошлар экан, у табиий қонуниятларига қарши бораётган бўлади”.

Журъат ҳақида: “Истиқболдан ва бўлиши мумкин бўлган омадсизликлардан қўрқадиган одам ўз қўллари билан фаолият доирасини торайтиради. Омадсизликлар – ишни яна қайтадан бошлаш ва янада оқилона ҳаракат қилишга сабаб бўлиши шарт. Омадсизлик шармандалик эмасдир – омадсизликдан қўрқиш шармандаликдир.

Ҳаёт, менинг англашимча, бекат эмас, ҳаёт – саёҳатдир. Унда “дам олиш учун тўхтадим” деб ўйлаётган одам, аслида ортга, пастга кетаётган одамдир. Чунки ҳамма нарса ҳаракатдадир ва аввал бошданоқ ҳаракат учун яратилгандир. Ҳаёт оқиб боради. Ҳатто, агар инсон ҳамма вақт айнан битта кўчада яшаса ва айнан битта уйда истиқомат қилса ҳам, кўча ва уй ўзгармаса ҳам, инсоннинг ўзи ўзгаришдадир, ҳар куни бошқачадир.

Ана шу ҳаёт – бу жанг, унда бирор хато қадам қўйсанг, ўша заҳоти ютқазасан, деган ақидадан мунтазамлик, ўзгаришларни ёқтирмаслик иштиёқи пайдо бўлади. Одамлар ярим ўлик ҳолатларига кўникадилар.

Бунақа одамларни ҳар қадамда учратаман, улар англамайдиларки, кечаги кун кечаги кунда қолиб кетди, бугунги кунда кечаги хаёллар билан кўз очмаслик керак. Шундай бир қоидани тошга ўйиб ёзиш керак: “ўз йўлимни батамом топиб олдим, етади”, дейдиган одам ўзига бир боқсин, қарасин, мияси ухлаб қолганини кўрсин. Хавф дилимизга “ҳаётда қиладиган ишимни қилиб қўйдим” деган кибр билан кириб келади. Бундай эътиқоднинг таҳликаси шундаки, тарих ғилдираги кейинги айланганда биз, инсон ва миллат ўлароқ, орқага ташлаб юбориламиз.

Бундан ташқари, ҳамма одамлар устимдан кулмасин, тентак деб ўйламасин, деб даҳшатга тушади, бирор янгиликка интилмайди. Тан оламан, ижтимоий фикр – одамларни сиртмоқда ушлаб турадиган катта кучдир. Ижтимоий фикр инсонни маънавий жиҳатдан мукаммаллаштирмаса ҳам, ижтимоий жиҳатдан бир қадар жиловлаб туради. Лекин адолат ва тараққиёт учун бироз тентак бўлиш ҳам мақбулдир. Қолаверса, тентаклар узоқ яшайдилар ва жуда кўп умрлари ўзларининг тентак эмасликларини исботлаш билан ўтади. Улар бошлаган иш ўлганларидан сўнг ҳам давом этади ва улар тентак бўлмаганликларини исботлайди”.

Биз Генри Форднинг юз йил аввал чоп этилган китобини бугунги кунимизга алоқасиз дея олмаймиз. Мана, у монополия, монополистлар ва рақобат тўғрисида ёзади: “Эшитдимки, рақобатни катта хавф ҳисоблашар экан ва уддабурон монополист бизнесмен ўз рақобатчисини йўлдан олиб ташлар ва сунъий тарзда монополия яратаркан. Унинг фикрича, харидорларнинг сони чекланган ва шу туфайли рақобатчилар пайдо бўлишининг олдини олиш лозим. Бизнинг бизнесни меҳнат, фақат меҳнат бошқаради. Бу биз лавозимларни ёқтирмаслигимизнинг яна бир сабабидир. Лавозим ва мансаблар одамларни даҳшатли тарзда тезда айнитади, мансаб дангасаликка сабаб бўлади ёки дилга шундай қутқу солади: “Мен буюкман, анави пандавақилар ишлаши керак”. Вайронкор рақобатда тараққиётга олиб келадиган фазилатлар бўлмайди.

Тараққиётнинг асоси – ҳимматли рақобатчиликдир. Ёмон рақобат ҳамиша шахсий манфаатларга хизмат қилади. У ҳамиша қандайдир якка шахслар ёки гуруҳларнинг юксалишига хизмат қилади. Бу кимнидир “яксон” қилишга чоғланган ҳарбий ҳаракатлар кабидир. Бундай рақобатчилик батамом бир худбинликдир. Айтайлик, у ишлаб чиқарилган маҳсулот учун ғурурланишдан, элга хизмат қилишдан ёки ҳатто ишлаб чиқаришнинг илмий усулларини эгаллашга интилишдан келиб чиқмайди. Унинг истаги жўн ва жайдари — у пулдан фойда олиш мақсадида бозордан бошқаларни сиқиб чиқариш ва майдонни эгаллаб олишни истайди. Монополист мақсадига эришгач, биз сифати паст, лекин қиммат маҳсулот ола бошлаймиз.

Агар биз монополизм яратган пасткаш, вайронкор рақобатчиликдан холос бўлсак, кўплаб ўрнашиб қолган тушунчалардан қутулган бўлардик. Биз нимадандир фойдаланишга келганда, эски усулларга ва жўн тасаввурларга жудаям боғланиб қолганмиз. Бизга катта сафарбарлик керак.

Хорижий инвестициялар ҳақида: “Қийин вазиятда қарз олиш ичкиликбозликка ўхшайди, яъни биринчи қултумни самарасини ошириш учун иккинчи ютумни ичганидек гапдир. Бизнесда йўл қўйилган камчиликни тўғрилаш фоизлик кредитни тўлашдан юз баробар осон ва фойдалироқдир”.

Урушлар ва тўқнашувлар бугунги низоларга ҳам тааллуқлидир: “Охирги урушнинг, унинг олдидан ва ундан кейин кечган воқеаларнинг холис таҳлили муқаррар шундан далолат берадики, дунёда бир қудратли шахслар гуруҳи бор, улар кўздан панада қолишга уринадилар, юқори лавозимлар ва ҳокимиятнинг ташқи белгиларига интилмайдилар, муайян миллатга мансуб эмаслар, – бу ҳукмронлар ҳукуматлардан, трансмиллий саноат корпорацияларидан, матбуотдан ва оммавий ташвиқотнинг барча воситаларидан фойдаланган ҳолда, дунёга саросима тарқатадилар. Бу қиморбозларнинг эски найрангига ўхшайди – хонтахтада пул кўпайган пайти “Полиция!” деб қичқирадилар, ҳамма таҳликада қочаётган пайт ўртадаги ҳамма пулни олиб, кўздан ғойиб бўладилар. Дунёда ҳам “Уруш!” деб бақирадиган ва ҳамма халқлар саросимага тушган пайтда, ўртадаги маблағларни олиб қочадилар. Шуни унутмаслигимиз керакки, гарчанд биз ҳарбий ғалабага эришган бўлсак-да, ҳануз ўртадаги халқларни гиж-гижловчи олчоқларни янчиб ташлай олмадик. Шуни унутмаслигимиз керакки, дунёдаги урушлар сунъий барпо этиладиган ёвузликдир, у онгли равишда, муайян техник усуллар кўмагида юзага келтирилиши мумкин. Аввал бир халққа нисбатан шубҳа туғдиришади, кейин иккинчи халқни қайрашади. Бунинг учун бир нечта тажрибали ва виждонсиз жосус ҳамда манфаати урушдан орзуларидаги даромадни оладиганлар билан бир бўлган матбуот кифоядир. Тезда жангга кириш учун баҳона топилади. Иккала миллатнинг нафрати етарли кучга эга бўлгандан сўнг, баҳона топиш қийин иш эмас.

Уруш бошланганида қувонадиган ва уруш тўхтаганидан хафа бўладиган кимсалар ҳамма мамлакатларда топилади. Фуқаролик уруши пайтида Америкада юзлаб бойлар пайдо бўлганди ва Жаҳон урушидан сўнг минглаб янги бойлар юзага келди. Шуни инкор эта олмаймизки, урушлар – ҳаром пуллардан жирканмайдиганлар учун даромадли ишдир. Урушлар – қоннинг жунбушга келиши каби пулнинг жунбушга келишидир.

Агар халқнинг ҳақиқий шаъни ва шавкати нималигини билганимизда эди, бизни бу қадар осон урушга жалб эта олмасдилар. Хусусий бойлар кўпайиши билан мамлакат буюк бўлиб қолмайди. Заминдор, деҳқон халқни саноатчига айлантирган билан ҳам мамлакат буюк бўлиб қолмайди. Агар мол-мулк имкон қадар кўпчилик аҳолига адолатли тарзда тақсимланса, халқнинг даромади ва ишчанлиги манбалари оқилона тасарруф этилса, мамлакат буюк бўлиши мумкин.

Демократия ҳақида Генри Форднинг фикри: “Бизнинг замонамизда ҳеч бир сўз “демократия” сўзи каби кўп чайналмади, бу сўзни айтиб, энг баланд қичқираётганлар, менинг фикримча, уни энг кам истайдиганлардир. Мен ҳамиша демократия ҳақида энг жўшиб гапирадиганларга шубҳа билан қарайман. Менга туюладики, улар аслида ё зулмни ўрнатмоқчилар ёки ўз зиммаларидаги ишни бошқага қилдирмоқчи бўладилар. Мен эса ҳар кимга қобилиятларига кўра тенг имконият берадиган демократия тарафдориман”.

Бойлар ва қашшоқлар тўғрисида: “Бундан олдин эса катта саъй-ҳаракатлар билан яна бир мафкура тиқиштирилганди, эмишки, барча “бойлар” да инсоний туйғулар йўқ, ҳамма ишонардики, гўё одамгарчилик, инсонийлик фақат “камбағаллар”да бор эмиш. “Бойлар” ҳам, “камбағаллар” ҳам – озчиликдир; жамият фақат “бойлар” ва “камбағаллар”дан иборат эмас. Бойлар қашшоқлашганда ҳам кўрдик – уларнинг инсоний фазилатлари ўзгармади, камбағаллар бой бўлганда ҳам, уларнинг ички дунёси ўша-ўша эди. Бойлар ва қашшоқлар ўртасида бой ҳам, камбағал ҳам бўлмаган одамларнинг улкан ўрдаси бор. Фақат миллионерлардан иборат бўлган жамият бизнинг бугунги жамиятимиздан бошқача бўлмайди: айрим миллионерлар бари бир буғдой экиб, ўстириши ҳамда нон ёпиб сотишига тўғри келади, чунки инсонлар нонсиз яшай олмайди, бошқа миллионерлар механизмлар яратиб, поезд бошқариши керак бўлади – акс ҳолда ҳамма бир ерда қимирламай қолади. Кимдир ишлаши керак. Шунинг учун бизда ҳеч қанақа доимий синфлар йўқ. Ишлайдиган ва ишламайдиган одамлар бор. Ҳозир кўпиртириб ёзилаётган “синфлар”нинг аксарияти соф ёлғондир, тўқимадир”.

Шу кунларда ўқиб, таржима қилаётганимиз Мирзо Алиакбар Собир Чўлпон, Фитрат, Қодирийларнинг маслакдоши, озарбайжон жадидларининг етакчиларидан биридир. У миллатнинг фожиаси фикрсизликда, илмсизликда, китобсизликда, лоқайдликда деб биларди ва бунинг оқибатида ҳамжиҳатликнинг йўқлиги, ҳар золимга “хўп-хўп” деб қўлни кўксида қўйиб туришда эканини таъкидлаб икки томли “Хўп-хўпнома” девонини яратганди.

Миллат шони ҳамманинг дарди бўлиши керак, афсуски миллат бойлари миллатга эш бўлмади, дерди:

Тангри ҳар ерда пулни бир юраги сахтга берар,

Маърифат дардини бир шоири бадбахтга берар...

Собирнинг куйинишича:

Бирликка қувват эрур биз учун Қуръон,

Амр айлар экан бирликка Пайғамбари шон,

Топмайсан нега иккита пок дўстни мусулмон

Кавказда бўлган бир неча милён орасинда?!

Ахир, бу не тафриқи тахаллуқдир, эй уммат?!

Қўлдан кетмоқда, англамайсизми, бу миллат?!

То кай бу мухолиф, бу тафарруқ, бу адоват

Бир дин, бир ислому бир иймон орасинда?!

Бугунги синов кунларида тириклигимизнинг бир чети табибларимизга боғлиқдир. Собирнинг “Азроилнинг истеъфоси” деган шеъри нўноқ табиб туфайли жон берган халқ ҳақида:

Азроил арз этаркан, сўйлади: “Эй, роббил жаҳон...

Бир табиб банданг бу йил қулларингни қилди яксон.

Мен бир жонни олмоққа ҳалак эрдим қанчалаб,

Бу табиб жонни олар бемалол минг-мингталаб.

...Бошқа бир хизматни бер, айла мени миннатдор,

Азроил бўлмоқни бер шу табибингга зинҳор”.

Халқнинг умиди Аллоҳдандир. Шу ўринда Собирнинг бошқа бир болалар учун ёзган “Искандар ва фақир” шеъри ёдга келади. Унда шоҳ йўл бўйида пашша талаб ётган камбағал дарвешга кўзи тушиб, “Тила тилагингни, бажо айлай!” – дейди:

“Эй фақир, эҳтиёжингни кўрсат,

Сўра мендан – не истагинг шу фурсат!

Дардингни сўйлагин – даво этайин,

Не эса ҳожатинг – раво этайин!”

“ – Подшоҳим, мен сенга рижо этаман:

Бу пашшалардан истиқо этаман;

Ҳукм қил ки, то учиб кетсинлар,

Мени бир лаҳзага роҳат берсинлар”.

“ – Воҳ, инсон, ҳожат иста ки, у битсин,

Токим, унга бизнинг ҳукмимиз ўтсин.

Ахир, бу ишда йўқдир имконим,

Чивинларга ўтмас амру фармоним”.

“ – Подшоҳим, шу ҳолинг ила ажаб

Менга дерсан ки, ҳожат айла талаб?

Ҳолбуки, кўп латифдирбулар,

Ҳар тоифадан заифдир булар.

Йўқ экан бир пашша устидан қудрат,

Мен нечук сендан истайман ҳожат?”

Эй ўғил, ҳожатни худодан тила,

Дардингни зоти кибриёдан тила.

Жумланинг дардлари давоси улдир,

Ожизнинг, қодирнинг худоси улдир.

Бу кунларни сабот ила ўтайлик, Яратган дунё дардларидан фориғ қилсин ва юртимизни, халқимизни – ҳаммамизни юрт равнақи ва эл фаровонлиги учун сафарбар қилсин.

5 713
ЎзА