Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.04.2018 15:23 Чоп этиш версияси

Китоб – буюк келажак пойдевори

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги марказий аппарати ҳовлисида китоб ярмаркаси ташкил этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 13 сентябрдаги "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарори китобхонликни оммалаштиришга оид ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Мазкур тадбир ҳам китоб маҳсулотлари чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва эришилаётган натижаларни кенг жамоатчиликка намойиш этиш, халқимиз, жумладан, ички ишлар органларида меҳнат қилаётган ходимларнинг китобхонлик маданияти, маънавий оламини юксалтириш, ижодкорлар ва китобхонлар ўртасидаги мулоқотни жонлантиришга қаратилган.

Ярмаркада «Шарқ зиёкори» масъулияти чекланган жамияти, «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи, «Янги аср авлоди» нашриёти ҳамда «Китоб олами» маънавий-маърифий савдо мажмуаси томонидан илмий-оммабоп, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, адабий-бадиий, ҳуқуқий адабиётлар, болалар ва ўсмирларга мўлжалланган китоблар намойиш этилди.

– Китоб инсоннинг ҳамроҳи, дўсти, кўмакдоши бўлиш билан бирга, буюк келажагимизнинг мустаҳкам пойдевори ҳамдир, – дейди Ички ишлар вазирлигининг Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Тўлаган Абдуллаев. – Ярмаркада нафақат ички ишлар органи ходимлари учун зарур адабиётлар, балки уларнинг оила аъзолари, фарзандалари учун ҳам китоблар намойиш этилди. Шунинг учун ярмарка жуда қизғин ўтди. Мен ҳам ўзим ва оила аъзоларим учун бир нечта китоб харид қилдим.

Гўзал Сатторова, ЎзА
5 556