Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.06.2018 17:15 Чоп этиш версияси

Китоб – ҳаётни ўргатувчи мураббий

Китоб – ҳаётни ўргатувчи мураббий
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 12 майдаги “Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорини ўқиб

Асримизга келиб ахборот-коммуникация технологиялари тараққий этди. Табиийки, бу жараёнда «энди бировнинг китоб мутолаа қилишига ишониш мушкул», деган жўн қарашлар ҳам юзага келгани бор гап. Бу ҳолат адабиёт жонкуярларини чуқур ўйга толдирди. Тинчи йўқолган заҳматкашлар бу борада турли анжуманлар, илмий-амалий семинарлар ва кўнгилочар тадбирлар уюштириб, ўзгалар фикрига қулоқ осди. Мутолаадан узоқлашаётган қатлам аҳлини манфаатли акцияларга чорлаб, уларга китоб ўқигани учун миннатдорлик совғаларини улашди. Ниҳоят узоқ баҳс-мунозаралардан сўнг кенг жамоатчиликда: «Ҳар қандай ақлни шоширадиган кашфиёт китоб мутолаасига тўсқинлик қилолмайди, аксинча, ўзгаришларнинг сир-синоатини англашда китоб асқотади», деган фикр пайдо бўлди, тўғрироғи, шакллантирилди.

Китоб нафақат зиё масканларини ёритувчи нур, балки инсонларни камолот сари етакловчи муҳим маънавий хазина ҳамдир. 

03.jpg

У инсонга маънавий озиқа берибгина қолмай, унинг тафаккурини ҳам бойитади, келажакка аниқ мақсадлар билан одимлашда мустаҳкам пиллапоя вазифасини бажаради. Шу боис, китоб кишининг яқин дўсти. Бунга оддий мисол: мактабга илк бор қадам қўйган болага устози китоб тутқазади. Ўша дақиқадан бошлаб ўқувчининг қалбида китобга бўлган меҳр уйғонади ва бу меҳр уни эзгу мақсад, юксак орзулар парвозига чорлайди.

Ёшларимиз орасида китобни севиб, уни меҳр билан қўлга олиб ўқийдиганлари билан бирга, аксинча, китобга беписандларча муносабатда бўладиган, кутубхонадан олиб, уйда ўқимасдан сақлаб ўтирадиганлари, қолаверса, бутун ўқув йили давомида китоб жавонида сақлайдиганлари ҳам йўқ эмас. Ҳозирда бундай лоқайдликка барҳам бериш чоралари кўрилиб, китобхон ўқувчи бўлиш шараф экани тарғиб қилинмоқда. 

Натижа ҳам узоқ куттирмаслиги аниқ, албатта.

01.jpg

Умуман, барча турдаги китоблар инсоннинг маънан юксалишига, салоҳиятини бойитишга хизмат қилади. Бадиий китоблар кишининг сўз бойлигини оширади, теран фикрлашга ундайди. Бадиий китоб ўқишнинг фойдали жиҳатлари жуда кўп. Чунки ҳар қандай асар ўзининг ғояси, мазмуни билан инсон онгига таъсир ўтказади. Асарда кўтарилган бирор муаммо ўқувчини баҳс-мунозарага чорлаш билан бирга, уни шу мавзу юзасидан чуқур мулоҳаза юритишга ундайди. Асардаги ҳар бир қаҳрамон ҳаёти, хоҳ у ижобий ёки салбий бўлсин, инсонга маълум маънода сабоқ беради.

“Улуғ аждодларимизнинг ақл-заковати ва бадиий даҳоси билан яратилган ноёб асарлар, хусусан, математика, минералогия, астрономия, кимё, тиббиёт, фармацевтика, меъморлик, тарих, адабиёт, санъат, илоҳиёт, фалсафа ва бошқа соҳаларга оид манбалар нафақат бизнинг халқимиз, балки жаҳон аҳлининг бебаҳо бойлиги ҳисобланади. 

04.jpg
Ана шундай беқиёс меросимиз асосида ташкил этилган “Ёш китобхон” танловида 250 минг нафарга яқин ёш иштирок этиб, танлов ғолибларига “Президент совғаси” – енгил автомашина топширилгани ёшлар ўртасида китобхонлик маданияти ривожланишига муҳим таъсир ўтказди”, дейилади Президентимиз қарорида.

Мана, илм, бахт ва фаровонлик рамзи бўлган китоб тарғиботи шаҳар-у қишлоқларимизда кенг тарғиб қилиниб, омма ичра ёйилмоқда. Халқимиз ҳамиша китоб ўқиб, айниқса, “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш” каби халқ достонларидан лаззат туйиб яшаган. Бундай муҳитда улғайган фарзандлар камолида ҳам муаммолар у қадар кўзга ташланмаган. Чунки орият, мардлик, тантилик, кечиримлиликдан ибрат берувчи қироатхонлик кечалари вояга етаётган йигит-қизга тўғри йўл сари ёрқин маёқ бўлган. Авлодлар алмашинуви – халқимизнинг асрлар оша бир-бирига елкадош бўлиб яшаб келаётган фарзандлар орасида тирикчилик важида китобга бўлган эътиборни бир оз сусайтиргандек туюлди. Лекин, минг шукрки, бу ҳол бугун ортга чекинмоқда.

Бир сўз билан айтганда, адабиёт одамларнинг инсоний қиёфаси шаклланишида муҳим аҳамиятга эга. Китобхонлик тараққиётнинг янги эшигини очади, шунда фаровонлик юксалади. Зотан, Амир Темур бобомиз айтганидек: “Китоб барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму-донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”. 

Ғайрат Ширинов, ЎзА
12 661