Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

27.07.2018 18:16 Чоп этиш версияси

Кинотеатрларда фильмлар онлайн намойиш этилади

Кинотеатрларда фильмлар онлайн намойиш этилади
Инсон онгига, унинг дунёқарашига, атрофдагиларга муносабатига энг кучли таъсир кўрсатадиган восита бу менимча, кинофильмлар. Айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодга уларнинг таъсири беқиёс.

Кейинги вақтда киноижодкорларимиз бу масалани тўғри англаб етишди шекилли- соҳа анча жонланди. Кўплаб фильмлар суратга олиняпти, янги ғоялар амалга оширилмоқда. Лекин булар қаердадир ичкарида рўй беряпти, кўплар фильмнинг кенг намойиш этилишига ҳаракат қилмаяпти. Бунинг сабаблари ва соҳадаги янгиликлар ҳақида "Республика кинопрокат маркази" давлат унитар корхонаси директори Маруфжон Мухторов қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Шу кунга қадар фильмлар тарғиботи, унинг рекламаси анча оғир масала эди. Кўпинча, олинаётган кинолар ҳақида аҳоли хабардор этилмасди. Бу эса томошабинларни қизиқишини сусайтириб, кинотеатрларга ташрифини камайишига сабаб бўлди,-дейди М.Мухторов.–Энди бу борада янги тизим ишлаб чиқилди. Яъни лойиҳадаги 10 фоиз маблағ кино тарғиботига, унинг суратга олиш ишлари бошланганидан премьераси бўлгунга қадар ОАВда тарғиб этилиши учун сарфланади.

Бизнинг марказимиз жорий йилнинг 6 - апрелида ташкил этилган бўлиб, юртимизда кинопрокат тизимини яратиш билан шуғулланамиз. Яъни ягона репертуар асосида миллий киноларни бир вақтнинг ўзида ва мунтазам онлайн етказиб берамиз. Барча кинотеатрларни бир тармоққа бирлаштириб, фильмларни марказлашган ҳолда тизимли равишда намойишини уюштирамиз. 

Бу қандай амалга оширилади? Бунинг учун барча кинотеатрларга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган фильмлар бир вақтда оптик алоқадан фойдаланган ҳолда онлайн тарзда кўрсатилади. Мисол учун, Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги кинотеатрда соат 11.00 да фильм намойиши бошланадиган бўлса, у чекка ҳудуддаги киносаройда ҳам бошланади. Шу тариқа биз энг чекка ҳудуддаги аҳоли ва ёшларни киномаҳсулотлар билан таъминлашга эришамиз.

2019 йилнинг 1- январидан бу тизимга ўтилади. Шунингдек, электрон чипталарни автоматлаштирилган тизими ҳам жорий этилади. Бу орқали биз қайси фильмга қанча томошабин келгани, уларнинг қайси мавзу ва жанрдаги фильмларга эҳтиёжи юқори экани кабиларни мониторинг қилиш имконига эга бўламиз.

Биз миллий кинолардан ташқари халқимизга манзур бўладиган хорижий фильмларни олиб келиш билан ҳам шуғулланамиз. Айтайлик, Туркия, Корея, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Россия киноижодкорларини асарлари кўпчиликка маънавий ва аҳлоқий жиҳатдан маъқул бўлмоқда. Ҳозирда ана шу давлатларда яратилган янги киноларни харид қилиш борасида музокаралар олиб боряпмиз. Уларни нафақат хорижий тилларда, балки соф ўзбек тилида халқимизга етказиш бизнинг асосий мақсадимиз.

Сайёра Шоева, ЎзА
2 979