ЎзА Ўзбек

24.09.2019 Чоп этиш версияси

Кино соҳасидаги долзарб масалалар биргаликда ҳал этилади

Кино соҳасидаги долзарб масалалар биргаликда ҳал этилади

Тошкентда “Ўзбеккино“ миллий агентлиги билан Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Миллий юксалиш ва ўзбек киноси“ мавзуида киноижодкорлар форуми бўлиб ўтди.

Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда кино соҳаси мутахассислари, режиссёрлар, киношунослар, давлат ва хусусий киностудияларнинг вакиллари, журналистлар қатнашди.

“Ўзбеккино“ миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон кино арбоблари ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчонов, Ўзбекистон халқ артистлари Гулчеҳра Жамилова, Хайрулла Саъдиев, Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан миллий кинематография соҳаси ривожи йўлида кўрсатилаётган улкан эътибор соҳа вакилларидан ўз фаолиятига янада кўпроқ масъулият билан ёндашишни талаб этаётганини таъкидлади.

Тадбирда соҳадаги ютуқлар, баландпарвоз гаплардан кўра кўпроқ камчиликлар, уларнинг ечимлари, таклиф ва мулоҳазалар хусусида атрофлича сўз юритилди.

Кинонинг энг етакчи мафкуравий восита эканини инобатга олган ҳолда тарихий, болалар ва ўсмирлар, ёшлар учун фильмлар яратишда молиялаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратиш долзарблиги тилга олинди. Хорижий аудиовизуал маҳсулотлар ўрнига миллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни самарали йўлга қўйиш ва сериаллар ишлаб чиқариш механизмини муваффақиятли жорий этиш учун давлат-хусусий шериклиги асосида “Миллий сериал“ номли продюсерлик марказини ташкил этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Анжуманда таъкидланганидек, мультипликация соҳасини ривожлантиришга доир бир қатор масалалар ҳам мавжуд. Замон талабларига мос мультфильмлар яратиш учун тажрибали мутахассислар етишмайди. Бу борада Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида аниматорлар тайёрлаш бўйича алоҳида факультет ташкил этиш, “Ўзбеккино“ миллий агентлиги тавсияси асосида ёш мультипликаторларни хорижий илғор киностудияларга стажировкага юборишни тизимли йўлга қўйиш, чет эллик аниматорларни “Мультипликацион фильмлар студияси“ давлат унитар корхонасига ишга таклиф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Ўзбекистон кино арбоблари ижодий уюшмаси нодавлат нотижорат ташкилот сифатида қайта ташкил этилган. Айни пайтда уюшма ҳеч қайси ташкилот томонидан молиялаштирилмайди ва ўзи маблағ ишлаб топиш имконига эга эмас. Ушбу масалани бартараф этиш учун Ўзбекистон кино арбоблари ижодий уюшмасининг доимий молиялаштириш механизмини яратиш, унинг фаолиятини молиявий томондан таъминлаш мақсадида “Илҳом“ жамоат фондига бириктириш, уюшмага кинематографчиларнинг профессионал мақомини бериш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Замонавий кино ишлаб чиқариш методологияси ишчилар билан шартномалар тузиш орқали меҳнат муносабатларини ўрнатишни назарда тутади. Суратга олиш гуруҳи вакиллари билан маълум муддатга шартномалар тузилади. Улар доимий иш жойига эга эмас. Меҳнат шартномалари ва стажларида доимий иш жойи кўрсатилмайди. Натижада ишчиларга давлат томонидан бериладиган имтиёзлардан фойдаланиш имконияти йўқ.

Анжуманда, шунингдек, кино соҳаси ходимларининг меҳнатини қадрлаш, улар учун зарур шароитларни яратиш, кадрлар тайёрлашда жаҳоннинг нуфузли кино тузилмалари, олий таълим муассасалари билан алоқаларни мустаҳкамлаш, киночиларнинг миллий адабиётимиз вакиллари билан ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан фикрлар, таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Миллий кинони ривожлантириш, янги босқичга кўтариш юзасидан “Йўл харитаси“га таклифлар тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳларни шакллантириш, йўналишларни белгилашга эътибор қаратилди.

2 406
Н.УСМОНОВА, ЎзА