Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

02.08.2018 16:53 Чоп этиш версияси

Кино санъати тараққиётга юз тутади

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 3 август куни Ўзбекистон зиёлилари билан учрашувда "Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва мен ишонаман, насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам албатта бўлади", деб таъкидлаган эди.

Бундан ташқари, маданият ва санъатга оид барча йўналишлардаги камчиликлар, муаммоларни таҳлил этиб, келгусида бажарилиши лозим бўлган ишларни белгилаб берди.

Кино санъати инсон маънавиятини юксалтириш, давр муаммоларини олиб чиқиш, замонамиз қаҳрамонларини бор бўй-басти билан намоён этиш, аждодларимиз тарихи ва ҳаётини кўрсатиш ва тасвирлашда муҳим ўрин тутади. Шу боис ҳам кино санъати намоёндалари, хусусан, режиссёр ва актёрлар зиммасидаги масъулият жуда катта.

Кино соҳасида муаммоларимиз бор. Аммо киномиз тарихини, бугунини билмай, унинг моҳиятини англамай, енгил-елпи фикрлаб, сўз юритаётганларга ишониб, умуман кўришга арзийдиган кино яратилмаяпти, деб ўйлаш хато. Яратилган фильмлар нафақат халқ кўнглидан жой эгаллади, балки дунёда ҳам ўзининг муносиб баҳосини топаётганини эътироф этиш жоиз. Бугун ўзбек тилида яратилган кино ва саҳна асарлари хорижда ҳам шуҳрат қозониб, халқаро мукофотларга сазовор бўлаётир.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 августдаги “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни жадаллаштириш, келгусида салмоқли натижаларга эришишда муҳим ҳуқуқий ва амалий дастур бўлиб хизмат қилади.

Қарорда "Ўзбеккино" Миллий агентлиги учун давлат буюртмасига асосан миллий кино маҳсулотларини яратишнинг ҳажмлари белгиланган эди.

2018 йилда – 20 та, 2020 йилдан бошлаб – 30 тадан тўлиқ метражли бадиий фильмлар, 2018 йилда – 40 қисмдан иборат 20 та, 2019 йилда – 50 қисмдан иборат 25 та ва 2020 йилдан бошлаб – 60 қисмдан иборат 30 та ҳужжатли, илмий-оммабоп, ўқув-услубий фильмлар, киносолномалар, киножурналлар ишлаб чиқариш, мультипликацион фильмларни эса 2018 йилда 15 та, 2022 йилдан бошлаб ҳар йили 50 тадан ишлаб чиқариш мақсад қилинган. 

Бундан ташқари, ёш кино ижодкорларнинг 10 соатдан иборат қисқа метражли фильмлари, болалар учун юмористик киножурналлар суратга олиш, давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқарилган фильмларни жаҳон бозорига чиқариш ва фестивалларда намойиш этиш учун чет тилларга субтитрлаштириш ва дубляж қилиш, миллий кинематографиянинг энг сара асарларини тиклаш, реставрация қилиш ва замонавий форматга ўтказиш ҳам бирламчи вазифалардан этиб белгиланган.

Бу борадаги ишлар қизғин давом этмоқда. Январь ойида айни мақсадга хизмат қиладиган эълонлар берилиб, ишлар бошлаб юборилган. Ҳозирги вақтда қарор асосида, турли жанр ва мавзуларда 57 фильм лойиҳаси устида ишланмоқда. Айримлари йил охиригача якунланиш арафасида. Шу билан бирга бу борадаги ишлар давом этади.

Кино бу, аввало санъат, албатта. Лекин у шундай ўзига хос санъатки, табиатан саноат билан омухталикда дунёга келади, яъни техника ва турли технологик жараёнлар бирлигида яратилади. Демак кинони ҳам санъат ҳам индустрия сифатида ривожлантириш кино санъати тараққиётининг асосий шартларидан. Шу маънода агар 2017 йил 7 август куни қабул қилинган қарор мамлакатимизда, аввало, кинонинг санъат сифатидаги мавқеи ва тараққиётини устувор шаклда мустаҳкамлаган бўлса, шу йил 24 июль куни қабул қилинган “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори кинони айнан индустрия – саноат сифатидаги имкониятларини йўлга қўйиш ва кучайтириш ҳақидаги қарор сифатида аввалги қарорнинг мантиқий давоми бўлди.

Давлат кўмагисиз кинонинг яшаши қийин. Бу исбот талаб этмайдиган ҳақиқатга айланиб бормоқда. Умуминсоний қадриятлар тарғиботи, маънавий тараққиёти, унинг истиқболига хизмат қиладиган фильмлар учун давлат сармоя ажратса ва суиистеъмол қилинмаса, кутилган натижага эришилади. 

Айни вақтда юртимизда юзга яқин хусусий киностудиялар мавжуд. Улар ҳар томонлама рағбатлантирилиб, қўллаб-қувватланса, соғлом рақобат муҳити яратилса, самарали натижаларга эришилиши мумкин. Сўнгги вақтлардаги ислоҳотлар айни мақсадларга хизмат қилади.

Президентимизнинг жорий йил 24 июлдаги “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра соҳада чуқур ислоҳотлар олиб борилади. Унда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг иқтидорли битирувчиларини ҳамда институтда “Ижро этувчи продюсер” ва “Кинорежиссура ва кинодраматургия” йўналишлари бўйича дастлабки саралашдан ўтган бакалавр даражасига эга миллий кинематография соҳасининг мутахассисларини С.А.Герасимов номидаги Бутунроссия кинематография давлат институти (БКДИ) қошидаги “Кино ва телевидение”нинг олий курсларига ўқишга юборилиши белгиланди.

Бундан ташқари, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти бакалавриатининг ихтисослашган йўналишлари иқтидорли битирувчилари учун БКДИ ассистентура-стажировкасида “Ижро этувчи продюсер”, “Драматургия” ва “Аудиовизуал санъат режиссураси” мутахассисликлари бўйича ўқиш ташкил этилади.

Тошкент шаҳрида кинематография соҳасининг малакали кадрларини тайёрлаш бўйича БКДИ филиалини (қўшма факультетини) очиш, ўқитувчилик фаолиятига БКДИ юқори курсларида ва ассистентура-стажировкасида аввал тайёргарликдан ўтган мутахассисларни, шунингдек, мастер-класслар ўтказиш учун институт профессор-ўқитувчилари жалб қилинади.

Бундан ташқари, қарор асосида бадиий кенгаш тизими янада такомиллаштирилади. Энди рақобат, ошкоралик, танлов руҳи янада кучаяди, хусусий киностудиялар томонидан тақдим этиладиган фильмларга давлат гранти ажратилиб, уларга кенг имкониятлар берилади. 2016-2017 йилларда давлат гранти асосида тайёрланган фильмларнинг хусусий студияларда суратга олиниши 5 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йил бошидан бошлаб бу 70 фоизгача кенгайтирилди.

Соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида амалга оширилган ушбу ҳаракат фильмларимизнинг юксак савияли, кўришли бўлишини таъминлашга хизмат қилади. Шундагина киноэкранларда намойиш этилаётган киноларнинг “умри узоқ" бўлади.

Мазкур қарор асосида юртимизда 2021 йилгача амалга оширилиши керак бўлган “Йўл харитаси” тузилган. Шу асосда “Уч шаҳар лойиҳаси” доирасида, яъни – Халқ дипломатияси, этношаҳар билан бирга махсус киношаҳарча қуриш белгиланган. Фильмлар, клиплар, шоулар олиш имконияти ниҳоятда кучаядиган мазкур шаҳарчада барча шарт-шароитлар яратилади. Бу миллий кинематографиямиз ривожига ижобий таъсир қилиш билан бирга, хорижлик ижодкорларнинг юртимизда кино олиши учун ҳам кенг имконият яратади.

Бундай шаҳарча қуриш намунаси АҚШдаги Голливуд ёки Мумбайдаги Болливуд, Хитойдаги Циндао киношаҳарчалари тажрибасида ўзининг жуда эътиборли моддий ва маънавий самарасини бермоқда.

Соҳада бажарилиши лозим бўлган ишлар кўп. Қарор асосида амалга ошириладиган лойиҳалар ҳам талайгина. Бу борада ҳаммамизнинг ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз яхши самара беради, албатта.

Шуҳрат Ризаев,
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги
Бош директори биринчи ўринбосари.

ЎзА