ЎзА Ўзбек

11.02.2019 19:21 Чоп этиш версияси

Кино оламида муҳим қадам

Кино оламида муҳим қадам

Ўзбекистон делегацияси халқаро Берлин кинофестивали доирасида бўлиб ўтаётган “Europian Film Market” кинобозорида биринчи марта ўзининг миллий фильмлари тақдимоти билан иштирок этмоқда.

Жумладан, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмаси асосида яратилган “Элпарвар”, “Сабот”, “Сарвқомат дилбарим” ва “Иссиқ нон” каби бадиий фильмлар хорижлик киносаноати вакилларига тақдимот қилиниб, уларни сотиш бўйича музокаралар ўтказилмоқда. Фильмлар ғоявий ва бадиий жиҳатдан хорижий мутахассисларни қизиқтирмоқда. Айниқса мамлакатимизнинг гўзал табиати, маданий обидалари акс этган манзаралар, миллий қадриятларимиз ва урф одатларимиз билан боғлиқ лавҳалар кинопродюсерларни алоҳида эътиборини тортди.

Ҳамкорликда фильмлар яратиш бўйича ҳамда ўзаро фильмлар алмашиб халқаро ҳудудларда намойиш қилиш бўйича амалий таклифлар билдирилди. Юқорида зикр этилган фильмларимиз умуминсоний қарашларни ифода этгани учун хам хорижлик мутахассисларнинг қизиқишига сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга музокаралар натижасида мазкур фильмларни техник томондан жаҳон стандартлари талаблари асосида тайёрлаган ҳолда уларга етказиб бериш, шунингдек, келгусида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувга эришилди. Бир қанча мамлакатларинг фестивалларига таклифлар келиб тушди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА
4 728