ЎзА Ўзбек

15.08.2018 20:14 Чоп этиш версияси

Ким манфаатдор ёки...

Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари мамлакатимизга йирик миқдордаги товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйди.

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизматининг маълумотига кўра, “Яллама” чегара божхона постида қўшни давлат фуқароси А.Т. бошқарувида кириб келган юк автомашинаси кўздан кечирилганда, юклар ва йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилган маълумотлар ўртасида тафовут мавжудлиги аниқланди.

Ҳужжатга кўра, юк машинасига Хитойдан келтирилган 3 минг 700 АҚШ доллари қийматидаги 25 тоннадан ортиқ товар-моддий бойликлар ортилган бўлиши лозим эди. Аммо кўрик давомида автомашинада ҳужжатларда умуман қайд этилмаган 4 минг 800 дона парда безаклари ва 1 минг 200 дона электр ҳисоблагич мавжудлиги аниқланди.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилганлигини тасдиқловчи ёрлиқларга эга, муқаддам ўзимиздан экспорт қилинган ҳисоблагичларнинг қайта республикамизга олиб кирилишидан ким манфаатдор? Ёки ушбу ҳисоблагичлар маҳаллий маҳсулотларимизнинг хориждаги контрафакт нусхаларими?

Бу саволларга энди тергов жараёнида жавоб топилади. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Даврон Суннатов, ЎзА
4 652