ЎзА Ўзбек

25.03.2020 Чоп этиш версияси

Ким кимга муҳтож?!

Ким кимга муҳтож?!
Муносабат

Кеча ЎзАда карантин ҳолатида юз бераётган қийинчилик ва хайр-саховат борасида “Садо беринг, қайдасиз юлдузлар?” номли мақола берилди. Унда муаллиф хонандалар, депутатлар, йирик-йирик тадбиркорлар нима учун карантин пайтида халққа саховат қилмаяпти, дейди.

Мақола улуғ сўз санъаткорлари айтган баъзи ҳикматларни эсимга солди.

Ўлат замонларида қаҳатчиликни ҳам, очарчиликни ҳам, бойини ҳам, шойини ҳам кўп кўрган Машраб беҳуда ажабланмаган экан-да! У қалб вабосидан куйиб, шундай дейди:

“Бир Худодан бошқаси барча ғалатдур, Машрабо!”

Аввали, мақоланинг илк жумласи менга Ҳазрат Навоийни эслатди: “Ростдан ҳам хонандаларга сичқоннинг ини минг танга бўлди(ми)? Ёки санъаткорлар фақат халқдан олиб ўрганганми?”

“Санъаткор” эмиш! Санъаткор-а! Бу муборак сўзни, бу табаррук сўзни хор қилдик, балчиққа ботирдик! Мақолада келтирилган гап эгаларининг атоқли отларини тўғри атамоқ керак. Улар – хонандалар. Ораларида саховатпешалари ҳам бор. Барака топишсин. Аммо хонандалар ичида санъаткори йўқ ҳисоб. Санъаткор даражасига кўтарилганлари бармоқ билан санар даражада ҳам эмас! Дунё ҳеч ўзгармас эканда. Ҳазрат Алишер Навоий “Маҳбуб – ул қулуб” асарида хонандаларни қандай сифатлаган бўлса, улар ҳозир ҳам худди шундай. Улардан саховат кутиш жуда-жуда ноўрин.

Муаллиф Platforma uz телеграм каналининг бу борадаги ташаббуси учун жамоатчилик билдирган фикрлардан иқтибослар келтиради: “Сайловда пулнинг бетига қарамай сарфлаган партиялардан нега садо йўқ?” дейди бир фуқаро.

Аммо ҳақиқат шуки, депутатлар ичида ўзларининг қувваи ҳофизлари кенг, миллатнинг қаддини кўтаришга қодир шахсларни ҳали кўрмадик, аксинча, улар орасида халқ манфаатига зид қарашларни ёқлаётганлар учраяпти. Тўғри, виждонан ишлаётганлари бор ва уларни ҳам халқ кузатиб турибди. Ҳар қалай, миллат манфаати учун жон чекаётган депуталарга қуч-қувват тилаймиз. Қолганларига эса, ўша эски гап: янги бўйинбоғларингиз муборак бўлсин, ЎРТОҚЛАР!!! Пулни зап вақтида сарфладингиз! Энди ўзингизни эҳтиёт қилинг!

“Жуда тўғри пост ёзилган – дейди бошқа бир ўқувчи. – Бутун дунёга келган бало вақтида халқимизнинг пулдор тадбиркорлари албатта, ҳиссаларини қўшишлари керак. Бу жуда катта савоб-ку! Қийналган одамларга қилинган эҳсонлар ўрнини Аллоҳ тўлдиради!”

Аммо ҳақиқат шуки, бозорда бир кишининг юкини ташиб бўлиб, иккинчи кишининг юкини ортиш учун қўлини қайта юваётган аравакашнинг қадри унга ачинганнамо тикилаётган (тадбиркор деган туппа-тузук номни сотиб, одамларнинг ҳозирги ҳолини зимдан кузатиб ўтирган сохта “тадбиркор”, яъни, пасткаш иш берувчи!) пулдорникидан анча баланд аслида. Унга: агар бу одамлар уйдан чиқмай ўтирадиган бўлса, ҳолингга маймунлар йиғлайди, дейдиган одам йўқ ҳозир!

Фикримизча, бош ёрилса дўппи остида деган мақолнинг ҳикмати нақадар улуғлигини ҳис қилмоқ керак. Не-не синовларни бошидан ўтказган ўзбек халқи ҳеч қачон сафсатабоз пулдор машшоқларга қўлини узатмаган, ҳамиша ўзини ўзи кутган! Қаҳатчилик, очарчилик, уруш йилларида ҳам ўзидан ортиб, ўзга халқларга ёрдам берган халқ бу! Тўғри, кундалик иш билан кун кўрадиганларга жуда қийин, лекин улар ҳам оч қоладиган вақт эмас: асл тадбиркорлар, саховатпешалар, яхшилар кўп.

Яна бир нарса мутлоқ ҳақиқатлигича қолаётир: маърифатсиз машшоқ дейсизми, масъулиятсиз сафсатабоз дейсизми ёки халқнинг ортидан пул орттириб, яна ўша халқни оёғи учида кўрсатадиган фаросатсиз пулдор дейсизми – уларнинг жон-жигарларидан тортиб, қариндошлик мақоми унутилган узоқ-узоқ хешу ақраболаригача – ҳамма-ҳаммаси бу саховатли халқнинг мурувватидан баҳраманд бўлиб келган. Ҳозирги қийин шароитда ҳам, (карам пўчоқ, сабзи-пиёз дегандай), ўзлари ҳис қилмаган ҳолда баҳра оляптилар. Ва бундан кейин ҳам баҳраманд бўлишади!

2 491
Нурулла Нарзуллаев, ЎзА