Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.02.2018 08:24 Чоп этиш версияси

Ким айбдор? Қурилиш ташкилотими, эътиборсизлик қилган банкми ё не-не умидлар билан уй олган ёш оилаларми?

Ким айбдор? Қурилиш ташкилотими, эътиборсизлик қилган банкми ё не-не умидлар билан уй олган ёш оилаларми?
Андижон шаҳар Бўстон даҳаси М.Ашрафий кўчасидаги 48 хонадондан иборат кўп қаватли “Ёшлар уйи” 2016 йил қурилиб, фойдаланишга топширилган. Қурилиш ишларини Андижон шаҳридаги “Азия старт премиум” масъулияти чекланган жамияти амалга оширган.

Давлатимиз томонидан истеъдодли, фаол, ташаббускор ёшлар ва уларнинг оилаларига кўрсатилаётган алоҳида эътибор намунаси сифатида “Ипотекабанк” вилоят филиалининг имтиёзли кредити асосида берилган ушбу уй соҳибларининг қувончига барча шерик бўлди.

Бироқ... Ҳаммаси уйга кўчиб кирилгандан сўнг бошланди.

– Аксарият хонадонларга яхши ишламайдиган, сифатсиз газ плитаси ҳамда ювиниш жиҳозлари ўрнатилган, – дейди ушбу уйнинг 36-хонадонида яшовчи Эркин Ғозиев. – Мана, ҳали икки йил тўлмасдан зиналарнинг баъзи жойлари, айрим хонадонларнинг деворлари ёрилган, деярли барча хонадонлар девори шўрлаб бормоқда, уй атрофига ётқизилган брусчаткалар чўкиб кетмоқда.

11.JPG

Мазкур уйда яшовчилар қурилиш ташкилотига бир неча бор мурожаат қилишган. Қурувчилар эса, эрта-индин деган қуруқ ваъда билан қарийб бир йил барчани алдаб келди. Хонадон эгаларининг ҳафсаласи пир бўлиб, ана шу жиҳозларни ўз ҳисобидан янгисига алмаштирди ёки таъмирлаб олди.

– Уйимизнинг умумий канализация қувури яхши тортмас экан, – дейди 25-хонадонда яшовчи Муроджон Юсупов. – Ўзимиз пул йиғиб, таъмирлатдик. Ахир янги уй бўлса, тўловларини ўз вақтида амалга ошираётган бўлсак, бирин-кетин чиқаётган бундай муаммолар бизга ортиқча ташвиш келтирмоқда.

Аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётган камчиликлар ҳақида аниқ маълумот олиш учун қурилиш ташкилотига мурожаат қилдик. 

– Қурилиш ишлари лойиҳа асосида бажарилган, – дейди “Азия старт премиум” масъулияти чекланган жамияти иш юритувчиси Азизбек Омонов. – Газ плиталари, санузел жиҳозлари ҳам лойиҳада белгиланган нарх ва талаблар доирасида ўрнатилган. Фақат фойдаланилган қум ва ғишт шўрланган бўлгани боис, девор сувоқларининг айрим жойлари кўчиб кетгани бор гап.

12.JPG

Қурувчилар ҳамма нарса белгиланган тартибда чиройли ва сифатли бажарилганини таъкидламоқда. Қизиқ, улар айтганидек, ҳаммаси жойида бўлса, нима учун қарийб икки йилдан буён одамлар қурувчилар устидан арз қилиб юрибди? Нима учун янги уй кундан-кун тўкилиб, нураб бормоқда?

Бу ҳам майли. Ёш оилалар энди газ, сув учун ҳисоблагичлар ўрнатиш, тегишли тартибда расмийлаштириш, тўловни амалга ошириш учун яна сарсон қилинмоқда. Чунки ўтган йилдан буён аҳолининг бир неча бор мурожаат қилишига қарамасдан, электр энергияси, газ таъминоти, сувоқова идоралари томонидан ҳисоблагичлар ўрнатиб берилмаяпти. Ҳатто хонадонларга тегишли тартибда ҳисобварақлар очилиб, ўрнатилган тартибда расмийлаштирилмаган. Ушбу идораларга жуда кўп мурожаат қилинди, лекин натижа йўқ. Бу масалани ижобий ҳал этиш, ҳисоблагичлар ўрнатиб, тегишли тартибда расмийлаштириш наҳотки шунчалар мушкул бўлса?!

– Ўтган йилдан буён газ таъминоти, сувоқова идораларига газ ва сув ҳисоблагичларни расмийлаштириб, тегишли тартибда шахсий ҳисобварақлар очиб берилишини сўраб бир неча бор мурожаат қилдик, –дейди 35-хонадон соҳиби Зуҳриддин Каҳрамонжонов. – Ўзимиз бориб, барча хонадонларни ўрганиб, албатта ҳисоб очиб, тегишли тартибдаги ҳисоб дафтарчалари тақдим этамиз, деб кўп ваъда беришди. Лекин ҳамон етиб келишолмаяпти, чоғи, на у, на бу идорадан биров сўрамайди. Билмадим, яна қанча овора бўлиб юрамиз экан?

Қурилиш ташкилоти томонидан бунёдкорлик ишлари сифатсиз бажарилган, кўплаб камчиликларга йўл қўйилган. Сармоя ажратган банк эса уйнинг сифатини назорат қилмаган. Уй атрофини ободонлаштириш ишлари ҳам охирига етказилмаган. Тўғри, уйнинг олд томони ҳавас қилса арзигулик, болалар майдончаси, махсус автомашиналар турар жойи барпо этилган. Бироқ ёритгичлар қўйилмаганидан тунда уйга кириб-чиқиш қийин, айниқса, ҳозирги тез шом тушиб қоладиган совуқ кунларда. 

– Уйимизнинг орқа томонида чуқур бор, кундан кун чиқинди билан тўлиб бормоқда, – дейди 47-хонадонда яшовчи Наргиза Усмонова. – Тўғри, бунда шу уйда яшовчиларнинг ҳам айби бор, лекин махсус жой бўлмагач, аҳоли қаерга тўксин чиқиндини? Айниқса, иссиқ кунларда бадбўй ҳид кўтарилиб, уй деразаларини очишга имкон бермайди. Ахир, бу турли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин-ку? Қолаверса, атрофда ўйнаб юрадиган ёш болаларимиздан хавотирда бўламиз.

Дарҳақиқат, уйнинг орқа томонида ҳали қурилиш ишлари бошланмасдан аввал сурилиб, тўплаб қўйилган чиқиндилар ҳануз уюм-уюм бўлиб ётибди. Бундай ҳолат ҳақида қурилиш ташкилоти, “Садоқат” маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддиларига бир неча бор мурожаат қилинган бўлса-да, у ерни тартибга келтириш, муаммони бартараф этиш ҳозирча ҳеч кимнинг хаёлига келмаяпти.

– Бу ерни чиқиндилардан тўла тозалаб, маълум бир қисмига махсус чиқинди тўкиладиган жой барпо этиш жорий йил режасига киритилган, – дейди Андижон шаҳридаги “Садоқат” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳодир Чинохунов. – Яқин бир-икки ойда бу ер тўла тартибга келтирилади.

Раис айтаяптими, демак, ишонса бўлар, ҳар тугул уйда яшовчилар шундай умидда. Лекин бошқа муаммоларни ким ҳал қилади, қачон қилади? Аҳоли шуни ўйлаб, яна қачонгача сарсон бўламиз, деган ҳақли савол қўймоқда. 

Бу ҳақли саволга жавобни биз ҳам кутиб қоламиз

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзA
45 302