ЎзА Ўзбек

19.02.2020 Чоп этиш версияси

Кичик қурилма катта масалаларни ҳал эта олади

Кичик қурилма катта масалаларни ҳал эта олади

Аксарият истеъмолчи маҳсулот сотиб олгач, харид чекини талаб қилмайди: унутади ёки уни кераксиз деб ҳисоблайди. Айрим сотувчилар ҳам чекни тақдим этиш ҳақида ўйламайди. Бир қарашда оддий ва арзимасдай кўринган бу ҳолат аслида катта муаммоларга сабаб бўлиши ҳеч гап эмас.

ҚАНДАЙ ҚИЛИБ, ДЕЙСИЗМИ?

Онлайн-НКМ.png
Харид чекларининг талаб қилинмаслиги ёки тақдим этилмаслиги айрим тадбиркорлик субъектлари учун ҳақиқий даромадини яширишга йўл очади. Нақд пулларнинг банкдан ташқари ноқонуний айланиши юзага келади. Буни бир сўз билан “яширин иқтисодиёт” деб аташ мумкин.

Ҳа, биргина “кичик қоғоз” келтириб чиқарадиган муаммо шу қадар жиддий ва долзарб. Шунга қарамай, сотувчи ва харидорни харид чеки масаласида бирдай масъулиятли қилишга эришиш осон эмас. Бундай вазиятда энг мақбул танлов – инсон омили иштирокини минимал даражада камайтириш имконини берувчи рақамли технологиялар дир. Онлайн назорат касса машинаси ёки виртуал касса ана шундай муҳим воситалардан бири саналади.

ГАП ШУНДАКИ...

Амалдаги назорат касса машинаси орқали тақдим қилинган баъзи бир харид чекларида товар ёки хизматларнинг номи ва миқдори акс эттирилмайди. Қолаверса, чекнинг ҳақиқийлигини текшириш имкони ҳам йўқ. Онлайн назорат касса машинаси ёки виртуал касса чоп этувчи фискал чек эса бу масалада ҳам сотувчи, ҳам харидор учун қулай. Яъни, унда товарлар (ишлар, хизматлар) номи, миқдори, нархи акс этади. Э нг асосийси, чекнинг ҳақиқийлигини текшириш учун QR-код мавжуд. Ушбу маълумотлар акс эттирилмаган чеклар ҳақиқий ҳисобланмайди.

Онлайн назорат касса машинаси ёки виртуал касса чекдаги маълумотларни реал вақт режимида операторга, яъни Давлат солиқ қўмитасига юборишни таъминлайди. Бунинг техник имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда чеклар оффлайн режимида берилиши мумкин. Бунда маълумотлар операторга 24 соат мобайнида узатилиши шарт. Агар товар ва хизматлар ҳақи тўлов терминали орқали қабул қилинса, харидорга тўлов терминали чеки билан бирга онлайн-НКМ ёки виртуал касса чеки ҳам берилиши лозим.

check – 1_1.png

ЭЪТИБОР БЕРИНГ!

Тадбиркорлик субъектлари бундай қурилмаларни мустақил сотиб олиши мумкин. Бироқ бу масалада эътиборли бўлиш талаб этилади. Негаки, қонунчиликда фақат Давлат реестрига киритилган онлайн-НКМ ва виртуал кассалардан фойдаланиш белгиланган.

Демак, онлайн-НКМ ёки виртуал кассаларни харид қилишдан аввал ушбу қурилма ёки дастурий маҳсулотни Давлат реестрига киритилган ёки киритилмаганини текшириш лозим. Бундай маълумотлар Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайтига жойлаштирилган. Сотиб олинган қурилмани эса Давлат реестрига киритилган ихтиёрий техник хизмат кўрсатиш марказидан (ТХКМ) рўйхатдан ўтказиш зарур.

ОНЛАЙН-НКМ ЁКИ ВИРТУАЛ КАССАДАН ФОЙДАЛАНИШ МАЖБУРИЙМИ?

Ҳа, тадбиркорлик субъектларининг ушбу тизимга ўтиши мажбурий. Фақат бу босқичма-босқич амалга оширилади. Давлатимиз раҳбарининг “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида бу бўйича график тасдиқланган.

Унга кўра, жорий йил 1 январдан алкоголь, тамаки маҳсулотлари, дори воситалари, автомобилларга бензин, дизель ва газ ёқилғиси савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятига онлайн-НКМ ёки виртуал касса татбиқ этилмоқда.

Ўтган йил якунлари бўйича йиллик тушуми беш миллиард сўмдан ошган тадбиркорлик субъектлари шу йилнинг 1 августидан мазкур янги тизимга ўтади. Йил якунлари бўйича йиллик тушуми юз миллион сўмдан ошган тадбиркорлик субъектлари фаолиятига эса 2021 йил 1 январдан жорий этилади. Қолган барча тадбиркорлик субъектлари учун бу муддат 2022 йил 1 январь этиб қатъий белгиланган.

Мазкур график талаблари олис, етиб бориш қийин бўлган ҳудудларда фаолият олиб бораётган тадбиркор субъектларига татбиқ этилмайди.

ЧЕК ҚИММАТБАҲО СОВҒА ҲАДЯ ЭТИШИ МУМКИН

Онлайн-НКМ ёки виртуал касса томонидан тақдим этилаётган чеклар харидлар тўғрисида ишончли маълумотгина эмас, ютуқли ўйинда иштирок этиш учун йўлланма ҳамдир. Гап шундаки, бу йил фискал белгили чеклар асосида ютуқли ўйинлар ташкил этилади. Бунинг учун давлат бюджетидан бир миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилган.

Ютуқли ўйин иштирокчисига айланиш шартлари жуда оддий ва осон: аввало, App Store ёки Play market дастурларидан Давлат солиқ қўмитасининг “Soliquz” мобил иловасини юклаб олиш ва унинг ёрдамида чекни рўйхатдан ўтказиш керак. Демак, чекни рўйхатга олиш тугмаси босилади, чекнинг QR-коди сканер қилинади, чек эгаси телефон рақами ва исми-шарифи киритилади.

Чекни USSD сўров орқали ҳам рўйхатдан ўтказса бўлади. Бунинг учун 1077 қисқа рақамига дастлаб “Сhek” сўзи ёзилади. Сўнг чекнинг фискал белгили рақами киритилади ва юборилади.

Ютуқли ўйин тажриба сифатида фақат Тошкент шаҳрида ўтказилади. Тажрибанинг ижобий натижалари келгусида республика миқёсида жорий этилиши кўзда тутилган.

КИМГА ҚАНДАЙ ФОЙДА?

Онлайн НКМ ёки виртуал касса тизимига ўтиш орқали хуфиёна иқтисодиёт улуши қисқаради. Тадбиркорлик субъектлари ва Давлат солиқ хизматлари органлари ходимлари билан бевосита алоқалар камаяди.

Тадбиркорлик субъектларига-чи? Албатта, улар учун ҳам онлайн НКМ ёки виртуал касса тизимидан фойдаланиш фойдали ва манфаатли. Масалан, улар кунлик ўртача нақд пул тушуми миқдоридан қатъий назар, нақд пулларни банк кассаларига инкассация хизмати орқали ўзлари белгилаган даврларда ёки мустақил равишда топшириш ҳуқуқига эга бўлди.

Энг муҳими, онлайн-НКМни сотиб олиш, жорий қилиш харажатларини солиқ ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари миқдоригача камайтириш имконияти яратилди. Давлат солиқ қўмитаси томонидан “Виртуал касса”нинг базавий қисми бепул тақдим этилиши йўлга қўйилмоқда.

Онлайн НКМ ёки виртуал кассалардан фойдаланиш тизимининг энг асосий ютуғи эса халқимиз ҳаёт тарзини енгиллашиши, турмуш сифати юксалиши билан боғлиқ. Зеро, ушбу тизим маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиради. Харидорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси янада кафолатланади.

Биргина кичик қурилма шунча кўп ва муҳим масалаларни ҳал эта олади. Юксалишнинг энг қисқа йўли — рақамли иқтисодиёт ривожининг аҳамияти ҳам шу аслида.

Шерзод ТЕШАБОЕВ,
“Янги технологиялар” илмий-ахборот
маркази мутахассиси

4 903
ЎзА