Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.06.2018 13:17 Чоп этиш версияси

Кичик саноат зоналарида тадбиркорларга яратилаётган шароитлар қандай?

Кичик саноат зоналарида тадбиркорларга яратилаётган шароитлар қандай?
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳудудларга ташрифи чоғида жойларда амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишиб, ишбилармон ва тадбиркорларга кенг имтиёзлар яратиш, корхоналарнинг хорижий ҳамкорлар топишига кўмаклашиш, уларнинг чет эл бозорларига чиқиши ва маҳсулотлари экспортини кенгайтиришини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлайди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятларда бўлгани каби пойтахтимизда ҳам саноатни жадал ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг учинчи йўналишида эркин иқтисодий зоналар, технопарклар ва кичик саноат зоналари самарадорлигини ошириш, янгиларини ташкил этиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича улкан мақсад ва вазифалар белгиланган.

Ҳар бир ҳудуднинг иқтисодий тараққиёти, салоҳияти унинг тадбиркорлик ва ишлаб чиқаришга яратилган кенг имкониятлари билан белгиланади. Бу эса, ўз навбатида, ўша ҳудуднинг ижтимоий ривожига, аҳоли фаровонлигига, соҳалардаги муаммоларнинг ечимига хизмат қилади. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 18 майдаги “Тошкент шаҳрида кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ пойтахт туманларида 8 та кичик саноат зонаси ташкил этилди.

Маълумотларга кўра, ўтган қисқа вақт мобайнида кичик саноат зоналарида 674 нафар тадбиркорлик субъектлари билан тузилган шартномаларга асосан 709,2 минг квадрат метр бино ва иншоотлар ажратилди. Бу ерда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг умумий қиймати 965,1 миллиард сўмни, шундан хорижий инвестициялар миқдори 13,4 миллион долларни ташкил қилади. 16,5 мингта янги иш ўрни яратилиши белгиланди. Шу пайтгача режадаги 674 инвестиция лойиҳаларидан 487 таси ишга туширилди.

22.jpg

Бу корхоналарда йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 3,2 триллион сўм, маҳсулот экспорти ҳажми 93,9 миллион АҚШ долларига етказилиши режалаштирилган. Тошкент шаҳридаги кичик саноат зоналарида тўқимачилик, кимё, озиқ-овқат, электротехника маҳсулотлари, мебель, замонавий қурилиш материаллари ҳамда ички ва ташқи бозорда харидоргир бўлган бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар самарали фаолият кўрсатмоқда.

11.jpg

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг самарадорлиги уларга яратилаётган шароитлар, берилаётган имтиёзларга ҳам боғлиқ. Шу жумладан, кичик саноат зоналарида тадбиркорлик субъектларига зарур шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Буни Яккасарой кичик саноат зонаси мисолида кўришимиз мумкин.

– Тадбиркорлар учун зарур қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратиб келяпмиз, – дейди "Яккасарой кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси" раҳбари Рустам Нуралиев. – Муҳандислик-коммуникация тармоқлари фаолияти тўлиқ таъминланган. Яъни, 30 та электр иншоотлари, 5 та сув етказиб берувчи ҳовузлар (артезан қудуқлар), 20 километр канализация қувурлари, тозалаш иншоотлари, темир йўллар, лифтлар шулар жумласидан. Саноат зонасида тадбиркорларга бепул юридик маслаҳат кўрсатиш хонаси мавжуд. Нотариал идора хизмати, банк хизмати, тиббий хизмат, кутубхона, умумий овқатланиш ва савдо мажмуаси, жисмоний тарбия ва спорт каби хизматлар йўлга қўйилган. Шунингдек, тадбиркорларга давлат идоралари вакиллари томонидан хизмат кўрсатиш учун давлат идораларининг ваколатхонаси, яъни махсус хона ташкил этилган.

Кичик саноат зонасида олиб борилаётган ишлар натижасида кўпгина бино ва иншоотлар қайта тикланиб, янги иш ўринлари яратилмоқда. Тадбиркорлар томонидан юқори сифатли, тежамкор, жаҳон андозалари ва талабларига мос бўлган экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида замонавий ускуналар ўрнатилмоқда.

Саноат зонасида ҳозирги кунда тузилган ижара шартномалари сони 302 тага етди. 10 йил давомида киритиладиган инвестиция миқдори 160 миллиард сўм, яратиладиган иш ўринлари 7 мингтани ташкил этади. Ўтган йил якуни бўйича саноат зонасида фаолият юритаётган корхоналар томонидан 40 миллион АҚШ долларидан ортиқ маҳсулотлар экспорт қилинди. Жорий йилда корхоналар томонидан 46 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган. Ўтган йили 7 та корхона экспорт қилувчи корхона сифатида фаолият кўрсатган бўлса, бу йил 15 тани ташкил этди.

“Kremoff” савдо белгиси остида фаолият юритаётган корхонада 10 турдаги пойабзал кремлари ишлаб чиқарилади. 35 иш ўрни яратилган. Маҳсулотлар қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда.

– Маҳсулотларимиз хорижнинг етакчи бренд маҳсулотларидан асло қолишмайди. Халқимизга сифатли маҳсулот етказиб бераётганимиздан мамнунмиз, – дейди корхона савдо менежери Ҳожиакбар Саидхўжаев. – Кичик саноат зонасида биз каби тадбиркорларга яратиб берилаётган имкониятлар фаолиятимиз қамровини янада кенгайтиришга, янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда. Мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда мактаб ўқувчилари учун бўёқ-акварель ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Бу маҳсулотимизни ҳам экспорт қилиш режамизда бор.

Нурилло Насриев, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА
4 464