ЎзА Ўзбек

25.07.2018 16:02 Чоп этиш версияси

Кичик корхонанинг катта ютуқлари

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида яшовчи ёш тадбиркор Бунёд Тошпўлатов тижорат банкидан 172 миллион сўм кредит олиб, тикувчилик цехи очди.

Туман ҳокимлиги томонидан "ноль" қийматда берилган бино қайта таъмирланиб, 20 замонавий тикув дастгоҳи ўрнатилди. 20 нафар чевар қиз доимий иш билан таъминланди.

– Яқинда фаолият бошлаган бўлсак-да, бозорда ўз ўрнимизни топдик, – дейди “Улашев Хушнудбек” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Бунёд Тошпўлатов. – Бунда олдиндан савдо соҳасида ишлаганимиз қўл келди. Илгари кўплаб тикувчилик цехлари билан ҳамкорликда турли либослар сотардик. Юртимизда яратилаётган шароитлардан руҳланиб, "шу маҳсулотларни ўзимиз ишлаб чиқарсак қандай бўларкин?", деган ўй кўп қийнарди. Кейин таваккал қилиб ишни бошлаб юбордик. Тадбиркорликда маҳсулотни ишлаб чиқаришдан кўра, уни бозорда сота билиш муҳимроқ, деб ўйлайман. Боиси бирор нарса чиқарсангизу сота олмасангиз, тезда касодга учрайсиз. Биз эса олдин бозорни ўргандик, кейин цех фаолиятини йўлга қўйдик. Натижа ёмон эмас. Маҳсулотларимиз мижозларга маъқул келмоқда.

Дарҳақиқат, цехда тикилаётган болалар кийими, катталар шими ва кўйлаги, турли футболкалар ўзининг бежиримлиги ва сифати билан тезда харидорлар эътиборини қозонди.

Корхонада яқин келажакда фаолиятни янада кенгайтириб, йилнинг тўрт фаслига мос эркаклар ва аёллар либослари ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Ўлмас Баротов, ЎзА
3 503