ЎзА Ўзбек

16.01.2020 Чоп этиш версияси

Кичик ГЭСлар катта мақсадларга хизмат қилади​

Кичик ГЭСлар катта мақсадларга хизмат қилади​

Бир неча йил олдин вилоят ҳокимлигида ўтаётган йиғилишда Ўзбек-Хитой қўшма корхоналаридан бирининг раҳбари ўрнидан туриб, йиғлаб юборгудек алфозда, ўзбекча-русчани таталаб: “Гаспадин ҳаким, биз корхонани тухтатади, юртимизга кайтиб кетади. Бу ерда ишлаб булмайди, ҳар куни 5-6 марта электр учади. Энди станокни юргизади, электр учади, энди станокни юргизади электр учади. Рабочий смена тугайди. Станоклар ишдан чикади, капитал куяди, что за беспредел не панимаю...” деб шикоят қилгани эсимда.

Дарҳақиқат, электр энергияси ишлаб чиқариш ва таъминотида собиқ иттифоқ давридаги ҳар жиҳатдан эскириб, демография, фан-техника тараққиёти билан боғлиқ талаб ва эҳтиёжларга жавоб бера олмай қолган тизимдан халқимиз кўп йиллар азият чекиб, иқтисодий ривожланишимиз оқсаб юргани ҳам сир эмас.

Шу боисдан мамлакатимизда кейинги йилларда тараққиёт ва ундан кўзланган олий мақсад халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлашнинг энг муҳим омиллардан бири бўлган электр энергетикаси соҳасини ривожлантиришга иқтисодий стратегиянинг устувор йўналиши сифатида катта эътибор қаратилмоқда. Бу давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорлари асосида республикамизнинг айрим вилоятларида иссиқлик электр станцияси, гидроэлектр станциялар қуриш, мавжудларини модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган лойиҳаларда ҳам ўз ифодасини топмоқда.

photo5260401907950791976.jpg

Жумладан, Наманган вилоятида лойиҳа қиймати қарийб 1 миллиард 200 миллион долларлик, 900 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қуриб фойдаланишга топширилди ва бугунги кунда мазкур иншоотда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси истеъмолчиларга узлуксиз етказиб берилмоқда. Шунингдек, бу соҳада экология, тежамкор маҳсулдорлик нуқтаи назаридан қайта тикланувчи муқобил энергия манбалари бўйича йирик лойиҳалар устида изчил иш олиб борилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 2 майдаги “2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада янги босқични бошлаб берди. Зеро, унда сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини, янги экологик тоза ишлаб чиқиш қувватларини ташкил этиш, мавжуд гидроэлектростанцияларни модернизация қилиш, илғор хорижий тажрибани изчил ўзлаштиришни ҳисобга олган сув ресурсларини самарали бошқариш, энергетика ресурсларининг мутаносиблигини ошириш асосида корхоналар, аҳолининг электр энергияга бўлган эҳтиёжини янада тўлароқ қондиришнинг долзарб вазифалари белгилаб берилди.

Мазкур ҳужжат асосида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ тизимида янги гидроэлектростанциялар қуриш ва ишлаб турганларини модернизация қилиш бўйича тасдиқланган инвестиция лойиҳалари рўйхатига кўра Катта Фарғона каналининг Наманган вилояти Учқўрғон тумани ҳудудидан ўтган қисмида барпо этилган Кичик гидроэлектростанция (ГЭС)лар каскади эса лойиҳадан амалга кўчган бунёдкорлик самараси сифатида бугун электр энергияси истеъмолчиларига хизмат қилмоқда. 

photo5260401907950791978.jpg

– Бутун дунёда ёнилғи-энергетика ресурслари катта муаммога айланиб бораётган бугунги кунда мазкур иншоотнинг барпо этилишини катта ижтимоий, иқтисодий, жоиз бўлса, сиёсий аҳамиятга эга деб баҳоланса, муболаға бўлмайди, – деб таъкидлаган эди вилоят ҳокими Х.Бозоров мазкур гидроэлектростанциянинг очилишига бағишланган тантанали тадбирда. – Бундан роппа-роса саксон йил муқаддам қуриб битказилган Катта Фарғона каналидан қарийб бир аср мобайнида қанча сув оқиб ўтганини тасаввур қилиш қийин. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, дейилганидек, биз бу каналдан фақат суғориш ва ичимлик суви манбаи сифатидагина фойдаланиб келдик. Президентимизнинг ташаббуси билан бу борадаги турғунликдан чиқиш вақти келди ва биз мазкур ГЭС мисолида бунга ишонч ҳосил қилиб турибмиз. Учқўрғон ҳудудидан катта-кичик 8 та дарё ва каналлар ўтган, уларда ўнлаб шундай лойиҳаларни амалга оширамиз ва беминнат, ёқилғи, ёнилғи талаб қилмайдиган энергетика манбалари ҳисобига вилоятимизни янада обод ва фаровон қиламиз.

Ҳар бири 6 МВт, умумий қуввати 12 МВтга тенг қувватга эга иккита кичик ГЭСдан иборат каскад Катта Фарғона каналининг ПК 142 то ПК 184 ҳудудида барпо этилди. Иншоот йилига 72,89 миллион кВт.соат электр токи ишлаб чиқаради. Бу эса Учқўрғон туманидаги 48 минг хонадонни узлуксиз экологик тоза ва қайта тикланувчи электр энергияси билан таъминлаш имконини беради.

photo5260736756486090014.jpg

Техник-иқтисодий асослари “Гидропроект” АЖ томонидан ишлаб чиқилган лойиҳанинг умумий қиймати 31 миллион доллар бўлиб, шундан 22,3 миллион доллари “Ўзгидроэнерго”, қолган қисми эса Хитой Халқ Республикасининг “Эксимбанк”и томонидан молиялаштирилди. 

Кичик ГЭСлар каскадининг 2017 йил июнь ойида бош пудратчи “Tо‘palang hpd building” унитар корхонаси томонидан бошланган қурилиш ишлари жараёнида нисбатан жуда қисқа вақт ичида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Шунингдек, монтаж ва созлаш ишларида “Андижон ГЭС”, “Фарғона автомат расчет”, “Махсус Гидро Энерго Монтаж”, “Андижон Гидро Энерго Монтаж”, “Эсан”, “Ўзбекгидроэнергоқурилиш” корхоналари иштирок этди.

Жараёнга жалб этилган 52 та махсус ва йирик техника воситалари ёрдамида 793 минг м3 тупроқ, 57,6 минг м3 бетон ишлари бажарилди. Иншоот қурилишига 1 минг 776 тонна арматура, 20,4 тонна композит арматура, 293 тонна металл конструкция сарфланди. 

photo5260736756486090016.jpg

Кичик ГЭСларга “Junda”, “Huaxin” “TBEA”, ”Hanzhong”, “TBEA”, ”PEARL”, “Pinggao”, “Sieyuan”, “Arteche”, ”Sieyuan”, “Jinguan”, ”Fushun” сингари дунё компаниялари томонидан ишлаб чиқилган механик ва электротехник асбоб-ускуналар ўрнатилди. ГЭСнинг энг муҳим элементи бўлган 4 та гидротурбина “Dongfang Electric Corporation” компанияси томонидан тайёрлаб берилди.

– Бугунги кунда кунига 140 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқарилиб, истеъмолчиларга етказиб берилмоқда, – дейди Катта Фарғона канали Кичик ГЭСлар каскади унитар корхонаси директори А.Камолов. – Бу умумий қувватнинг 50 фоизини ташкил қилади. Қорадарёнинг Куйганёр плотинасида олиб борилаётган реконструкция ишлари муносабати билан каскад ҳозирча ярим қувват билан ишлаб турибди. Реконструкция ишлар тугаллангач, лойиҳа бўйича тўлиқ қувват билан ишлашга ўтилади.

photo5260736756486090015.jpg

2 375
Акрамжон САТТОРОВ, Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА