ЎзА Ўзбек

17.07.2018 21:06 Чоп этиш версияси

Киберхавфсизлик бўйича семинар

Киберхавфсизлик бўйича семинар Пойтахтимиздаги «Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонасида ташкил этилган ахборот хавфсизлиги ва кибержиноятчиликка қарши кураш масалаларига бағишланган амалий семинарда мамлакатимиздаги етмишдан ортиқ корхона ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Тадбир мамлакатимиздаги “Nihol” компаниялар гуруҳи, аппарат ва дастурий таъминот ишлаб чиқариш, етказиб бериш, ахборот технологиялари ҳамда консалтинг хизматлари кўрсатиш бўйича дунёдаги йирик компаниялардан бири бўлган Американинг “IBM” компанияси ҳамда “МУК” компаниялар гуруҳи ҳамкорлигида ташкил этилди.

Семинардан кўзланган асосий мақсад юртимиз корхоналари ва давлат ташкилотлари киберхавфсизлигини таъминловчи маҳаллий IT-мутахассислар ўртасида кибертаҳдидларга қарши кураш ва дастурий таъминотнинг зарарли турлари пайдо бўлишига оид энг янги тенденциялар тўғрисида ахборот тарқатишдан иборатдир.

Амалий семинарнинг очилишида сўзга чиққан “IBM” компаниясининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Ўктам Иргашев ва “Nihol” компанияси гуруҳи директор ўринбосари Елена Роман, бугунги кунда ахборот тизимларини ҳимоялаш масалалари Ўзбекистон идоралари фаолиятининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Ахборот хавфсизлигини таъминловчи тузилмалар ишини тўғри режалаштириш ва ташкил қилиш нафақат ҳозир, балки келажакда ҳам ҳар қандай корхона муваффақиятли фаолиятининг ажралмас таркибий қисми ҳисобланади. Ўзбекистон IT-бозорида кўплаб замонавий кибертаҳдидлардан юқори даражада ҳимояланиш имкониятини берувчи ахборот хавфсизлиги соҳасидаги энг илғор технология ва ечимлар намойиш этилган.

Семинар дастури икки қисмга ажратилди. Дастлаб иштирокчилар йирик хорижий компаниялар томонидан қўлланилаётган хакерлар ҳужумларига қарши таъсир кўрсатувчи сўнгги кибертаҳдидлар ва услублар тўғрисида маълумотга эга бўлди. “Nihol” ва “IBM” компанияси мутахассислари Ўзбекистонда киберхавфсизлик таҳлили, маълумотлар базаси хавфсизлигида хавфсизлик ва тежамкорликни таъминлаш, инфратузилмани муҳофаза қиладиган когнитив технологияларга оид маърузаларини тақдим этди.

– Ахборот хавфсизлиги соҳасидаги замонавий тенденциялар ҳақида сўз борганда, кибержиноятчилар томонидан машиналаштирилган ўқитиш ва сунъий интеллектдан фаол равишда фойдаланиш, товламачи-вирусларнинг ривожланиши, “IoT” синфига доир мосламалар заиф қисмларидан фойдаланиш кўзда тутилади, – дейди “Nihol” компаниясининг инновацион ривожланиш бўлими бошлиғи Сергей Рабаев. – Дунё амалиётида тўлов маълумотларига эга фирибгарлик схемалари ҳамда мобиль иловаларга қаратилган ҳужумларнинг сезиларли даражада ошгани кузатилди. Жорий йил бошида серверлар ва компьютер тўпламлари бўйича етакчи ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари орасида “Meltdown”, “Spectre” апппаратларининг заифлиги аниқланди.

Семинар қатнашчилари олган назарий билимларни амалда синаб кўриш мақсадида киберҳужум симуляцияси ташкил этилди. Маҳаллий компания ва давлат ташкилотларининг ахборот технологиялари бўйича мутахассисларига унинг ечимини топиш, сўнгра ҳодисани таҳлил қилиб, келажакда бу каби муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш вазифаси юклатилди.

Семинар доирасида ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги энг янги ишланмалар намойиш этилди.

Роман Бондарчук, ЎзА
7 968