Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.11.2017 19:05 Чоп этиш версияси

Хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини ривожлантириш йўлида

Пойтахтимизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ҳамкорлигида “Мамлакатимиз замонавий тиббиёти ривожида хусусий секторнинг роли” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторнинг роли оширилаётгани, тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатилаётган хизмат турлари янада кенгайтирилаётгани, хусусий тиббиёт муассасаларининг кенг тармоғи шаклланиб, аҳолига сифатли хизмат кўрсатилаётгани таъкидланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, соғлиқни сақлаш тизимидаги хусусий сектор вакилларини қўллаб-қувватлаш, хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини тартибга солиш ва лицензиялаш тизими яратилди. Мамлакатимизнинг олис ҳудудларида тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида ташкил этиладиган янги микрофирмалар ва кичик корхоналар давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб ўн йил муддатга ягона солиқ тўловидан озод этилиши белгиланган. Бу хусусий сектор вакилларининг самарали фаолият юритиши учун кенг имкониятлар яратмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида хусусий тиббий ташкилотлар сони беш юздан ошиб, мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Иштирокчилар малакали мутахассислар тайёрлаш, тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш, соғлиқни сақлаш хусусий секторини ягона ахборот-коммуникация тизимига интеграциялашнинг муҳимлигини қайд этди. Шу боис давлатимиз раҳбарининг "Хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш тўғрисида"ги қарори лойиҳаси тайёрланаётгани таъкидланди.

Соҳада хусусий секторга давлат молия ресурсларини ажратиш самарадорлигини ошириш, хусусий тиббий муассасаларни қуриш учун ер майдони ажратиш, нодавлат тиббий муассасаларни замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш, сармоявий лойиҳалар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, хориж сармоядорларини хусусий тиббиёт соҳасига кенг жалб этиш, айрим тиббий ихтисосликларни аутсорсинг шартномаси асосида хусусий тиббий ташкилотларга бериш каби қатор тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тадбир доирасида нодавлат тиббиёт масканларининг бугунги ҳолати ва истиқболига оид турли масалалар кўриб чиқилди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА
3 583






Все о погоде - Pogoda.uz