Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.04.2018 20:16 Чоп этиш версияси

Хусусий сектор улуши кенгаймоқда

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, жумладан, тиббий хизмат кўрсатишда хусусий тармоқ фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Бугунги кунда Навоий вилоятида 132 хусусий тиббиёт муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Ушбу шифохоналарнинг аксариятида амбулатор шароитида ҳамда кундузги даволаш хизматлари ташкил этилган. Хусусий шифо масканлари учун рухсат этилган ихтисосликларнинг 41 тури бўйича аҳолига тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

– Соҳани янада ривожлантириш мақсадида “Асака банк” акциядорлик тижорат банки ҳузурида ташкил этилган Нодавлат тиббиёт муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 1 миллион АҚШ доллари миқдорида фоизсиз имтиёзли кредит 10 тадбиркорлик субъектига тақсимлаб берилди, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Ёдгор Абдуалимов. – Ушбу маблағ эвазига хорижда ишлаб чиқарилган замонавий МРТ (магнитли-резонансли томография), рақамли рентген, УТТ (ультратовушли текшириш аппарати), клиник лаборатория анализаторлари, эндоскопия, жарроҳлик асбоб-ускуналари келтирилди.

“Tibtexnika” масъулияти чекланган жамияти тиббиёт муассасаларини зарур жиҳоз ва асбоб-ускуналар билан таъминлайди. Жорий йилда жамият таркибида “Nav Med” диагностика маркази ишга туширилди. Марказга 380 минг долларлик замонавий магнитли-резонансли томограф ускунаси ўрнатилди.

– Марказ фаолиятини йўлга қўйиш учун қиймати 5 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилди, – дейди “Tibtexnika” МЧЖ раҳбари Шавкат Шарипов. – Бунда шахсий сармоямиздан ташқари Нодавлат тиббиёт муассасаларини ривожлантириш жамғармасининг имтиёзли маблағи ҳисобидан 3 миллиард сўм сарфланди. Марказда 12 мутахассис иш билан таъминланди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
7 100