ЎзА Ўзбек

09.07.2018 18:07 Чоп этиш версияси

Хусусий сектор улуши кенгаймоқда

Навоий вилоятида хусусий тиббиёт муассасалари сони жорий йилда 13 тага ортиб, 133 тага етди. Уларнинг 124 таси амбулатор ва 9 таси стационар шароитда аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини қўллаб-қувватлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлаётир.

Қарорга мувофиқ, хусусий клиникаларга давлат томонидан қатор молиявий имтиёзлар белгиланди. Хусусан, 2022 йилнинг 1 январига қадар барча турдаги солиқ ва мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этилди. Бундан ташқари, лицензия олиш учун берилган аризани кўриб чиқиш муддати 30 кундан 20 кунга қисқартирилди, лицензия олиш учун тўланадиган давлат божи энг кам иш ҳақининг 10 баробаридан 5 баробаригача камайтирилди.

Навоий шаҳридаги “Med Expert” хусусий клиникаси аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатаётган муассасалардан бири.

– Банкдан олинган 1 миллиард сўм кредит эвазига муассасамиз жойлашган бинони мукаммал таъмирлаб, хориждан замонавий тиббий жиҳозлар келтириб ўрнатдик, – дейди клиника раҳбари М.Эргашева. – Юмшоқ тўқималардаги саратон касаллигини эрта аниқлайдиган замонавий тиббий ускуна ҳам амалиётда қўлланилмоқда. Шифохонамиз фаолият бошлаши билан 25 кишининг бандлиги таъминланди.

Юртимизда малакали тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, касалликлар профилактикаси, скрининг хизматларини намунали йўлга қўйиш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга доир кенг кўламли ишлар замирида халқимизни ҳаётдан рози қилишдек эзгу мақсад мужассам.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
9 659