ЎзА Ўзбек

18.09.2020 Чоп этиш версияси

Хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш – муҳим масала

Хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш – муҳим масала

Тошкент давлат юридик университети ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикасида хусусий мулкни ҳимоя қилишни такомиллаштириш: қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти муаммолари” мавзусида республика илмий-амалий конференция ўтказилди.

“ZOOM” платформаси орқали ташкил этилган онлайн анжуманда давлат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари, турли илмий марказлар ва суд-ҳуқуқ тизими мутахассислари, профессор-ўқитувчилар ва мустақил тадқиқотчилар иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, бунда юридик фан билан амалиётнинг узвийлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Унда сўз олганлар хусусий мулк, уни ҳимоя қилиш асослари, мулк дахлсизлигини таъминлашда учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари хусусида тўхталиб ўтди.

Қайд этилганидек, хусусий мулкни ҳар қандай тажовуз ва таҳдидлардан сақлаш, бу борадаги суд амалиётини янада такомиллаштириш соҳа мутасаддилари олдида турган долзарб вазифалардан ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар соҳада учраётган муаммоларни бартараф этишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Бироқ мулкдор ҳуқуқларини чеклаш, мол-мулкни, хусусан, ер участкаларини давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйиш билан боғлиқ муаммолар кундалик ҳаётда учраб турибди.

– Ҳозирги кунда хусусий мулкни ҳимоя қилиш соҳасидаги амалга оширилган ислоҳотлар ва кўрилаётган чораларга қарамасдан ўзбошимчалик билан хусусий мулк ҳуқуқини поймол қилиш, айрим мансабдор шахсларнинг адолатсиз ва асоссиз важлар билан кўчмас мол-мулкни бузиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда, — дейди ТДЮУ ректори Раҳимжон Ҳакимов. 

— Шунинг учун қонунчилик ва ҳуқуқ қўллаш амалиётидаги хусусий мулкни ҳимоя қилиш билан боғлиқ мазкур муаммоли вазиятлар ва бўшлиқларни бартараф этиш йўлларини ишлаб чиқиш ва қонунчиликни такомиллаштириш лозим. Бугунги илмий-амалий анжуман орқали ҳуқуқшунос олимлар, тадқиқотчилари ва амалиётчи мутахассисларнинг соҳадаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан зарур таклиф ва тавсияларини жамлаб, уларни амалиётга тадбиқ этишни режалаштирганмиз.

Эслатиб ўтамиз, конференцияда жамланган тавсия ва таклифлар асосида Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдор ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги қонунни такомиллаштириш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига тақдим этилади.

ТДЮУ Жамоатчилик ва
ОАВ билан алоқалар бўлими

2 008
ЎзА