ЎзА Ўзбек

06.08.2020 Чоп этиш версияси

Хусусий клиникалар ўзлари олиб келган тест нархини мустақил белгилайди

Хусусий клиникалар ўзлари олиб келган тест нархини мустақил белгилайди

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассиси, коронавирусга қарши штаб аъзоси Наргиза Нуриллаева айтди.

– COVID-19 антитаначаларини аниқлаш учун аҳоли орасида тестлар ўтказилиши кенг йўлга қўйилган, – деди Н.Нуруллаева. – Аммо хусусий клиникаларда коронавирусни аниқлаш мақсадида топшириладиган тест учун белгиланган нархлар кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлмоқда. Касалланиш ҳолати кескин ошган. Аҳолидан ёппасига тест олишни имкони йўқ. Бунинг учун маҳаллий тадбиркорлар ёрдамига суянишга мажбурмиз. Аммо таъкидлаш лозимки, хусусий клиникалар олиб келадиган тестларни ўзлари сотиб олади ва шундан келиб чикиб нархларни ҳам ўзлари белгилайди.

Бугунги кунда тест топширмасдан ҳам ўзларида коронавируснинг клиник белгиларини кузатаётган беморларимиз кўп. Кўпчиликда симптомлар мавжуд бўлмаса хам инфекцияни юқтирган бўлиши мумкин.

Уларда мазкур касаллик гарчи енгил ўтаётган бўлсада, белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий амал қилиш сўралади. Унутманг, коронавирусга чалинган беморлар ҳарорати 30-37 даражали суюқликларни мунтазам ичиши мумкин. Лекин беморда иситма 38 даража ва ундан юқори бўладиган бўлса, иссиқ ичимлик ва суюқликларни ичиш мумкин эмас. Овқатлар иссиқлиги ҳам 37-40 даража бўлиш керак.

Коронавирус фонида бошқа ҳамроҳ касалликлар каби сурункали буйрак касалликлари ҳам авж олади. Шу ҳолатларда кўпрок COVID-19 оғир кечишида буйрак шикастланиши кузатилиш мумкин. Буйрак патологияси билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш мақсадида шифокор томонидан тегишли лаборатор кўрсаткичлар назорат қилинади. Масалан, умумий сийдик анализи, креатинин миқдори, коптокчалар фильтрацияси кабилар.

3 113
Муҳайё Тошқораева, ЎзА