ЎзА Ўзбек

18.09.2020 Чоп этиш версияси

ХТВ сохта дарслик юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазаларга муносабат билдирди

ХТВ сохта дарслик юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазаларга муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда 4-синф математика дарслигининг сохта нусхаси тарқалмоқда. 

Ушбу дарслик жамоатчиликнинг баҳс-мунозараларига сабаб бўлмоқда. Ушбу масала юзасидан Республика таълим маркази муносабат билдирди.

Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази ижтимоий тармоқларда 4-синф математика дарслиги дея тарқатилаётган турли фикр ва скриншотлар юзасидан текширишлар ўтказди.

Мазкур дарслик дастлаб 2011 йилда чоп этилган бўлиб, услубий ғализликлар туфайли жамоатчилик томонидан кўп маротаба эътирозларга сабаб бўлган эди.

Бироқ бу хато ва камчиликлар йиллар давомида бартараф қилинмаган.

Жорий йилда дарслик етакчи экспертлар иштирокида таҳлил қилиниб, мутахассислар ва кенг жамоатчиликдан @дарсликка_таклиф_бот каналига келиб тушган таклифлар асосида нашрга қайта тайёрланди.

Айни пайтда дарсликнинг ўзбек тилидаги оригинал макетини ўрнатилган тартибда тасдиқлаш ишлари давом этмоқда.

Яъни 4-синф математика дарслиги ҳали бошқа тилларга таржима қилинмаган.

Хусусан, дарсликнинг ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган сохта нусхаларда акс этган рус тилидаги макети ҳали тайёрланмаган.

Республика таълим маркази дарсликларда кузатиладиган хато ва камчиликлар, уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар @дарсликка_таклиф_бот орқали қабул қилинишини эслатган ҳолда, жамоатчиликдан дарсликларга нисбатан уюштирилаётган мақсадли ахборот хуружларига ишониш ва уларни тарқатишдан аввал, бу маълумотларга нисбатан танқидий ёндашишни сўрайди.

2 330
ЎзА