ЎзА Ўзбек

28.08.2018 20:22 Чоп этиш версияси

Хотира – абадий, қадр – муқаддас

Хотира – абадий, қадр – муқаддас
Қарши давлат университети тузилмасида “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи ташкил этилди. 

Эл-юртимиз озодлиги, эркинлиги ва мустақиллиги учун олиб борилган кўп йиллик машаққатли курашларни ҳаққоний ва тўлақонли акс эттириш, мустабид тузум давридаги оммавий қатағонлар туфайли қурбон бўлган, инсонийлик шаъни, қадр-қиммати топталган ватандошларимизнинг хотирасини абадийлаштириш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини кучайтириш мақсадида ташкил этилган музейда ватандошларимиз тўғрисидаги маълумотлар, суратлар, буюмлар жамланган бўлиб, улар тарихнинг юракни ларзага келтирувчи қора кунларини ёдга солади.

3-faqat saytga.jpg

– Музей Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва ҳудудлардаги олий таълим муассасалари тузилмасида Қатағон қурбонлари хотираси музейларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди, – дейди музей директори Дилнавоз Раҳматова. – Бу музей ёш авлоднинг тарихни, бугунги тинч-осуда кунларга осонликча етиб келмаганимизни англаб етишига хизмат қилади. Илмий изланишларим давомида амин бўлдимки, қатағон қилинганлар арзимаган сабаблар билан қурбон қилинган, оила аъзолари қийноққа солинган, ҳатто бутун оила аъзоси билан сургун қилиб юборилган. Масалан, вилоятимизда Тоғай бахши исмли киши “Меккам чол” ва “Алпомиш” достонларини айтгани учун 12 йилга оила аъзолари билан Сибирга сургун қилинган. Ўша совуқ ўлкаларда 7 фарзандининг 4 нафаридан айрилган. Бегуноҳ норасидаларда нима айб?... Бундай мисолларни кўплаб санаш мумкин. Ҳозирда музейимизда ана шу йўлда қурбон бўлган 200 нафарга яқин юртдошимиз ҳақида маълумотлар, суратлар мавжуд. Келажакда бу йўналишдаги ҳаракатлар кенг миқёсда давом эттирилади.

8.jpg

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА
2 831