ЎзА Ўзбек

06.03.2019 12:13 Чоп этиш версияси

Хотинини бўғиб ўлдирган шахс 10 йилга қамалди

Хотинини бўғиб ўлдирган шахс 10 йилга қамалди

2019 йилнинг 26 февралида жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судида турмуш ўртоғини қасддан ўлдирган судланувчи И.Олимовга (исм-фамилиялар ўзгартирилган) нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.

Судланувчи И.Олимов турмуш ўртоғи (марҳума) К.Амирова билан ўрталарида 2017 йил 23 август куни, 2018 йил 26 апрель куни бўлиб ўтган оилавий жанжаллар оқибатида маҳалла фуқаролар йиғини, шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси ва профилактика инспектори томонидан бир неча бор муҳокама қилиниб, огоҳлантирилгани ва маъмурий суд томонидан тегишли жазо чоралари қўлланилганига қарамасдан, ўрталарида давом этиб келаётган жанжал, рашк, яқин қариндошларини ҳақоратлаш, оилавий низо ва бошқа арзимас сабаблар туфайли келишмовчиликлар давом этиб келган.

И.Олимов 2018 йил 14 ноябрь куни соат 14:30ларда Зарафшон шаҳри, 2-кичик туманида турмуш ўртоғи К.Амирова билан мол-мулкни бўлиш, никоҳни бекор қилиш, алимент ва ўзаро бир-бирларининг яқин қариндошларини қўпол сўзлар билан ҳақоратлаш билан жанжаллашган. Оқибатда И.Олимов маст ҳолатда турмуш ўртоғини бўғиб, қасддан ўлдирган.

Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, марҳуманинг ўлимига бўйин аъзоларининг қўл бармоқлари билан қисилиши натижасида юзага келган механик асфиксия сабаб бўлган.

Судланувчи И.Олимов судда айбига иқрорлик билдириб, ўрталарида уч нафар фарзанди борлигини, хотини у топиб келган пулларга қаноат қилмасдан жанжал чиқарганлигини, у маҳалла фаоллари, ички ишлар ходимлари ва шаҳар хотин-қизлар қўмитасидан доимий равишда оиласини сақлаб қолишга ёрдам сўраганлигини, лекин унга ҳеч ким ёрдам бермаганлигини, қилмишига чин кўнгилдан пушаймонлигини инобатга олиб, унга нисбатан қонуний енгиллик бериш тўғрисида кўрсатув берди.

Афсуски, судланувчи қанча ялинмасин, энди унинг турмуш ўртоғини ҳаётга қайтариб бўлмайди. Содир этилган жиноят эса жазосиз қолмайди.

Якунда суд судланувчи И.Олимовни қасддан одам ўлдириш жинояти билан айбдор деб топиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.

Д.Хонбўтаева, Жиноят ишлари бўйича
Зарафшон шаҳар суди раиси​​

ЎзА
2 151