ЎзА Ўзбек

14.08.2020 Чоп этиш версияси

Хотин-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳаларига 100 млрд сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилади

Хотин-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳаларига 100 млрд сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилади

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ўтказилган «Пандемия шароитида аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган зарур чора-тадбирлар» мавзусидаги матбуот анжуманида хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий ишларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Келтирилган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги Фармони асосида тасдиқланган “2021—2027 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури”да белгилаб берилганидек, ҳозирги кунга қадар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан уй-жойга муҳтож жами 1463 нафар хотин-қизлар рўйхати шакллантирилди.

Тадбиркорликка қизиқиши бор 4 404 нафар хотин-қизлар ўрнатилган тартибда тадбиркорлик соҳаларига жалб этилди. 426 нафар хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишни рағбатлантириш мақсадида банклар томонидан жами 58 млрд. сўмдан ортиқ кредитлар ажратилишига кўмаклашилди. 13 922 нафар хотин-қизлар касбга ўқитиш марказларида касбга тайёрланди, қайта тайёрланди ва малакаси оширилди.

Йил сўнггига қадар 5 минг 500 нафар хотин-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳаларига Хотин-қизларни ва оилаларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан 100 млрд сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилади.

Тошкент шаҳри, Тошкент, Самарқанд, Фарғона вилоятларида 10 та вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш марказларида аёлларнинг ижтимоий муҳофазасини ҳамда меҳнат ҳуқуқлари таъминлаш мақсадида 100 нафар аёллар учун махсус ўқув-тренинглар ташкил этилади.

«Темир дафтар»га киритилган ҳар бир маҳалладан 5 нафардан иборат 33 380 нафар хотин-қизларни ҳаётга руҳлантириш, мотивация бериш ва касбга ўргатиш бўйича қисқа ўқув курсларини ташкил этилади. Ҳомийлар ҳисобидан 37 та чегарадош маҳаллада хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида ушбу маҳаллалар қошида енгил конструкцияли ишлаб чиқариш цехларини ташкил этиш орқали 74 минг нафар хотин-қизларни бандлигини таъминланади.

2 608
ЎзА