Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.02.2018 16:26 Чоп этиш версияси

Хотин-қизларга кўрсатилаётган юксак эътиборнинг ёрқин намунаси саналган ҳужжат

Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини ўқир эканман, хотин-қизлар ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ мавжуд ҳаётий муаммолар шу қадар аниқ-тиниқ кўрсатиб ўтилгани, уларни бартараф этиш юзасидан зарур амалий таклифлар белгиланганидан, очиғи, ғоят хурсанд бўлдим. Зеро, ушбу ҳужжат мамлакатимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.

Андижон вилоятида кўп йиллар мазкур соҳада фаолият юритган раҳбар сифатида айта оламанки, қарорда узоқ йиллардан буён тизимда мавжуд бўлган, соҳа ходимларининг эркин иш олиб боришига тўсқинлик қилаётган, уларнинг қўлини боғлаб қўйган ва оғриқли нуқтага айланган жуда кўп муаммолар ўз ечимини топган. Хусусан, қўмита ваколатлари, иқтисодий ва молиявий имкониятлари кенгайтирилгани хотин-қизлар қўмиталарининг мавжуд муаммоларни бартараф этиш, иш самарадорлигини ошириш ва кутилган натижаларга эришишда муҳим аҳамият касб этади.

Фармонга кўра, 2018 йил 1 апрелдан фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига ҳар бир фуқаролар йиғинида 1 тадан, оилалар сони 2000 ва ундан ортиқ бўлган фуқаролар йиғинларида эса 2 тадан хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилиши маҳаллаларда опа-сингилларимиз билан бевосита иш олиб бориш, жойларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларни ўз вақтида аниқлаш, улар билан якка тартибда тизимли ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган иш олиб бориш, манзилли қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар кўлами ва самарадорлигини янада оширади.

Мухтасар айтганда, мазкур фармонни муҳим тарихий ҳужжат, дейиш мумкин. Чунки ушбу ҳужжат мазмун-моҳияти ва аҳамиятига кўра, хотин-қизлар қўмиталари фаолиятини самарали ташкил этиш, умуман, хотин-қизлар билан олиб борилаётган ишларни янада юқори босқичга кўтариш, опа-сингилларимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, бахтли ва ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Манзурахон Эгамова,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими,
меҳнат фахрийси.

ЎзА
10 383