ЎзА Ўзбек

11.09.2019 Чоп этиш версияси

Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қонунларнинг ўзи етарлими?

Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қонунларнинг ўзи етарлими?

Бу сизга нотаниш эмас: ён-атрофингизда қайсидир аёл ҳақ ёки ноҳақ таҳқирланаяпти, яна қай биридир тазйиққа, зўравонликка дуч келмоқда. Натижада шаън, қадр-қиммат топталаяпти, ҳуқуқлар поймол этилаяпти. Эҳтимол, ҳаётимизда, жамиятимизда бу ҳолатлар кўп эмасдир, аммо кузатилаётгани бор гап. Бундай вазиятлардан хотин-қизларни ҳимоя қилиш учун қонунларнинг ўзи етарлими?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси ҳамда Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия томонидан “Аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлашда парламент назоратини ўрнатиш масалалари” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида шу ҳақда сўз борди.

Таъкидланганидек, шу ойнинг ўзида мамлакатимиз, айниқса, опа-сингилларимиз ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлган иккита муҳим ҳужжат – “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Бу билан аёлларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларининг ҳуқуқий ҳимояси кучайтирилди, қонуний кафолатлари мустаҳкамланди. Аммо олдимизда энг асосий вазифа турибди. У ҳам бўлса, мазкур қонунларнинг устуворлигини таъминлаш. Бунда парламент ва жамоатчилик назорати ниҳоятда муҳим.

Тадбирда ушбу йўналишда таъсирчан парламент назоратини амалга оширишда эътибор қаратиш зарур бўлган масалаларга алоҳида урғу берилди.

– Ҳозирги вақтда аёлларга нисбатан зўравонлик фақат эркаклар томонидан содир этилмаяпти, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия раиси Дилором Файзиева. – Бундай хунук ҳолатлар опа-сингил, қайнона-келин муносабатларида ҳам учраяпти ва бу жуда ачинарли. Бундай вазиятга қарши қандай чора кўриш керак? Зўравонлик ёки тазйиқдан жабрланган хотин-қизларни ижтимоий реабилитация марказларига йўналтиришда қандай муаммолар бор? Шу каби масалаларнинг қонуний ечимларини такомиллаштиришимиз зарур.

Ички ишлар вазирлигининг Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи, полковник Умида Абдуллаеванинг таъкидлашича, айни пайтда аёллар асосан маиший сабабларга кўра зўравонлик ва тазйиққа дуч келаяпти. Уларга тиббий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий ҳимоя қилиш, иш билан таъминлаш бўйича ишлар самарали йўлга қўйилган. Аммо бундай жабрдийдаларга руҳий далда, маънавий кўмак ҳам ниҳоятда зарур. Шу боис улар билан профессионал психологлар ишлашини кучайтириш лозим.

– Ўрганишларимизга кўра, эндигина турмушга чиққан ёки ёш болали опа-сингилларимизнинг аксарияти гарчи олий маълумотли бўлса ҳам ишга жойлаша олмаяпти, – деди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгашининг Ёш оилалар билан ишлаш бўлими мудири Гулчеҳра Ашурова. – Негаки, иш берувчи бундай оилавий шароитдаги кадрни ишга олишни истамаяпти. Ёки ишловчи аёл ходимларнинг ҳам меҳнат ҳуқуқлари поймол этилиши ҳолатлари кузатилаяпти. Биз ана шундай муаммолар, камчиликларни бартараф этиш учун парламент кўмагига муҳтожмиз.

Давра суҳбатида оилавий низоларни бартараф этишда маҳаллалардаги яраштирув комиссиялари дуч келаётган тўсиқларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилишича, кўп ҳолатларда яраштирув комиссияларининг оилавий келишмовчиликларни ҳал этишга кўмаклашишига айрим фуқаролар эътироз билдираяпти. Буни оиланинг шахсий иши сифатида қараш ёки оиладаги вазиятдан атрофдагиларнинг бохабар бўлишини истамаслик асосий сабаб бўлаяпти.

– Бизнингча, айнан мана шундай ҳолатларда оилавий медиация зарур, – деди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Оила" илмий-амалий тадқиқот марказининг ҳуқуқий масалалар бўйича эксперти Шаҳзода Пўлатова. – Сабаби, мазкур институт ўз фаолиятида махфийлик, ихтиёрийлик тамойилларига амал қилади. Яъни, оила вакиллари ўзаро низоли вазиятда муросага келиши учун бу хизматдан ўз розиликлари билан, ихтиёрий тарзда фойдаланиши мумкин. Оилавий муносабатларга тааллуқли барча маълумотлар эса ошкор этилишига йўл қўйилмайди. Бу оилавий можароларнинг судгача етиб бормаслигини таъминлаши билан ҳам аҳамиятлидир.
Мулоқотлар давомида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси борасида юзага келаётган муаммолар, камчиликларнинг сабаб ва оқибатларини илмий ёндашувлар асосида таҳлил этиш лозимлиги илгари сурилди.

3 722
Феруза МИРЗАКОМИЛОВА, ЎзА